Жаҳон | 08:23 / 05.06.2020
24381
2 дақиқада ўқилади

Машҳур брендлар АҚШда ирқчиликка қарши оммавий ҳаракатга қўшилди

Қўшма Штатларда ирқчиликка қарши кечаётган норозилик ҳаракатларига Nike, Reebok, Twitter ва Facebook каби бир қатор таниқли бренд ва корпорациялар ҳам қўшилди.

Фото: Bryan Denton for The New York Times

«Қора сешанба» (Blackout Tuesday) куни деб ном олган 2 июнь санасида улар қаршилик кайфиятини логотиплар рангини оқ-қора тусга ўзгартириш ёки #BlackLivesMatter ва #ShareBackStories ҳештеглари остида расмий мурожаатлар орқали намойиш этишди.

Қора танли аҳолига нисбатан ҳарбий структуралар ва жамиятнинг муносабатини ўзгартириш чақириғига Nike, Adidas, Puma, Reebok, Vans, Versace сингари брендлар қўшилган.

Facebook ирқий адолатсизликни йўқотиш ишларига 10 млн доллар ажратишини маълум қилган.

Nike ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ирқчилик муаммосига бефарқ бўлмасликка чақирувчи видеомурожаатни жойлади.

Twitter логотипидаги кўк рангли қушча ҳам қора тусга кирди.

«Қора танли ҳамжамиятсиз Reebok мавжуд бўла олмасди. АҚШ мавжуд бўлмасди. Биздан оёқ кийим харид қилишингизни сўрамаймиз. Фақат «оёқ кийимингизни алмаштириш»ингизни, ўзингизни бошқаларнинг ўрнига қўйиб кўришингизни сўраймиз. Ҳамжиҳат бўлиш учун. Умумий инсоний тилни топиш учун», дейилади Reebok’нинг Инстаграм саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 25 май куни Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида полициячи қора танли эркак Жорж Флойдни қўлга олиш вақтида унинг бўғилиб ўлишига сабаб бўлгач, оммавий норозиликлар бошланиб кетган эди.

Мавзуга оид