Жаҳон | 13:25 / 23.03.2020
139504
10 дақиқада ўқилади

Эрондаги вазият: Шифокорлар нима демоқда ва ҳукумат нимани яширмоқда?

​​​​​​​Хитойда пайдо бўлган коронавирусдан энг кўп қийналаётган давлатлардан бири Эрон бўлиб турибди. 21 март куни мамлакатда Наврўз байрамини нишонлашди, лекин одамларнинг кайфияти байрамона эмасди. ВВС Эрондаги ҳолат қандайлиги борасида суриштирув ўтказди.

Фото: BBC Persian / BBC Monitoring

Одамлар ҳукумат вирус тарқалишининг ҳақиқий масштаби ҳақида маълумотларни яшираётган бўлишидан хавотирда. Вазият ҳозиргидан ҳам ёмонлашиши мумкин, деб ўйламоқда эронликлар.

Эрон шимолида жойлашган Ғилондаги касалхона шифокори Муҳаммад коронавирус Эронга кириб келганининг илк кунларидан бошлаб тун-у кун беморларнинг ҳаёти учун курашмоқда. У ўз оиласини 14 кундан буён кўргани йўқ, бу вақт давомида кўплаб дўстлари, ҳамкасбларини, жумладан, Тиббиёт институти профессори бўлган устозини ҳам йўқотди. Уларнинг барчаси коронавирусдан ҳалок бўлишди.

«Бундай ҳолат фақат бизнинг касалхонада содир бўлаётгани йўқ, коронавирус бутун мамлакатдаги касалхоналарни оғир аҳволга келтириб қўйган. Ишчилар тушкун кайфиятда, биз катта босим остидамиз, оилаларимиз қаттиқ хавотирда яшамоқда. Оддий тиббиёт ниқоблари етишмаяпти, ҳар куни шифокорлар ўлмоқда. Ҳозир қанча одам ўлганини аниқ билмайман, лекин ҳукумат вирус тарқалишининг ҳақиқий кўламини яширмоқда. Ҳар ҳолда биринчи кунларда ёлғон маълумотлар берилганди», дейди ВВС билан суҳбатда Муҳаммад.

Эронлик шифокорларда одамларни даволаш учун воситалар йўқ / Getty Images

Дарвоқе, бу унинг ҳақиқий исми эмас, ўзгартирилган. Шундай қилмаса ҳам бўлмайди, чунки Эронда ҳукуматга қаратилган танқидлар сабаб одамлар қўлга олиниши мумкин. Covid-19 Эроннинг барча 31 вилоятига тарқалиши учун 16 кун етарли бўлди. 16 мамлакатда илк вирус аниқланган одамлар айнан Эрондан келгани айтилди. Булар Ироқ, Афғонистон, Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Ливан, БАА, Канада, Покистон, Грузия, Эстония, Янги Зеландия, Беларусь, Озарбойжон, Қатар ва Арманистон.

Хоминаий коронавирусни «биологик қурол» деб атади / Getty Images

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий илк марта 19 февраль куни коронавирус ҳақида чиқиш қилиб «душман Эрондаги аҳволни ёмон қилиб кўрсатишга уринаётгани»ни айтди. Шунингдек, Эрон диний раҳнамоси твиттерда коронавирусни «биологик қурол» деб атади. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 26 февраль кунги чиқишида одамларни тинчлантиришга уринган ва ҳаммага «бемалол ишга бориши мумкинлигини» айтганди.

  • 23 март ҳолатига кўра, Эронда коронавирус юқтирганлар сони 23 минг кишидан ошди, 8376 киши соғайиб кетган. Бу дард форс давлатида 1812 одамнинг умрига зомин бўлди.

Эрондаги энг кўп йўқотишга учраган Ғилон, Гулистон ва Мозандарон вилояти шифокорларининг айтишича, коронавирусни аниқлайдиган тест тўпламлари уларда мавжуд эмас. Шунингдек, кислород баллонлари, ниқоб, қўлқоп, тиббиёт халатлари етишмаяпти. Касалхоналар етишмаётгани сабаб ҳарбий госпиталар қайта жиҳозланмоқда. Ҳатто футбол стадионлари касалхонага айлантирилган. Теҳрондаги тикув фабрикалари 24 соат давомида фақат ниқоб ишлаб чиқармоқда.

