Жамият | 10:42 / 19.05.2020
25597
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида бир гуруҳ босқинчилар қўлга олинди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Хўжаобод туман ИИБ ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотга асосан, 2020 йил 17 май кунидан 18 май кунига ўтар кечаси туманнинг Ипакчи маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Г.нинг яшаш уйида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тезкор тадбир давомида уч нафар номаълум шахс хўжалик пичоғи билан қуролланиб,  юзларига ниқоб тақиб олган холда хонадон эгаси Д.Г.дан босқинчилик йўли билан пул талаб қилиш мақсадида хонадонга девор ошиш йўли орқали киришган вақтларида пистирмада турган ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида улар Булоқбоши туманида яшовчи фуқаролар Х.Н, Б.Ж, И.А. бўлиб чиқди. Улардан уч дона хўжалик пичоғи, уч дона ниқоб ҳамда бошқа буюмлар далилий ашё сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддасининг 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, юқоридаги шахслар Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланганлар.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид