Ўзбекистон | 16:25 / 07.05.2020
9920
4 дақиқада ўқилади

Миссисипи Миллий гвардияси қўмондони Ўзбекистон халқига ҳамдардлик билдирди

АҚШнинг Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор Женсон Бойлз Ўзбекистон президенти ва халқига мурожаат йўллади.

Фото: Mississippi National Guard

Мурожаатда генерал-майор Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кузатилган фавқулодда ҳодисалар юзасидан ҳамдардлик билдирган.

«Бутун дунёга, хусусан, Ўзбекистон ва Миссисипига ҳам таъсир кўрсатган глобал пандемия даврида Миссисипи штати Миллий гвардияси номидан президент Шавкат Мирзиёевга ҳамда Ўзбекистон халқига таъзия ва ҳамдардлик билдирамиз.

Яқинда Бухоро ва Сардобада кузатилган фавқулодда ҳодисалар ҳалокатли бўлди. Воқеа жойида қутқарув ишларини олиб бораётган давлат органлари ходимлари, миллий гвардия ва албатта, ушбу воқеалардан жабрланганларнинг ҳаққига дуодамиз ва ҳамдардмиз. Сизга энг яхши тилакларимизни йўллаймиз», дейилади мурожаатда.

 
Message To Uzbekistan

Maj. Gen. Janson D. Boyles, adjutant general of Mississippi, offers his condolences to the people of Uzbekistan in the wake of recent natural disasters. Bukhara experienced heavy rain and a windstorm on April 27 that caused one death and approximately 30 injured. The storm also caused a disruption of energy to over 138,000 households. The district of Syrdanya experienced a dam break on May 1, causing three deaths, 56 injured, and approximately 70,000 citizens evacuated from their homes. Locals are claiming this is the largest natural disaster in Uzbekistan since the 1966 earthquake that leveled most of Tashkent. Mississippi and Uzbekistan are paired together as part of the Department of Defense State Partnership Program. Our thoughts and prayers are with you during this difficult time. #MSNG

Posted by Mississippi National Guard on Tuesday, May 5, 2020

Ўзбекистон ва Миссисипи ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик

Ўзбекистон ва АҚШнинг мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигида Миссисипи штати алоҳида ўринга эга. Штат Миллий гвардияси қўмондони – штат губернатори ўринбосари генерал-майор Женсон Бойлз бошчилигидаги делегация 2018 йил сентябрь ойида Тошкентга келган эди.

Натижада, 2019 йил бошида Ўзбекистоннинг махсус бўлинма ҳарбийлари биринчи марта АҚШда машғулотлар ўтказди. Машғулотларни Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги мудофаа вазири Абдусалом Азизов (ҳозирда ДХХ раиси) ҳам кузатиб борди – бу Ўзбекистон мудофаа вазирининг АҚШга 15 йил ичидаги биринчи ташрифи бўлди. Ташриф давомида ўзбек ҳарбийлари Миссисипи штатида CENTCOM қўмондонлиги билан учрашди.

2019 йил май ойида эса Женсон Бойлз билан бирга Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий делегацияси яна бир бор АҚШга борди, бир ҳафта ўтиб Миссисипи штатидан бир гуруҳ америкалик ҳарбийлар Самарқандга келди.

Mиссисипида ҳар йили анъанавий равишда AҚШ ҳарбий хизматчилари ўртасида «Энг яхши жангчи» ҳарбий танлови ўтказилади. 2019 йил декабрида бу танловда Ўзбекистон Mудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам иштирок этиб, ўз тоифаларида 1-ўринни қўлга киритди.

2020 йил январида Миссисипи штатининг янги губернатори Тейт Ривзнинг инаугурация маросимида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ҳам иштирок этди.

Мавзуга оид