Жаҳон | 12:52 / 12.05.2020
65221
3 дақиқада ўқилади

Карантиндаги «Грин кард». Қоидалар ўзгардими?

Фото: Getty Images

АҚШга оила билан ёки якка ҳолда қонуний равишда кўчиш имконини берувчи «Грин кард»  лотереяси анкетаси 2019 йил 2 октябридан 5 ноябргача ҳар йилгидек АҚШ давлат департаменти ҳузуридаги махсус сайт — https://dvlottery.state.gov/ орқали тўлдирилди. Аммо лотерея жавоби ҳанузгача оммага маълум қилинмади. Нега?

Таъкидлаш ўринлики, «Грин кард»  анкетаси қандай тўлдирилиши борасида аҳолининг кенг қатлами орасида аниқ билим бўлмагани кўплаб тушунмовчиликларга, аксар ҳолларда ғаразли кишиларнинг текин даромад манбаига сабаб бўлади. Шу туфайли лотерея билан боғлиқ барча расмий маълумотни фақат АҚШ давлат департаменти ҳузуридаги махсус сайт — https://dvlottery.state.gov/ орқали ўрганиш, билиш мумкин.

Унда ёзилишича, ўтган йилги тўлдирилган анкеталарнинг мақомини 6 июндан бошлаб текшириш мумкин. Ғолиб респондентлар тасдиқ хатини қабул қилади ва 2021 йил 30 сентябрга қадар уни сақлаши лозим. Одатда ҳар йили май ойида эълон қилинадиган натижалар жорий даврда пандемия туфайли ортга сурилди. Ҳозирча лотерея қоидаларига бошқа жиддий ўзгариш ва тузатиш киритилмади,

Ҳар йили, АҚШ ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси – DV»  дастури доирасида 50000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил ичидаги АҚШга иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ виза миқдори белгиланади. Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.

Электрон аризани топширишда ҳеч қандай тўлов мавжуд эмас. Кўплаб компаниялар, интернет кафелар ва бошқа воситачилар ҳақ эвазига «Грин кард»  лотереясига ариза топшириш бўйича аҳолига ёрдамларини таклиф этишади. АҚШ Элчихонаси бундай турдаги ташкилотларнинг ҳеч бири билан ҳамкорлик қилмайди ва уларга мутлақо алоқаси йўқ. Шуни унутмангки, бундай воситачилар хизматидан фойдаланиш шахснинг «Грин кард»  лотереясида ғолиб бўлиш эҳтимоллигини умуман оширмайди.

Мавзуга оид