Ўзбекистон | 09:26 / 15.03.2020
20363
13 дақиқада ўқилади

Биологик деҳқончилик ва унинг Ўзбекистондаги истиқболи қандай — мутахассис фикри

Фото: KUN.UZ

ЎзФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда биологик деҳқончилик аҳамияти ҳақида гапириб, бу борада ўз фикрларини айтиб ўтди. Олимнинг қарашларига кўра, биологик деҳқончиликка ўтиш учун қатор сабаблар бор ва бугунги кунда долзарб бўлиб турибди.

«Қишлоқ хўжалик экинларини зарарли микроорганизмлардан ҳимоя қилишнинг кимёвий ечими йўқ»

Биологик деҳқончилик нима?

Биологик деҳқончилик ноанъанавий деҳқончилик ҳисобланиб, унда айрим организмлар, жумладан, микроорганизмларнинг биологик хусусиятлари ва улар ҳосил қиладиган табиий бирикмаларни деҳқончиликда қўллаш тушунилади.

Микроорганизмлар жуда кўплаб хусусиятларга эга. Жумладан, ўсимликларни энг муҳим ҳисобланган азот ёки фосфор билан таъминлаш қобилияти мавжуд. Ўсимлик илдизларида ҳаводаги молекуляр азотни биологик азот (биоазот)га айлантириб бера оладиган жуда кўплаб бактериялар яшайди. Улар умумий ном билан азот ўзлаштирувчи бактериялар деб номланади. Тупроқда бу бактериялар қанчалик кўп бўлса тупроқ шунчалик унумдор, ҳосилдорлик шунчалик юқори бўлади.

Хорижда бу бактериялар асосида тайёрланган кўплаб биоўғитлар кенг қўлланилади. Масалан, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, АҚШ ёки Европа давлатларида азот ўзлаштирувчи бактериялар асосидаги биоўғитлар узоқ йиллардан бери ишлатилади. Биргина Хитой тажрибасини олайлик. Хитойнинг айрим ҳудудларида пахтадан гектарига ўртача 70-80 центнер ҳосил олинади. Сабабларига тўхталсак, биринчидан, зич экилади, иккинчидан, минерал ўғитлар билан бир қаторда биоўғитлар кўп қўлланилади.

Пахта етиштирадиган АҚШ, Миср ёки Австралияда ҳам биоўғитлар минерал ўғитлар билан биргаликда қўлланилади. Бангладеш, Ҳиндистон ёки Вьетнамда фермерлар фақат биоўғитлар ёрдамида ҳосил олишлари маълум.

Биологик ўғитларнинг афзал томони – уларнинг ўта арзонлиги, экологик муқобиллиги ва тез таъсир этишидир. Бундан ташқари, биоўғитлар минерал ўғитларнинг ўсимликка тез сингиши ёки ўзлашишига катта ёрдам беради. Тажрибадан маълум, NPKнинг 10-15 фоиз меъёри ва биоўғит суспензияси ёрдамида буғдой ёки пахтадан анъанавий усулга қараганда икки марта кўп ҳосил олиш мумкин.

Биоўғитларнинг яна бир афзал томони – улар тупроқларнинг биологик потенциали ва ҳолатини тиклайди. Бунинг сабаби оддий: асосан, тупроқ таркибидаги фойдали микроорганизмлардан тайёрланади. Худди ўша микроорганизмнинг бир ҳужайраси миллиард мартагача кўпайтирилиб, тупроқнинг ўзига қайтарилади. Тушуниш учун биргина мисол келтириш мумкин. Айтайлик, тупроқда азот ўзлаштирувчи битта ҳужайра бор. Ўша ҳужайра бир молекула азотни олиб ўсимликка беради. Биз эса худди ўша ҳужайрани миллиард марта кўпайтириб тупроққа қайтарамиз. Демак, ҳаводан миллиард молекула азот ўзлашиб биологик азотга айланади ва ўсимликка етказилади.

«Қишлоқ хўжалигимизда ҳалигача микроорганизмлар самараси англаб етилгани йўқ»

Қишлоқ хўжалигимиз ҳалигача ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишида микроорганизмларнинг ўрнини тўлиқ англаб етгани йўқ. Биз фақат ўсимлик-тупроқ тизимини кўрамиз. Хориж қишлоқ хўжалиги эса ўсимлик-микроорганизм-тупроқ тизимини йўлга қўйишни биринчи масала деб билади.

