Жаҳон | 14:20 / 17.05.2020
62647
14 дақиқада ўқилади

«Чин мўъжизаси» туркумидан: дунёни ҳайратга солаётган Хитой темир йўллари

Меҳнат эвазига ҳаммадан яхши бўлиш мумкинлигини Хитой мисолида кўриш мумкин. Яқингача Америка ва Британия каби давлатлар қаторида тилга олиниши тасаввурга сиғмайдиган даражада бўлган Хитой ҳозир нафақат кучли иқтисодиётга эга бўлди, балки бошқа мамлакатларнинг бозорларини ҳам ўз маҳсулотларига, ўз капиталига ўргатиб қўйди.

Давлатчилик тарихида ўзига хос ўрни бўлган Чин ўлкаси сўнгги ярим асрда шунчалик ақл бовар қилмас иқтисодий мўъжизаларни яратдики, Буюк Британия, Франция, Италия каби гигантлар Хитойнинг чангида қолиб кетди. Олдинги сафар «Чин мўъжизаси» туркумида Хитой иқтисодиётига ижойиб таъсир қилган йўллар ҳақида ҳикоя қилинганди. Бу гал ишбилармон чинликларнинг темир йўллари ҳақида.

Ўтган асрнинг 70-йилларида дунё фақат «Япон мўъжизаси» ҳақида гапирарди. Ўша пайтда турли соҳаларда, айниқса электроника соҳасида японларнинг олдига тушадигани йўқ эди. Нима янги нарса чиқса, японлар ўйлаб топган бўларди. Бу ҳолат ўтган асрнинг 90-йилларигача давом этди.

Японлар фан-техникада инқилоб қилган пайтларда Хитой Мао Цзэдун бошчилигида қолоқ бир давлат эди. 1976 йилда Мао Цзэдун вафот этади. Хитойда ҳокимият тепасига келган янги раҳбарлар мамлакатни тугал социализм билан, дунёнинг ривожланган давлатларидан узиб қўйган ҳолда ривожлантириб бўлмаслигини тушуниб етишади ва турли ислоҳотлар ўтказила бошланади.

Аввало Ғарб дунёси билан алоқаларни яхшилашга киришилади. 1978 йилда Хитой компартияси мамлакат шарқидаги соҳилбўйи шаҳарларда «Махсус эркин иқтисодий зоналар» ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилади. Уларда дунёнинг исталган мамлакатидан инвестор ва компаниялар бориб, ўз корхоналарини очишлари мумкинлигини эълон қилинади. Ҳа, аслида ҳаммаси мана шу оддий эркин иқтисодий зоналардан бошланганди...

Хитой ҳукумати эркин иқтисодий зоналар самарадорлигини, мамлакатга келтираётган иқтисодий фойдаларини кўриб, кейинчалик бундай ҳудудлар сонини кўпайтиради.

Шунингдек, аҳоли хусусий мулкка эга бўлиш ва капитал йиғиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу тариқа, Хитой 1990 йилгача социализмнинг асосий ғояларидан воз кечади. Шундан сўнг чинакам «Хитой мўъжизаси» бошланади. Бугунги кунга келиб «Хитой мўъжизаси»нинг довруғи дунё бўйлаб тарқалиб бўлди ва мамлакат кўплаб соҳалардаги кўрсаткичлар бўйича бошқалардан яққол илгарилаб кетди. Ана шундай соҳалардан бири – темир йўллар.

Хитой темир йўллари компанияси томонидан амалга оширилган ва ҳамон давом этаётган ишлар чинакам мўъжизанинг ўзи. Баланд тоғлар орасидан кўприклар ва туннеллар қуриш орқали темир йўл тортишда бугун Хитой темирйўлчиларининг олдига тушадигани йўқ.

Хитойда илк темир йўл 1876 йилда Шанхай ва Усун шаҳарлари орасида инглиз тадбиркори томонидан қурилган. ХХ асрнинг 80-йилларигача Хитойда темир йўлларни ривожлантириш учун яхши имкониятлар бўлишига қарамай, Мао Цзэдун вафотигача мамлакатда бу соҳани ривожлантириш учун айтарли иш қилинмайди. 1980-йиллардан бошлаб темир йўл соҳасини ривожлантириш учун ислоҳотлар бошлаб юборилади.

