Финишга етолмаган Airbus. Покистондаги авиаҳалокатга нима сабаб бўлган?
22 май куни Покистонда даҳшатли авиаҳалокат юз берди. Pakistan International Airways авикомпаниясига тегишли Airbus320 самолёти қўниш арафасида ҳалокатга учради. Карачидаги одамлар уйи устига қулаган самолёт ҳалокатига нима сабаб бўлган?
Учувчи ҳалокатдан олдин хабар берган
Лаҳордан Карачига парвозни амалга оширган самолёт бортида 99 киши бўлган: 91 нафар йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзоси. Йўловчилардан икки киши омон қолди. Самолёт Карачидаги «Жинна» аэропортига қўниши белгиланган вақтдан бир дақиқа олдин ҳалокатга учраган. Самолёт ерга қулашидан бир дақиқа аввал учувчи ва диспетчер ўртасида алоқа узилган. Pakistan International Airways авикомпанияси раҳбари Аршад Маликнинг хабар қилишича, ҳалокатдан олдинроқ учувчи иккита двигател ишламай қолгани ҳақида хабар берган.
47 минг соатдан кўпроқ учган самолёт
Ҳалокат содир бўлгач, самолётни ишлаб чиқарган Airbus компанияси тезда у ҳақда маълумот эълон қилди. Унга кўра, самолёт 2004 йилда фойдаланишга топширилган ва 2014 йилдан Покистон халқаро ҳаво йўллари тасарруфига ўтиб, ҳалокатгача 47 100 соат парвозни амалга оширган. Airbus ҳалокат сабаблари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.
Тахминларга кўра, ҳалокатга самолётдаги техник носозликдан ташқари унинг ҳавода қушлар галаси билан тўқнашгани ҳам сабаб бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Бироқ бу далилни бир факт рад этиши мумкин. Агар самолёт чиндан қушлар галаси билан тўқнашганда учувчи катта эҳтимол билан бундан хабар топган ва диспетчерга маълум қилган бўларди. Аммо у қулаш олдидан фақат иккита двигател ишламай қолганини айтган.
Аниқланишича, учувчи биринчи уринишда қўнишни амалга ошира олмаган ва шундан кейин двигателлар ишдан чиққанини хабар бериб, уч марта носозлик сигналини берган, яъни фавқулодда ҳолатларда ҳаракатсизлик аломатини билдирирувчи «мэй-дэй» чақирувини уч марта айтган.
Қурбонлар кўпайиши мумкин
Ҳозирча расман қурбонлар сони 97 киши экани айтилмоқда. Аммо самолёт одамларнинг уйлари устига қулагани инобатга олинса, аҳоли орасида ҳам қурбонлар чиқиш эҳтимоли бор. Баъзи нашрларнинг ёзишича, самолёт қулаган уйлардан 15-20 нафар одам қутқариб олинган, шунингдек, бир бола ва бир нафар катта ёшли одамнинг жасади топилган.
Покистонда ҳам бошқа кўплаб мамлакатларда бўлгани каби авиақатновлар тўхтатиб қўйилган ва ҳукумат яқинда фақат ички рейсларни тиклашга рухсат берганди.
«Атрофимда фақат оловни кўрдим»
ВВС нашрининг ёзишича, самолёт йўловчиларининг аксари ҳайит байрами муносабати билан яқинлариникига кетаётган бўлган. Самолёт бортида бўлган ва омон қолган икки йўловчидан бири Муҳаммад Зубайр ҳалокатдан олдинги воқеаларни гапириб берди.
«Ҳеч ким самолёт қулайди деб ўйламаганди. У бирдан кескин пасая бошлади. Самолёт ерга урилганда зарбдан ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келганда фақат одамларнинг бақираётгани эшитиларди, атрофда фақат олов кўринди. Тезда хавфсизлик камарини ечдим ва ёруғлик кўринган томонга қараб бордим.
Мен Карачига ҳайит байрамини нишонлагани бораётгандим. Лаҳордан кундузги соат 13:00да учдик, парвоз муаммосиз давом этаётганди. Карачи аэропортига яқинлашганда учувчи қўнишни эълон қилди, самолёт секин пастлади ва бирдан икки-уч марта силкинди. Кейин самолёт иккинчи марта айланиб келди. 10-15 дақиқа ўтиб учувчи яна қўнишимизни эълон қилди. Кейин қуладик ва мен ҳушимни йўқотдим», деб эслайди омадли Муҳаммад Зубайр.
Экспертларнинг айтишича, самолётнинг қўниш шассиси (яъни ғилдираклари) очилмай қолган бўлиши мумкин. Улар буни самолёт қулагани тасвирланган суратларда шасси очилмагани билан изоҳлашган. Самолёт қулаган ерда машиналар ҳам ёниб кетган. Омон қолган икки киши ҳам самолётнинг олд қисмида, яъни бизнес класда бўлгани айтилмоқда. Улардан бири Панжоб Банки раҳбари Зафар Масъуд бўлган. У омон қолгани ҳақида «Bank of Punjab» расмий сайтида ҳам маълум қилинди.
40 минг доллар компенсация
Маълум бўлишича, авиаҳалокат оқибатида қурбон бўлган 97 йўловчининг яқинлари «Покистон халқаро ҳаво йўллари» компаниясидан 1 миллион рупия миқдорида компенсация олишади. Яна 5,5 миллион рупиядан суғурта компанияси тўлаб берилади. Умумий ҳисобда ҳар бир вафот этган йўловчининг яқинлари 6,5 миллион рупиядан (тахминан 40 минг АҚШ доллари) олишади.
Покистон расмийлари суриштирув ҳаракатлари уч ойгача чўзилиши мумкинлигини маълум қилишган. Шунингдек, самолётнинг «қора қути»сини очишда Покистон ҳукумати Airbus’дан ёрдам сўраши маълум. Покистонлик учувчилар ҳукуматга мурожаат қилиб, суриштирув ишларига Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти вакилларини жалб қилишни сўраган.
«Агар ҳозир халқаро ташкилотлар жалб қилинган ҳолда текширув ўтказилмаса, бундай ҳалокатлар яна такрорланиши мумкин», деган Покистон фуқаро авиацияси ассоциацияси бош котиби капитан Имрон Нарежо.
Бу Покистонда сўнгги йиллардаги илк авиаҳалокат эмас. 2010 йилда Airblue авиакомпанияси самолёти Исломобод яқинида ҳалокатга учраб, унинг бортидаги 152 кишининг барчаси ҳалок бўлган. 2012 йил эса Bhoja Air авиакомпаниясининг Боинг-737 самолёти Равалпиндида қулаб тушиши оқибатида 127 кишининг ўлимига сабаб бўлган. 2016 йил Pakistan International Airlines самолёти парвозга чиқиш арафасида ёниб кетиб, 47 киши ҳалок бўлганди.
Мавзуга оид
00:15 / 22.12.2024
Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
13:48 / 18.12.2024
Покистон супермаркетларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилади
12:37 / 14.12.2024