Сабаби аксарият озуқа моддалар ва табиий бирикмалар тупроқдан ўсимликка айнан микроорганизмлар орқали ёки уларнинг ҳаёт фаолияти туфайли ўсимликка етказилади. Микроорганизм ва ўсимлик бир бутунликда ишлайди, яшайди. Тупроқ микроорганизмлари ўсимлик илдизларида яшайди. Бир сўз билан айтилса, ўсимлик микроорганизмга макон, ватан ҳисобланади.

Микробиологияда бир жараён бор – хемотаксис. Бу дегани, микроорганизмлар органик бирикмалар томон ҳаракатланади. Ўсимлик илдизлари бундай бирикмаларга бой. Табиийки, тупроқ микроорганизмлари илдиз томон ҳаракатланади ва илдизда яшай бошлайди. Улар ўсимликнинг узоқ вақт яшашидан манфаатдор ҳисобланади. Шу боис, ўсимлик учун керакли барча бирикмаларни етказиб беради.

Бу ўзига хос мўъжизали жараён. Ўсимликка азот етишмаса ўзига хос усулда сигнал узатади ва азот ўзлаштирувчи бактериялар ишга тушади. Бирорта замбуруғ ўсимликка тушиб касаллантирса, яна белги беради, яна фойдали микроорганизмлар ишга тушиб, ўша замбуруғга қарши антибиотик ёки антифунгал бирикмалар ҳосил қилиб, ўсимликни даволайди. Фосфор етишмаса ҳам шу жараён... Қўйингки, ўсимлик кўп муаммоларини айнан микроорганизмлар, хусусан, фойдали бактериялар ёрдамида ҳал қилади. Биоўғитларнинг моҳияти ва ишлаш усули ҳам айнан шу жараёнларнинг инсон қўли билан яратилган вариантидир.

Фойдали бактерияларнинг шу хусусиятларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган қуйидаги турдаги биоўғитларни кўрсатишимиз мумкин.

Биоазот

Ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишида энг муҳим кимёвий омил - бу азот. Қишлоқ хўжалигида азот турли шаклларда қўлланилади: ҳам кимёвий, ҳам биологик. Хориж тажрибасида минерал азот ўрнини босадиган, биологик азот ҳосил қилувчи бактериялар ва уларнинг ноёб бирикмаларидан кенг фойдаланилади. Бундай бактериялар сирасига Azotobacter, Azospirillum, Rhizobium, Nostoc, Anabaena туркумига кирувчи турларни киритиш мумкин. Бу бактерияларнинг барчаси қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилади ва улар асосида турли биоўғитлар тайёрланган.

Ушбу бактерияларнинг афзал томони шундаки, минерал азотнинг ўрнини тўла босади, тупроқ унумдорлигини оширади ва ўсимликнинг ривожланишини 7-14 кунга тезлаштиради. Аслида, улар қанча кўп бўлса тупроқнинг балл бонитети шунчалик юқори бўлади. Ўзбекистон шароитида Azotobacter chroococcum бактерия турини тадқиқ этиб, унинг асосида қатор биоўғитлар яратганмиз.

Биофосфор

Бактерияларнинг яна ўзига хос хусусиятларидан бири тупроқларда эримай (ўсимликларга ўзлашмай) қолган фосфорли ўғитларни “эритиб”, ўсимликлар осон ўзлаштирадиган шаклларга айлантиради. Натижада, ўсимликнинг фосфорга бўлган талаби биологик йўл билан қондирилади. Нима учун эримайдиган фосфор? Сабаби, қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган фосфорли ўғитлар яхши эримайди, демак, ўғитлар таркибидаги фосфор ўсимликка ўзлашмайди.

Фосфор ўсимлик ривожланишидаги иккинчи муҳим кимёвий омил ҳисобланади. Азот бўлса-ю фосфор етишмаса ҳам кўзланган ҳосил бўлмаслиги илмий тасдиқланган ҳақиқат. Тупроқларда эримайдиган фосфорли ўғитларни осон ўзлашувчан шаклларга ўтказа оладиган бактерия турларидан фойдаланиш тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни бир неча баравар ошириши мумкин.

