Ўзбекистон | 16:06 / 08.07.2020
42243
3 дақиқада ўқилади

«Бу коллапс бўлади» – Ҳабибулла Оқилов кунлик касалланиш ҳолатлари сонини мингдан ошиши эҳтимоли ҳақида

АОКАда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг ахбороти бўйича матбуот анжумани ташкил этилди. Спикерлардан бири Ҳабибулла Оқилов кунига минглаб одамда касаллик аниқланса, соғлиқни сақлаш тизими буни кўтара олмаслигидан огоҳлантирди.

«Ҳозир кунига 350 нафар коронавирус билан касалланганлар қўшиляпти, лекин бу - биз билган статистика. Буни орасида ҳали қанча таҳлилга етиб бормаган, лекин аслида касалланган, симптомсиз юрган беморлар сони икки-уч баробар кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, дастлаб, ПЗР аппаратлари яхши ва муаммосиз ишлаганди. Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги қошида, Республика ОИТСга қарши кураш маркази ва унинг ҳудудий филиалларида, Вирусология илмий-текшириш институтида, вилоятларда қўйилган ПЗР-аппаратлари етарли даражада таҳлилларни чиқариб бера олаётган эди.

Аммо касалланганлар сони ошиб кетгани учун кунига 20-22 мингта тест етмай қоляпти. Тест натижалари аввал бир неча соатда чиқаётган бўлса, ҳозир таҳлил топширганлар кўпаяётгани ҳисобига ПЗР аппаратларининг таҳлил жавобларини чиқариши 2-3 ёки бир ҳафтага кечикмоқда.

Бу муддатда эса касаллар ҳам аҳоли орасида касаллик тарқатаётган 4-5 одамга, у 4-5 одам эса яна шунча одамга юқтириб қўйиши мумкин. Шунинг учун биз касаллик тарқалишини чеклаш учун карантин қоидаларини яна 20 кунга кучайтиряпмиз. Халқдан атиги 20 кунга чидаб беришини сўраймиз.

Ҳозир давлат раҳбарининг топшириғи билан яна 60та ПЗР-аппарати олиб келинди, улар учун ҳозир шифокорларни ўқитиб беряпмиз, уларни қўямиз, сонини кўпайтирамиз. Лекин юқтириш занжирини ҳозир бўлиб қўймасак, эртага кунига 350та эмас, ҳар куни мингтадан, Худо кўрсатмасин, 1,5 мингтадан қўшила бошласа, у ҳолда республика соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ коллапсга тушиб қолади, қўшни мамлакатлар аҳволига тушиб қоламиз – касалхонага беморни қўлда кўтариб келишяпти, касалхона эшигини тақиллатяпти, лекин ичкаридан очаётгани ҳам йўқ, чунки жой ҳам йўқ, иложи ҳам йўқ, дори-дармон ҳам йўқ, дорихоналар ёпиқ, койка-ўринлар йўқ, касални кўтариб қаерга боришни билмайди, уйда ўтирибди. Бу – коллапс», дея Оқиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Маълумот учун, Ўзбекистонда 3 июлдан буён кунлик ўсиш 300 кишидан кам бўлмаяпти. Умумий касалланганлар сони эса 10 838 кишини ташкил этмоқда. Ҳозиргача 6811 киши тузалди ва 41 киши вирус қурбонига айланди.

Мавзуга оид