Гулистондаги шифохона врачининг айтишича, уларга ҳар кун ўртача 300 нафар бемор олиб келинади, аммо жой етишмагани сабаб уларнинг 60-70 фоизи, фақат оғир аҳволдагиларигина касалхонага ётқизилмоқда. Ҳукумат эса расмий маълумотларни фақат касалхонада ётганлар билан ҳисоблайди.

Бу шифокорнинг айтишича, унинг касалхонасида ҳар куни ўртача 5 киши коронавирусдан ўлган. Баъзилар коронавирус тести топширишга ҳам етиб бормай нобуд бўлган. Улар орасида шифокорлар ҳам бор.

Наржис Хонализода 23 февраль куни ҳушини йўқотди ва икки кун ўтиб вафот этди

Айниқса 25 ёшли ҳамшира Наржис Хонализоданинг беҳуш ётган сурати интернетни жунбишга келтирганди. Бу қиз икки кун ўтиб оламдан ўтди, аммо Эрон ҳукумати у коронавирусдан вафот этганини рад этди. Эрон ҳамширалар ташкилоти эса Наржис Хонализода айнан коронавирус қурбони бўлгани ҳақида эълон қилди.

Эрондаги давлат телеканалларида шифокорлар беморлар ҳаёти учун курашаётган кучга тўла қаҳрамонлар сифатида кўрсатилиши давом этмоқда, аммо ВВС билан суҳбатда бўлган шифокорларнинг айтишича, аҳвол яхши эмас.

Вирус нега бунчалик тез тарқалди?

Айни вақтда Қумда барча зиёратгоҳлар ёпилган / Getty Images

Эронда коронавирус юқтирган дастлабки икки киши 19 февраль куни Қумда ҳалок бўлганди. Улардан бири тадбиркор бўлган ва вирусни Хитойда юқтирган. Эронда касаллик айнан Қум шаҳридан тарқала бошлаганди. Оятуллоҳ ҳам шиалар учун диний марказга айланган ушбу шаҳарда яшайди. Бу шаҳарга ҳар йили Эрондан 20 миллион, хориждан 2,5 миллион зиёратчи боради.

Қумда вирус аниқланганидан кейин бу шаҳар негадир изоляция қилинмади. Диний раҳнамолар зиёратчилар келишини чекламаслик кераклигини айтишди, оқибатда вирус бутун мамлакатга тарқалиб кетди. «Биз бу шаҳарни покланиш жойи деб ҳисоблаймиз. Одамлар у ерга ҳам руҳан, ҳам жисмонан покланиш учун боришади», деганди диний кенгаш вакили Муҳаммад Саидий. Айни вақтга келиб Қумдаги шиалар учун муқаддас қадамжолар ёпилган.

Вирус тарқалиш тезлиги камайдими?

Ислом инқилобининг 41 йиллиги / Getty Images

Февраль ойида Эронда иккита муҳим воқеа содир бўлди: ислом инқилобининг 41 йиллиги нишонланди ва мамлакатда парламент сайловлари ўтказилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда ҳолатлар бўйича минтақавий директори Ричард Бреннаннинг айтишича, 11 февралда инқилоб 41 йиллиги нишонланишидан аввал Эронда вирус аниқланган ва бу борада мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумот юборилган. Аммо ҳукумат одамларнинг кайфиятини туширмаслик учун маълумотларни яширган.

Февраль ойидаги парламент сайловлари / Getty Images

Ҳукумат учун бу икки тадбир ўта муҳим бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Чунки сўнгги ярим йилда Эрон жуда мураккаб сиёсий инқирозни бошдан кечирди. Аввало кети узилмаган норозилик намойишлари, тартибсизликлар вақтида юзлаб одамлар ҳалок бўлиши, январда эса Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши, Украина самолётининг уриб туширилиши. Ҳукумат одамлар орасидаги мавқейини билиш учун сайловдаги давомат ва инқилоб тантанасидаги одамлар иштироки орқали таҳлил қилишни кўзлаганди. Вирус хабари эълон қилиниши эса ҳар икки оммавий тадбирларда давомат пасайишига сабаб бўларди.

