Ўзбекистон | 14:36 / 21.03.2024
7962
11 дақиқада ўқилади

Қизилқум бағридаги тиббиёт — турли ҳудудлардан келиб ишлаётган шифокорлар ҳаётидан репортаж

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Навоий вилоятига таъриф берилганда энг сўзи кўп ишлатилади. Ўзбекистондаги «энг ёш», «ҳудуд жиҳатдан энг катта», «энг кам аҳоли истиқомат қиладиган», «табиий қазилма бойликлари сабаб иқтисодиётдаги улуши энг кўп бўлган» ҳудуд — Навоий вилоятидир. 46,63 минг квадрат километр майдонни эгаллаган Учқудуқ Навоийнинг ҳудуд жиҳатдан энг катта тумани ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг «Тиббий ракурс» дастури доирасида навбатдаги манзили Учқудуқ тумани бўлди.

Туман майдони жиҳатидан Андижон вилоятидан 10 баробар, Хоразмдан 7 баробар, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидан қарийб 2 баробар катта майдонни эгаллайди. Қизилқум чўлида жойлашган туманда 37 минг нафардан аҳоли истиқомат қилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

 Учқудуқ туманининг тиббий салоҳияти қандай?

Туман тиббиёт бирлашмаси таркибида ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи кўп тармоқли марказий поликлиника ва марказий шифохона, 75 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ва 25 қатновли 7 та оилавий шифокор пункти мавжуд.

Ўз вақтида туман тиббиёт бирлашмаси бинолари хароб аҳволга тушиб қолган эди. Туғуруқ хоналари ҳам, операция кабинетлари ҳам шу оғир шароитдаги бинода бўлган. Туман марказий шифохонасининг фойдаланишга топширилган янги биноси эса бугунги тиббиётимизнинг асосий талабларига жавоб бера оладиган, замонавий кўринишдаги мажмуадир.

Шифохона 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, учқудуқликларга стационар тиббий хизматлар кўрсатиб келади. 125 қатновга мўлжалланган туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига эса кунига 300 нафаргача фуқаро мурожаат қилади.

 

«Навбатчи ҳам, акушер-гинеколог ҳам, тез ёрдам шифокори ҳам ўзимиз эдик»

Кам сонли ва аҳоли жойлашуви тарқоқ бўлган туманда тиббиёт ходимларига эҳтиёж доим мавжуд. Туман поликлиникасининг дерматолог-шифокори, 2-даражали «Саломатлик» ордени соҳибаси наманганлик Гулшода Бўстонова ушбу олис ҳудудда узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келади.

—  1997 йилда бу ерга келганман. У пайтда мутахассислар етишмас, шундай пайтлар бўлардики, ҳам тунги навбатчиликка турардик, ҳам ҳомиладорлар келганда туғуруқни қабул қилардик, ҳам тез тиббий ёрдамга муҳтож беморларга ёрдам берардик. Олис ҳудуд бўлгани учун кўпчилик бу ерга келиб ишлашни истамас эди. Тез ёрдам машинаси йўқ, эски «Москвич»да чақирувга борардик. Йўлда автомобил бузилиб, оқ халатда машина ортидан сурган пайтларимиз бўлган. У кунларни эслаганда ҳозирги шароитларга шукр қиламиз, — дейди Гулшода Бўстонова.

 

Аҳоли орасидаги тиббий хавф гуруҳларини аниқлаш — асосий вазифа

Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида айни пайтда аҳолини тиббий хатловдан ўтказиш жараёнлари давом этмоқда. Тиббий бригадалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган эслатмалардан иборат қўлланмалар билан таъминланиб, ишни шу асосда ташкил этишга алоҳида урғу берилмоқда. Бу жараёнда ҳам бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган тиббиёт ходимларининг алоҳида ҳиссаси бор. Хатирчилик Азизбек Бўронов ҳам Учқудуқда икки нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи билан яшаб, туман тиббиёт бирлашмасида ишлаб келмоқда.

—  Бу ерга келганимга 6 йил бўлди. Аввал шароит анча оғир эди. Ҳозирда мана шундай замонавий бинода оила шифокори сифатида ўзимга бириктирилган 2000 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқдаман, — дейди Азизбек Бўронов.