АҚШдан кейин иккинчи

Бугунги кунга келиб Хитой темир йўлларининг узунлиги бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради (ўзи Хитой кўп соҳада АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради). АҚШда жами 260 минг километрга яқин темир йўллар тармоғи бор, Хитойда эса уларнинг узунлиги 130 минг километрдан ошади. Яқингача Россия иккинчи ўринда эди, аммо Хитой янги темир йўл тармоқларини қуриб, Россияни қувиб ўтди ва иккинчи ўринга кўтарилди.

Сўнгги 15-20 йилда Хитой юқори тезликда ҳаракатланиш тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратди ва дунёдаги энг йирик тезюрар поездлар линиясига эга бўлди. Бугун Хитойдаги тезюрар поезд йўллари Япония ва Европаникини қўшиб ҳисоблаганда ҳам уларникидан ошиб кетган.

Хитой темир йўллари

Хитойда China State Railway Group Company, Ltd. ёки оддийгина China Railways давлат компанияси миллий темир йўллар тармоғининг ягона оператори ҳисобланади. У илк бор 1950 йилда вазирлик сифатида ташкил этилган. 2013 йилда корпорацияга, 2019 йилда эса акциядорлик жамиятига айлантирилган. Унинг таркибида жами 21та турли компаниялар бор. Тармоқ Макао махсус маъмурий туманидан ташқари қолган барча провинция ва автоном ҳудудларни қамраб олган.

Шунингдек, бугун China Railways дунёдаги темир йўл соҳасида фаолият кўрсатадиган энг йирик компания ҳисобланади. Бугун компания нафақат Хитойда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида темир йўллар қуради. Корхона Хитойдан ташқари Европа Иттифоқи давлатлари, Россия, Қозоғистон, Шимолий Корея ва Вьетнамда халқаро йўналишлар ташкил этиб, йўловчи ҳамда юк ташимоқда.

Хитой темир йўллари дунёдаги энг кўп йўловчи ташийдиган компания ҳисобланади. China Railways йилига ўртача 3,5-4 миллиард йўловчига хизмат қилади ва қарийб 5 миллиард тонна юк ташийди. Компанияда 10 миллион нафардан ошиқ ходим ишлайди. 2019 йилга келиб China Railways ва унинг таркибидаги турли компанияларга тегишли темир йўл тармоғининг узунлиги 130 минг километрга етди, унинг ярми электрлаштирилган. 2019 йилда China Railways ҳисобида 20 мингдан ошиқ локомотив бўлган. 2050 йилга бориб Хитой ўз темир йўл тармоғининг узунлигини 270 минг километрга етказишни режа қилган.

Хитой темир йўлларида поездлар бир неча категорияга бўлинади:

G максимал тезлиги соатига 350 километргача бўлган поездлар;

D – максимал тезлиги соатига 200 километрдан ошадиган поездлар;

Z – максимал тезлиги соатига 160 километр бўлган купе ва плацкарт вагонлардан иборат поездлар;

T – максимал тезлиги соатига 140 километр бўлган купе ва плацкарт вагонлардан иборат поездлар;

K – максимал тезлиги соатига 120 километр бўлган купе ва плацкарт вагонлардан иборат поездлар.

Шунингдек, бугун Хитой темир йўлларида ҳарфлар билан белгиланмаган паст тезликда юрувчи кам сонли эски поездлар ҳам сақланиб қолган.

2016 йилда Хитой Тибетда дунёдаги денгиз сатҳидан энг баланд Цинхай-Тибет темир йўл магистралини ишга туширди. Ушбу темир йўлнинг энг баланд нуқтаси денгиз сатҳидан 5 072 метр баландликдан ўтган. Тасаввур қиляпсизми, 5 км баландликда поезд ҳаракатланади! Бу супер қурилиш учун Хитой 4,2 миллард доллар сарфлаган.

Тезюрар поездлар учун темир йўллар қурилиши

Фото: Fresher

2004 йилда Хитой давлат кенгаши узоқ йиллик тезюрар темир йўл линияларини ривожлантириш режасини тасдиқлайди. Унга кўра вертикал ва горизонтал йўналишда умумий узунлиги 12 минг километр бўлган, жами саккизта тезюрар темир йўл линиялари қурилиши белгиланади. Режа амалга оширилганидан кейин пойтахт Пекин мамлакатдаги барча провинция марказлари билан тезюрар темир йўллар орқали боғланиши лозим эди.

