Спорт | 16:41 / 04.06.2020
6712
1 дақиқада ўқилади

Тачмурод Агамуродов «Қизилқум»да иш бошлади

Суперлига давом эттирилиши олдидан Навоийнинг «Қизилқум» клуби мураббийлар штабида ўзгариш юз берди.

Tribuna.uz манбасига кўра, ўтган мавсумнинг иккинчи даврасидан буён «Динамо» жамоасини бошқариб келаётган Тачмурод Агамуродов Самарқанд клубини тарк этган. Туркманистонлик мутахассисга Навоийнинг «Қизилқум» клубидан таклиф тушган. 67 ёшли мураббий бугун Навоийда клуб раҳбарияти билан учрашиб, келишувга эришган ва бош мураббий этиб тайинланган.

Бунгача клуб бош мураббийи сифатида ишлаган Ҳамиджон Актамов клуб раҳбариятидаги фаолиятини давом эттиради. Актамов сўнгги марта Суперлига 1-турида «Қизилқум» - «Насаф» (1:3) ўйинида жамоани бошлаб тушганди. Кейинги икки турда эса клубни ёрдамчи мураббий Акмал Холиқов бошқарганди.

Эслатиб ўтамиз, «Қизилқум» олдинроқ россиялик мутахассислар Виктор Кумиков ва Александр Хомяковлар билан музокара ўтказганди.

Мавзуга оид