Биофунгицид

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида энг оғриқли масала экинларда турли касалликларнинг кескин авж олиб кетгани ҳисобланади. Қайси экин турини олманг, унда, албатта, вирусли ёки замбуруғли касаллик бор. Кўп экиладиган ғўза ёки буғдойнинг ўзида қанча касаллик! Масалан, ғўзанинг Fusarium oxysporum f.sp.vasinfectum, Verticillium dahliae ва Fusarium solani каби патоген замбуруғлар билан касалланиши натижасида чигит қадалиб чин барг ҳосил қилгунига қадар қуриб қоляпти.

Мана шу уч турдаги касаллик сабаб катта майдонларда чигит қайтадан экилмоқда. Fusarium oxysporum f.sp.vasinfectum баргда, Verticillium dahliae поя тўқималарида, Fusarium solani илдиз бўғзида ривожланиб, ғўзани икки барг чиқаришига улгурмай нобуд қилмоқда. Афсуски, биз бу замбуруғларнинг қайси турга мансублиги, физиологияси ва бошқа табиий хусусиятларини ўрганмай агрохимикатларни қўллаймиз. Ўша агрохимикат тўғри келадими-йўқми, фарқига бормаймиз. Бу касаллик, айниқса, Бухоро вилоятининг қатор туманлари, жумладан, Олот, Жондор, Ромитан каби туманларида жуда авж олиб кетган.

Яна бир парадокс. Бу замбуруғларга қарши турли фунгицидларни қўллаяпмиз. Лекин ҳозир бу замбуруғларнинг, айниқса, Fusarium oxysporum f.sp.vasinfectum’нинг шунақа популяциялари (авлодлари) ҳосил бўлганки, улар фунгицидлар таркибидаги таъсир этувчи моддани парчалай олиш хусусиятига эга.

Олдинги чиқишларимда ҳам айтганман. Илмий-тадқиқот ишларимизда ҳам кузатганмиз, микроорганизмлар пестицидларни парчалай олиши исботланган. Биз қанчалик фунгицидни кўп ишлатаверсак, бу замбуруғларнинг мослашувчанлиги ва агрессивлиги (ўсимликка нисбатан тажовузкорлиги) шунчалик ортиб бораверади.

Иккинчи муҳим жиҳат. Касаллик келтириб чиқарувчи патоген замбуруғларнинг аксарияти (буғдой зангидан бошқа) тупроқларда спора ҳолатида сақланади. Биз тупроқни замбуруғлардан тозалаш ўрнига, ўсимликка “илашиб” чиққан қисмига қарши курашамиз. Бу ўта нотўғри стратегия. Қандайдир чора-тадбирлар кўриб ҳосилнинг қанчадир қисмини сақлаб қолармиз, лекин потенциал хавф тупроқда қолаверади. Хавфнинг ўзини йўқотмас эканмиз, кейинги мавсумларнинг ҳосилини йўқотаверамиз.

Шу ўринда савол туғилиши табиий. Нега қишлоқ хўжалигида патоген микроорганизмлар – касалликлар кўпайиб кетди? Биз қишлоқ хўжалигида минерал ўғитларни ҳаддан ташқари кўп ишлатишимиз натижасида, айнан фойдали бактериялар учун тупроқларда сунъий стресс ҳолатини яратдик. Нега айнан бактериялар учун? Нега замбуруғлар учун эмас? Буни бактериялар ва замбуруғларнинг ҳужайра тузилиши асосида тушунтириш мумкин.

Бактериялар прокариотлар ҳисобланади, яъни уларнинг ҳужайраси содда тузилган, ҳужайра девори унчалик мустаҳкам эмас. Замбуруғлар эса, прокариотлар, бактерияларга қараганда анча мураккаб тузилишга, демак, ҳимоя тизимига эга. Минерал ўғитлар, аслида, шўрланган тупроқлардаги шўрга ўхшаб, туз! Улар ҳам сувда эриганда шўр стрессини ҳосил қилиши мумкин.