Ўша йилнинг ўзидаёқ режа доирасида соатига 160 километр тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган Гуанчжоу-Шэньчжэнь темир йўли ишга туширилади. 2007 йилда China Railways таркибида China Railway Group Limited компанияси ташкил этилади. Бу компания Хитойдаги энг йирик қурилиш компаниялардан бири бўлиш билан бирга дунё қурилиш компаниялари орасида ҳам ўз ўрнига эга. Компания нафақат темир йўллар, балки метро линиялари, автомобиль йўллари қуриш билан ҳам шуғулланади.

2009 йил 26 декабрда дунёдаги энг узун Уҳан- Гуангжоу тезюрар темир йўл линиясини ҳам шу компания қурган.

Бундан ташқари, Пекин-Шанхай (2011 йил), Ҳарбин-Далян (2012 йил), Пекин- Гуангжоу (2012 йил), Сямин-Шэньчжень (2013 йил), Ланжоу-Урумчи (2014 йил), Гуангжоу-Ҳонгконг (2018 йил) тезюрар темир йўл линияларини ҳам China Railway Group Limited компанияси қурган.

Фото: Wang He/Getty Images

2012 йил декабрь ойида ишга туширилган Пекин- Гуангжоу йўналиши дунёдаги энг узун тезюрар поезд линияси ҳисобланади. Унинг узунлиги 2,3 минг километрни ташкил этади. Бу линияда поездлар соатига 300 километр тезликда ҳаракатлана олади. Шу тариқа, режадаги тезюрар темир йўл линиялари ишга туширилади ва пойтахт Пекин барча провинциялар маркази билан тезюрар йўл орқали боғланади. Бугун Хитойда тезюрар поезд линияларининг узунлиги 30 минг километрга яқин.

Сўнгги йилларда ҳам Хитойда юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган янги темир йўл линиялари қурилиши, шунингдек, мавжуд йўлларни электрлаштириш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Оддий йўлларнинг айрим участкаларида йўловчи поездлар учун максимал тезлик соатига 200 километрни ташкил этмоқда. Темир йўлларнинг ярмидан кўпи электрлаштирилган.

Бугун Хитой Япония ва Европа давлатларида мавжуд бўлганларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам уларникидан кўп тезюрар темир йўл линияларига эга.

Ўта юқори тезликда юрадиган поезд линиялари

Фото: Wang He/Getty Images

Хитой бугун дунёдаги энг кўп тезюрар поезд ва юқори тезликда ҳаракатланса бўладиган энг узун темир йўлларга эга. Уларнинг бир қисми ўта юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган линиялар ҳисобланади. 2014 йилда Хитой дунё бўйича магнит левитациясидаги энг йирик ва юқори тезликда ҳаракатлана оладиган иккинчи тижорий поезд ҳаракатини йўлга қўйди. Унинг ҳаракат тезлиги соатига 431 километрга етади.

Оддий рельсларда юқори тезликда юрадиган поездлар Хитойда 2016 йилда пайдо бўлган. Пекин ва Тяньцзин орасида поездларнинг тезлиги соатига 350 километргача етади. Тезюрар темир йўллар Шицзячжуан-Тайюан,  Циндао-Цзинань, Хэфэй-Уҳан, Хэфэй-Нанкин оралиғида қуриб бўлиниб, бу шаҳарлар орасида аллақачон тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилган.

2009 йилда ҳозирги кунда энг мукаммал ҳисобланадиган Уҳан-Гуангжоу ва Жэнгжоу-Сиан темир йўл линиялари ишга туширилган. Уларни қуришда йўл панжарасини (бетон шпалаларда) маҳкамлашнинг балластсиз технологияси қўлланган, бу соатига 350 километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланиш имкониятини беради.

Уҳан-Гуангжоу линияси ишга туширилган вақтда дунёдаги энг тезюрар линия ҳисобланган. Бугун Хитойда соатига минг километр тезликда ҳаракатланса бўладиган темир йўл синовдан ўтказилмоқда. Агар синовлар муваффақиятли ўтса яқин келажакда темир йўлларда ҳаракатланиш бўйича том маънода «инқилоб» юз беради ва янги рекордлар ўрнатилади.