Бугун тиббий бригадалар аҳолининг сурункали касалликлардан азият чекувчи ўрта хавф гуруҳига кирувчи аҳоли вакилларини патронаж тадбирлари билан қамраб олишни мақсад қилган. Тиббиёт ходимлари уларнинг уйларига бориб, зарур кўрикларни олиб боряпти, саломатлиги учун керакли тавсияларни бермоқда.

—  Авваллари асосий вақтимиз ҳисобот тўлдириш, уни раҳбарларга кўрсатиб, тасдиқлатиш билан ўтиб кетарди. Ҳозир бу ишлар кундан кунга камайиб бормоқда. Шу йил январ ойидан бошлаб қўлимизга асосий вазифаларимиз тушунтирилган йўриқномалар тарқатилди, энди шу асосда иш олиб боряпмиз. Асосий вақтимиз беморлар билан ишлаш, уларнинг ҳолатини назорат қилиб боришга қаратилмоқда, — дейди ҳамшира Моҳинур Атабоева.

Президентнинг 2021 йил январ ойидаги тегишли қарори асосида Учқудуққа келиб ишлаётган тиббиёт ходимларидан бири бухоролик 28 ёшли мутахассис Санжар Жумақуловдир. Ҳозир тумандаги  36-оилавий поликлиникада мудир сифатида ишлаб келмоқда.

«Мен ишлайдиган шифохонадаги шароитларни вилоят марказидаги шифокорлар орзу қилса бўлади», дейди мутахассис.
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

 46 нафар фуқаро учун қурилган замонавий оилавий шифокор пункти

Галдаги манзил – туман марказидан 200 километр олисда жойлашган Кўкаёз овулида атиги 46 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг асосий машғулоти чорвачилик. Одамлар чўл бағрида ўтлаб юрган чорвасининг сон-саноғини ҳам билмайди. Бу ҳудудга пойтахт тугул вилоят марказидан кимдир келиши ҳам муҳим янгиликдек қабул қилинади. Ана шундай олис манзилга тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар етиб бориб, амалда ўз натижасини кўрсатаётгани кишини қувонтиради.

Кўкаёз оилавий шифокор пунктида ишлаб келаётган қорақалпоғистонлик Ғайрат Ражапов бу ерга келганига роппа-роса бир йил бўлди. Ёш шифокор пойтахтдан қарийб 1000 километр, вилоят марказидан 500, туман марказидан 200 километр олисда, Қизилқум бағридаги овулда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шифокор тиббий назоратда турадиган ҳар бир беморнинг аҳволидан кунора хабар олиб туради.

—    Бир қараганда, 46 нафар фуқаро оз кўринса-да, уларнинг орасида ўрта ва оғир хавф гуруҳига мансуб беморларимиз бор, — дейди Ғайрат Ражапов. — Уларнинг уйларига бориб ҳолидан хабар оламиз, тиббий хизмат кўрсатамиз.

Овул беморлари бир пайтлар туман марказига чўлнинг иқлим ва рельеф шароити учун ноқулай бўлган «Дамас» автомашинасида қатнар эди. Президент томонидан ҳудуд шароитига мослашган «УАЗ» тез ёрдам машинаси совға қилиниши аҳолининг оғирини енгил қилди. 2023 йилда «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган Сайпулмалик Хўжабаев ана шу машинада кўкаёзликларга хизмат кўрсатади.

—  Аввалги машиналаримиз кўп бузилар эди. Бу йўлларда «Дамас» каби автомобиллар юра олмайди. Ҳозир эса бемор оғир аҳволда ва жиддий операцияга муҳтож бўлса, «УАЗ» машинасида шифокор билан биргаликда уни туман марказига олиб борамиз, — дейди С.Хўжабаев.

Энг чекка ҳудуд бўлишига қарамай,  овул аҳли учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилган. Замонавий боғча ва мактаб, бекаму-кўст коммунал хизматлар, интернет тармоғи ва албатта, сифатли бирламчи тиббий-санитар ёрдами муассасаси ҳудуд аҳолиси хизматида.