Сайловлардан 5 кун ўтиб Эронда вирусга чалинганлар сони расман 139 кишига етгани деб эълон қилди. Ўша куни Қумдан сайланган депутат Аҳмад Амирободий унинг вилоятида аллақачон 50 киши вирусдан ҳалок бўлганини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ирож Ҳарирчи унинг сўзларини рад этиб, агар Эронда 50 киши эмас, 25 киши коронавирусдан ҳалок бўлгани тасдиқланса, ишдан кетишини айтди. Кўп ўтмай вазир ўринбосари мажлис вақтида ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва аҳволи ёмонлашди.

Кейинчалик унда коронавирусга чалиниш ҳолати тасдиқланди. Карантинда тузалган Ҳарирчи 13 февраль куни жонли эфирда ҳам кўриниш берди.

ВВС форс хизматининг аниқлашича, Эронда вирусдан вафот этганлар сони расмий маълумотлардан (1,5 минг) 6 баробар кўпроқ.

Нашр билан суҳбатда бўлган қизнинг айтишича, унинг отаси коронавирусдан ўлган ва оила аъзолари унинг жасадини ҳам кўрмаган. Уларга отаси белгиланган тартибда Теҳрондаги бош қабристонда кўмилгани айтилган. Ҳозирда Эронда кўпчилик иштирокида жаноза маросимлари ҳам тақиқланган. Бу борада фатво ҳам берилди.

Ўт ўчирувчилар Теҳрондаги бозорларни дезинфекция қилишмоқда / Getty Images

Барча оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари тақиқланган. 1979 йилда мамлакат Эрон ислом республикаси деб эълон қилинганидан буён илк марта жума ибодатлари бекор қилинди. 155 мингдан ортиқ маҳкум қамоқхонадан вақтинча озод қилинган.

Ҳукумат биноларининг аксари, офислар ва банклар ишлашда давом этмоқда.

Теҳронда ижтимоий алоқаларни чеклаш бўйича кампания ўтказилмоқда

Айни вақтда ўрта синфга мансуб бўлган эронликлар учун ҳам, масалан ўқитувчи-пенсионер ва унинг турмуш ўртоғи нақд пул топишда муаммога дуч келмоқда, бусиз озиқ-овқат ва ёқилғи сотиб олиб бўлмайди.

«Биз ҳар ойлик пенсиямизни олиш учун банкка боришимиз керак. Наврўз учун ҳам пул беришлари керак эди», - дейди аёл

Эрондаги ва ундан ташқаридаги мутахассисларнинг айтишича, агар ҳукумат вирус тўғрисидаги маълумотлар шаффофлигини таъминламаса ва барча йирик шаҳарларни Қумда бўлгани каби карантинга олмаса, вирус бутун мамлакатга жиддий зарар етказади

Президент Руҳоний бир неча марта ҳукумат шаҳарларни ёпиб қўймаслиги ва барча дўконлар очиқлигича қолиши, ҳаёт аввалги йўсинда давом этишини таъкидлади.

Оятуллоҳ Хоминаий байрамдаги нутқида коронавирус тарқалишига қарши курашаётган одамзоднинг бемисл қурбонликлари ҳақида гапирди.

Фотима учун Наврўз ҳеч қачон бу сафаргидек ўтмаган.

«Бутун умрим давомида бунақа Наврўзни кўрмаганман, ҳеч қачон байрам вақтида уйда ёлғиз қолмаганман. Ҳатто уруш вақтида, Саддам [Ҳусайн] шаҳарларни ракеталар билан ўққа тутишни бошлаганида ҳам биз Наврўз билан табриклаш учун бир-биримизникига меҳмонга борардик», - дея хотирлайди у.

Эроннинг ўзи бу қийин ҳолатдан чиқиб кетиши амри маҳол, аммо мамлакат бу борада қайсарларча ҳеч кимдан ёрдам сўрагани йўқ. Баъзи давлатлар, масалан Ўзбекистон, Эронга инсонпарварлик ёрдамлари юбормоқда. АҚШ ҳам Эронга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди, лекин оятуллоҳ бу таклифни қатъиян рад этди...

Мавзуга оид