Ўзбекистон | 14:01 / 15.05.2020
113914
4 дақиқада ўқилади

Президент яна Сирдарёга борди. Вилоятлар ҳокимлари ҳам шу ерда

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Сирдарё вилоятига борди.

«Бугунги кунда Ҳукумат комиссияси иш олиб боряпти. Зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга катта куч ва воситалар сафарбар этилган. Бу борада Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари жонбозлик кўрсатмоқда.

Бугунги кунга қадар 20та аҳоли пунктидаги бузилган уйлар ва уларнинг атрофи чиқиндилардан тозаланди. 13та маҳалладан сув қолдиқлари чиқарилди.

Ушбу маҳаллаларда ҳаёт аста-секин изга тушмоқда. Ҳозирда қарийб 66 минг аҳоли ўз уйларига қайтди. Бошқа жойларда тозалаш-таъмирлаш ишлари тезкор суръатларда давом этмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёев дастлаб Сардоба туманида бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди. Таъмирланаётган хонадонларни кириб кўрди, одамлар билан суҳбатлашди.

Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

Хусусан, Сардоба туманидаги «Дўстлик» маҳалласида 1480 хонадондан иборат 37та уй барпо этилади. Давлат раҳбари мазкур турар жойларнинг пойдеворига тамал тоши қўйди.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни «Сардоба» сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, ёндош туманлардаги маҳаллалар ва далаларни сув босган эди. Давлат раҳбари зудлик билан ҳодиса юз берган жойга етиб бориб, вазиятни барқарорлаштириш ишларига шахсан бош-қош бўлди.

Ушбу фавқулодда вазият оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2 минг 570та уй-ҳовли, 76та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган эди. Шунингдек, 1 минг 781 ҳовли, 52та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. 70та ижтимоий объект, 20 минг гектарга яқин экин майдони, 828 километр йўл, электр, газ, ичимлик сув, алоқа тармоқларига талафот етган.

«Бу синов қаршисида халқимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги, меҳр-оқибати яна бир бор яққол намоён бўлди. Тезкор чора-тадбирлар натижасида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 28та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган эди.

Уларга биринчи даражали зарур шароитлар яратилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказилди. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, вазирлик, уюшма ва аҳоли томонидан Сирдарёга ёрдам бериш учун ҳомийлик маблағлари ўтказилди, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва рўзғор буюмлари юборилди.

Давлатимиз раҳбари аввалги сафарлари чоғида бу ерлик одамларнинг ҳаётини нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки уни янада яхшилаш, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиб, янги иш ўринлари яратишни вазифа қилиб қўйган эди», дейилади хабарда.

13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент бошқа вилоятлар раҳбарларига Сирдарёдаги уйсиз қолганлар учун уй қуриб бериш бўйича топшириқ берган, унга кўра ҳар бир вилоятга имкониятидан келиб чиқиб 100 дан ортиқ хонадон бириктирилганди.

14 май куни бошқа вилоятлардан ҳокимлар бошчилигидаги юзлаб мутахассислар Сирдарёга йўл олди. Вилоят раҳбарлари икки кун давомида Сирдарёда бўлиши ва шундан сўнг бу ерда бажариладиган ишлар юзасидан мамлакат раҳбариятига ҳисобот бериши кўзда тутилган.

Мавзуга оид