Биргина мисол, бугунги кунда овулда 8 нафар мактаб ёшидаги, 4 нафар боғча ёшидаги бола яшайди. Бироқ улар таълим-тарбия олиш учун бошқа ҳудудларга қатнаши имконсиз.

Шу сабабли юртимизнинг ана шу фарзандлари учун овулнинг ўзида давлат томонидан бирор туман ёки вилоят марказидаги муассасалардан қолишмайдиган бутун бошли замонавий мактаб ва боғча бинолари қуриб берилгани кишини ҳайратга солади. Уларда сўнгги русумдаги компьютерлар, спорт зали ва майдончалари мавжуд. Болаларнинг саломатлиги эса мунтазам назоратда.

Учқудуқдан Жузқудуққа

Қизилқум бағридаги яна бир манзил — Жузқудуқ овули.

Бор-йўғи 150 киши яшайдиган мазкур ҳудудда 25 қатновга мўлжалланган оилавий шифокор пункти фаолият юритиб келмоқда.

Ушбу муассасада Хоразм вилоятидан келган Турсунбой Ҳайитбоев узоқ йиллардан бери жузқудуқликларга тиббий хизмат кўрсатади.

— Учқудуққа келганимга 13 йилдан ошди. Бу даврда туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида лаборант-врач, тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи врачи, умумий амалиёт шифокори, марказий поликлиника бош терапевти каби вазифаларда ишладим. Икки фарзандим шу ерда туғилди. Шу ерда боғча ва мактабга боришади. Турмуш ўртоғим ҳам мактабда ўқитувчи. Ризқимиз шу Қизилқум чўлларига сочилган экан, териб юрибмиз, — дейди Т.Ҳайитбоев.

Учқудуқ тумани Қозоғистон билан чегарадош минтақа бўлгани сабабли қишда шимолдан совуқ ҳаво массалари тўғридан тўғри кириб келади. Ёзда эса Қизилқумнинг жазирамаси танангизни куйдиради. Табиийки, бундай иқлим шароитида аҳолига бирламчи сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун давлатнинг алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги зарур. Қувонарлиси, жузқудуқликлар ана шу эътиборни ўз ҳаётларида ҳис қилмоқда.

— Бир вақтлар овулда қўл боғлашга оддий бинт ёки тиббиёт спирти топилмасдан, туман марказига боришга мажбур бўлардик. Шундай кунларни бошимиздан ўтказдик. Энди бизнинг фарзандларимиз бу қийинчиликларни кўрмасликларига ишонаман, — дейди жузқуқудлик Абдуҳалил Ментуров.

***

Ўзбекистон харитаси узоқдан қараганда, олға талпиниб турган тулпор шаклига ўхшайди. Бироқ бу шаклга яқинроқдан қарасангиз, турли чеккаларида миллионлаб тақдирлар, миллионлаб фидойи инсонлар яшаётгани, ўзининг камтарин ва оддий ҳаёти, ҳалол меҳнати билан халқ учун хизмат қилаётганини кўрасиз.

«Бир пайтлар Учқудуқ деганда чўл ўртасидаги чекка бир ҳудуд хаёлга келарди. Бугунги замонавий Учқудуқ шаҳри бу тасаввурларни буткул йўққа чиқарган, дея оламиз. Туман марказидан юзлаб километр олисдаги манзилларда ҳам барча ижтимоий инфратузилмалар, тиббиёт ва таълим масканлари замон талабларига тўлиқ жавоб бера олади. Инсонларнинг соғ-саломат ва хотиржам яшашлари учун барча шароитлар муҳайё. Буларнинг барчаси юртимизда олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш борасидаги ишларнинг тумандаги натижасидир», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун: Туман тиббиёти масъулларининг маълум қилишича, Учқудуқ туман марказий шифохонаси бўлимларида кардиолог, невропатолог, акушер-гинеколог, педиатр, неонатолог, ЛОР каби ихтисослашган тор соҳа мутахассисларига ҳали ҳам эҳтиёж бор.

Агар бу соҳа мутахассислари бошқа ҳудудлардан келиб, Учқудуқ туманида ишлаш истагини билдирса, туман тиббиёт бирлашмасининг (93) 932-00-03 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Мавзуга оид