Ўзбекистон | 08:23 / 13.05.2020
19517
2 дақиқада ўқилади

«Билайн» карантинга олинган 91 нафар ишчиси билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Тошкент вилояти ҳокимлиги вилоятда коронавирус тарқалишига қарши олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот бериб, «Билайн» компаниясининг 91 нафар ишчиси Юқори Чирчиқ карантин полигонига жойлаштирилганини маълум қилганди.

«Билайн» компанияси ҳозирги вазиятга аниқлик киритди ва ҳолат бўйича маълумот берди.

«Мамлакатда карантин чоралари жорий этилиши билан «Билайн» ходимларнинг хавфсизлигини ва компаниянинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида ходимларнинг максимал сонини масофавий ишлашга ўтказишни ташкил қилди.

Аммо, айрим операцион вазифалар мавжудлиги боис, биз ва жамоамизнинг бир қисми абонентларимиз «Билайн» хизматидан фойдаланишда давом эта олишлари ва компания мутахассислари билан доимо боғланиш имкониятига эга бўлишлари учун шундай мушкул пайтда офисда бўлишимиз шарт.

Афсуски, амалиёт шуни кўрсатадики, коронавирус билан касалланиш хавфи ҳаммада мавжуд. Ходимларимиз коронавирусга дуч келиши мумкинлиги хатари пайдо бўлиши билан, компания тегишли санитария ва эпидемиология хизматлари билан биргаликда ишчиларни оммавий тарзда коронавирусдан тест синови ўтказди.

Ходимлар ва уларнинг қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, компания Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда, ўз ходимларини 14 кунлик карантинга жойлаштирди.

Вазият назорат остида, жамоамиз ва уларнинг яқинлари учун қилинаётган барча ишлар уларнинг фойдаси учун қилинмоқда.

Ходимларимизнинг ҳиссасини қадрлаймиз ва уларнинг садоқатли ва масъулиятли фаолияти учун миннатдормиз! Биз улар билан доимо алоқадамиз ва уларга зарур ёрдамни тақдим этамиз. Одамлар компаниянинг энг қимматли ресурси. Биз учун ходимларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги доимо устувор вазифа бўлиб келган ва бўлиб қолади», - деди компания бош директори Сергей Афонин.

Билдирилишича, компания офисларида барча зарур ва тавсия этилган эҳтиёт чоралари кўрилган.

Мавзуга оид