Ўзбекистон | 14:30 / 11.05.2020
47982
2 дақиқада ўқилади

ССВ «Фарҳод» бозоридаги эҳтиёт қисмлар расталари яна ёпилганига изоҳ берди

Тошкент шаҳридаги «Фарҳод» бозорида жойлашган автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар сотиш ва хизмат кўрсатиш расталар ўз фаолиятини тиклаганидан кўп ўтмай, 11 май куни вақтинча қайта ёпилди.

Натижада, аҳоли орасида ушбу ҳудуддан ҳам коронавирус касаллигига чалинган шахс аниқлангани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлди. Ушбу расталар жойлашган Тошкент шаҳри Учтепа тумани ҳокимлиги ўз расмий каналлари орқали вазиятни изоҳлади.

«Ижтимоий тармоқларда «Фарҳод» бозоридаги эҳтиёт қисмлар расталари тадбиркорлардан бирида юқори ҳарорат кузатилгани туфайли ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Шуни маълум қиламизки, савдо расталари маъмурияти томонидан «Тозалик куни» эълон қилинган ва айни вақтда дўконлар санитар нормалар талаблари мувофиқ тайёрланиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бу ишлар якунланиши билан эҳтиёт қисмлар расталаридаги дўконлар ўз ишини бошлайди», дейилади муносабатда. Лекин бу хабарда расталар ёпилишига айнан нима сабаб бўлгани тўла ёритилмаган.

Kun.uz мухбири ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Соғлиқ сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими билан боғланди.

«Бозор ичида кимнингдир ҳарорати кўтарилгани ҳақидаги маълумотлар ҳаққоний эмас. Аксинча, бозорга киришда ўрнатилган текширувлар давомида бир фуқарода юқори ҳарорат аниқланган ва у дарҳол изоляцияга олинган. Ҳар эҳтимолга қарши расталарда ҳам дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда ва уларнинг якунига кўра бозор ишга тушади», деди вазирлик расмийси Фурқат Санаев.

Мавзуга оид