Айнан мана шу ҳолат натижасида тупроқларда бактериялар камайиб, замбуруғлар кўпайиб кетган, дейиш мумкин. Бактерияларнинг табиатдаги яна бир вазифаси – биологик назорат эди. Улар патоген замбуруғларнинг кўпайишига йўл қўймасди. Алмашлаб экишни эсланг. Нега шу усул қўлланарди? Биринчидан, азот ўзлаштирувчи бактерияларни кўпайтириш орқали тупроқ унумдорлигини ошириш, сўнг кўпайган бактериялар ёрдамида касалликларни камайтириш. Мана шу омиллар ҳисобига, қишлоқ хўжалигида замбуруғ табиатли касалликлар жуда кўпайиб кетди. Вирусли касалликлар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин.

Фитопатоген микроорганизмларга қарши курашнинг биологик ечими бор. Ўша замбуруғлар, айтайлик, Fusarium oxysporum f.sp.vasinfectum, Verticillium dahliae ёки Fusarium solani’нинг табиий кушандалари – антагонистлари бўлган бактериялар мавжуд. Масалан, Bacillus subtilis турига мансуб бактерияни олайлик. Бу бактерия аксарият замбуруғларнинг табиий кушандаси ҳисобланади ва шу бактерия штаммлари асосида кўплаб биопрепаратлар таклиф этилган.

Бундай биопрепаратларнинг қўлланиши қишлоқ хўжалигида фунгицидлар сарфини кескин камайтиради, рентабелликни оширади. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, қишлоқ хўжалигида рентабелликни кескин оширишда биологик деҳқончилик катта ёрдам бериши исботланган.

Қишлоқ хўжалик экинларини зарарли микроорганизмлардан ҳимоя қилишнинг кимёвий ечими йўқ! Яна энг ёмони – бу замбуруғлар ердаги ўсимликлардан дарахтларга кўча бошлади. Биринчи қаватдан иккинчи қаватга миграция бошланди. Натижада, кўп боғлар қуриб, бузиб ташланди. Бундай шароитда агрессив микроорганизмларга уларнинг табиий кушандалари билан қарши кураш ёрдамида муаммони ечиш мумкин. Ачинарлиси шундаки, қишлоқ хўжалик ходимларининг аксарияти кимёвий усулни ёқлайди ва қўлланаётган агрохимикатларнинг миқдорини йилдан йилга оширишни таклиф этади.

Биоинсектицид — қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалар ўрнида қўллаш мумкин

Турли ҳашаротлар билан қишлоқ хўжалик экинлари ва ҳосилнинг нобуд бўлиши долзарб муаммолардан ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳашаротларга қарши кураш учун турли-туман агрохимикатлар қўлланилади. Лекин ҳашаротларнинг ҳам табиий кушандаси бор – Bacillus thuriengensis бактерияси. Бу бактерия тури ҳашаротларнинг табиий қалқони – хитинни тешиш ёки уларга зарарли таъсир этувчи моддалар – токсинлар ҳосил қилиш хусусиятига эга. Bacillus thuriengensis бактерияси асосида биопрепаратлар таклиф этилган. Улардан қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалар ўрнида қўллаш мумкин.

Қишлоқ хўжалигида биологик деҳқончилик ишларини қўллаш, биринчидан, даромаднинг ошишига катта ёрдам беради. Чунки қиммат минерал ўғитлар, стимуляторлар ўрнига арзон биологик ўғитлар ёки биостимуляторлардан фойдаланиш мумкин. Иккинчидан, экологик тоза. Қишлоқ хўжалигида қўлланаётган минерал ўғитлар ва агрохимикатлар рўйхатига бир қарасак, тасаввуримиз яна кенгаяди.

Биологик деҳқончиликка ҳозир ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги илмий ишланмалар қўллаб-қувватланмоқда. Ана шундай ишланмаларимиздан бири “Биоазот” биоўғитини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3855-сонли Қарорига мувофиқ ишлаб чиқариш бошланди.

Келажакда бизда ҳам биологик деҳқончиликка ўтилишига шубҳам йўқ. Сабаби, иқтисодий ва экологик шароитлар бизни шунга мажбур қилмоқда.

Мавзуга оид