Хитойда темир йўллар ривожланиши йўловчилар сонини кескин оширди

Жиангсудаги метро станцияси. China Daily/Reuters

Темир йўллар бугун Хитойда энг оммабоп транспорт тури ҳисобланади. Мамлакатда нафақат оддий темир йўллар, балки тезюрар поезд линиялари қурилар экан, шунга яраша темир йўл орқали йўловчи ва юк ташиш кўрсаткичлари ҳам доимий равишда ошиб келмоқда. Бугун аксарият хитойликлар мамлакат бўйлаб ҳаракатланишда, ҳатто узоқ масофаларга ҳам ҳаво транспортидан кўра темир йўлда юришни афзал кўришмоқда.

Янги тезюрар поездлар, сифатли сервис хизмати, масофани босиб ўтишда максимал қисқа вақт сарфланиши хитойликларни темир йўлда юришга ундамоқда. Пойтахт Пекиндан исталган провинция марказига тезюрар поездда саккиз (!) соатда етиб олиш мумкин.

Бундан бир неча йил олдин China Eastern Airlines давлат авиакомпанияси раҳбари Лю Шаоюнь «Сўнгги йилларда тез суръатларда ривожланган Хитой тезюрар поездлар тармоғи яқин йилларда мамлакат фуқаро авиациясининг камида 60 фоиз мижозларини ўзига тортиб олади», деб фикр билдирган эди. Амалда шундай бўлди ҳам. Бугун хитойликлар ишга қатнаш, оилавий саёҳат, бошқа шаҳарларга турли юмушлар билан боришда асосан тезюрар поездлардан фойдаланмоқда. Биргина мисол: 2019 йилда Ой тақвими бўйича нишонланадиган янги йил таътилида, 40 кун давомида 2,98 миллиард хитойлик йўловчи айнан темир йўл орқали ўз манзилига етиб олган.

China Railways Хитой бўйлаб 28 турдаги икки мингга яқин тезюрар поезддан йўловчи ташишда фойдаланяпти. Сўнгги йилларда Хитойда тезюрар поездлар ишлаб чиқарувчи China Railway Rolling Stock Corp. компанияси ҳар йили юздан ошиқ тезюрар поезд ишлаб чиқариб фойдаланиш учун топшириб келяпти.

Хитой мўъжизаси дунё нигоҳида

2019 йилда Жаҳон банки «Хитойда тезюрар поезд линияларининг ривожланиши» мавзусида ўз ҳисоботини эълон қилди. Унда Хитой тезюрар поезд йўлларини бошқаларга қараганда арзон ва тезкорлик билан қураётгани, чипта нархлари ҳам арзонлиги алоҳида қайд этилган эди.

«Бир макон, бир йўл» шиори остида Хитой ҳатто Европага ҳам поезд қатновини қўйди. Илк поезд қатнови 2014 йилда Иу-Мадрид йўналишида қатнай бошлайди ва Хитойдан йўлга чиққан поезд 21 кун деганда саккиз мамлакат – Хитой, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Польша, Германия, Франция ҳамда Испания ҳудуди бўйлаб юриб, Мадридга етиб боради.

Ўшандан бери узунлиги 13 минг километрдан ошадиган бу йўналишда поезд мунтазам қатнамоқда. Ушбу йўналишга Хитой томони «Янги ипак йўли» деб ном берган.

Иу-Мадрид йўналишини очишдан аввал айрим жойларда темир йўллар қуриш ва таъмирлаш учун 40 миллиард доллар маблағ сарфланган. Дарвоқе, 2017 йил Иудан йўлга чиққан поезд Ла Манш устидаги темир йўл орқали Лондонга ҳам етиб борган.

Бугун China Railways таркибидаги турли компаниялар дунёнинг кўплаб давлатларида темир йўллар, темир йўл туннеллари, кўприклар қурмоқда. Жумладан Ўзбекистон пойтахти билан Фарғона водийсидаги вилоятларни ўзаро боғлайдиган Қамчиқ довони орқали ўтган темир йўл линиясидаги туннел ҳам China Railways таркибидаги China Railway Tunnel Group томонидан 2013-2016 йиллар давомида қуриб фойдаланишга топширилган эди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид