Жаҳон | 21:32 / 10.04.2020
10055
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг ягона авиаташувчи кемасида коронавирус авж олиши қайд этилди

Франциянинг ягона авиаташувчи кемаси “Шарль де Голль”да коронавирус авж олиши қайд этилди. Ҳозирда кема экипажининг 50 аъзосида коронавирус аниқланган.

Фото: AP

Бу ҳақда Франция мудофаа вазирлиги хабар қилди.

“Кема эпикажи аъзоларида коронавирус бўлиши мумкинлиги эълон қилингандан кейин кемага қуролли кучлар тиббий хизмати жамоаси жўнатилди. Ўтказилган тестлар экипаж орасида 50 та касалланиш ҳолатини тасдиқлаган”, дейилган хабарда.

Айни вақтда Атлантика океанида бўлган кема бортида икки нафар эпидемиолог шифокор, биологик хавфсизлик бўйича бир нафар мутахассис ва таҳлиллар йиғишга жавоб берувчи шифокор иш олиб борган. Ҳаммаси бўлиб 66 та тест ўтказилган.

Вазирликнинг хабар қилишича, кема жамоасининг 3 аъзоси 9 апрелда вертолёт билан эвакуация қилиниб, Лиссабон аэропортига, у ердан самолётда Тулондаги шифохонага етказилган. Ҳозир кема Тулон портига қайтмоқда. Дастлабки режага кўра кема портга 23 апрелда қайтиши керак бўлган.

Аввалроқ коронавирус авж олиши АҚШ флотининг етакчи кемаси Theodore Roosevelt’да қайд қилинганди. Охирги маълумотларга кўра, кемада касалланганлар сони 400 дан ошиб кетган. Кема сардори Бретт Крозье кемада инфекция тарқалаётгани ҳақидаги рапорти журналистлар қўлига тушгач ўз лавозимидан озод этилган. АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари вазири лавозимини бажарган Томас Модли Крозьени юз берган ҳолат учун кескин танқид қилган. Кейинроқ у ўз сўзлари учун узр келтириб, истеъфога чиқишга қарор қилган.

Мавзуга оид