Ўзбекистон | 21:54 / 25.03.2020
20633
3 дақиқада ўқилади

Мактаб битирувчиларига аттестат бериш кечикиши мумкин

 Карантин даврида мактаблар ёпилиб, таълим жараёнидаги узилиш сабабли мактаб битирувчиларига аттестат бериш кечикиши мумкин.

 Карантин муддати кузгача чўзилиб кетса, мактаб битирувчиларига аттестат имтиҳонларсиз бериладими? Онлайн ва видео дарслар қачон бошланади? Ўқитувчи ўқувчини қандай назорат қилади? Шу ва шу каби саволлар юзасидан Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров билан суҳбатлашдик.

Анвар Умаров

 - Карантин муддати кузгача чўзилиб кетса, мактаб битирувчиларига аттестат имтиҳонларсиз бериладими ва бу жараён олий таълим имтиҳонларига қанчалик таъсир қилади?

 - Бу масала бўйича Олий таълим вазирлиги ва Давлат тест маркази билан ҳамкорликда ишламоқдамиз. Бу вазият карантин тугаши билан боғлиқ. Агарда карантин эртароқ тугаса дарсларни бошлаймиз ва имтиҳонлар ҳам ўз вақтида бўлади. Бундан ташқари ўқувчилар учун видео дарслар тайёрланмоқда. Битирувчиларга имтиҳон ўтказилганидан сўнг аттестат берилади. Тавсиямиз шуки, дарсларни қолдирманглар

 - Онлайн ва видео дарслар қачон бошланади?

 - Ҳозирда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда видео дарслар тайёрлашмоқда. Айни вақтга келиб 1 синфдан 11 синфгача 350га яқин видео дарслар тайёрланди. Жорий йилнинг 26 март кунидан анонслари бериб борилади. Тўлиқ дарслар 30 март кунидан бошлаб эфирга чиқади. Ҳозирда қайси телеканаллардан кўрсатилиши муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлигининг веб-сайтида хабар қилинади.

 - Онлайн ва видео дарслар давомийлиги 15-20 дақиқа этиб белгиланибди. Бу кам вақт эмасми?

 - Дарсликнинг давомийлигига келадиган бўлсак, ҳар бир дарс 15-20 дақиқа деб белгиланган. Бунда асосан ўқитувчилар назарий томондан дарс беришади. Бундан ташқари телевидениенинг ҳам вақти чекланганлиги сабабли 15-20 дақиқани ташкил қилади.

 - Онлайн ва видео дарсликлар ўзбек ва рус тилларида эфирга узатиладими?

 - Ҳозирда Миллий телерадиокомпаниясида ҳар бир синф ва фан кесимида ўзбек ва рус тилларида суратга олинмоқда.

 - Ўқувчиларнинг ўзлаштириши қандай назоратга олинади. Ўқитувчилар ўқувчилар билан онлайн шуғулланадими?

 - Бу жараён учун алоҳида платформа яратилган. Асосан Тошкент шаҳрида қўлланилиши режалаштирилмоқда. Бунда интернет тезлиги, электр етишмовчилиги каби муаммолар бўлганлиги сабабли вилоят ҳудудларида кейинроқ амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозирча телевидение орқали эфирга узатилмоқчи бўлган дарсликларни ўрганишлари мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ўқиш бошланганидан кейин оралиқ имтиҳонлари олинади. Агарда ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар аниқланса, улар билан алоҳида шуғулланишади.

Бекжон Жўрақулов суҳбатлашди,
тасвирчи Отахон Юсупов.

Мавзуга оид