Жаҳон | 21:56 / 10.07.2020
66875
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус ҳаводан юқиши мумкинми: Бу ҳақида нималарни билиш муҳим?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус ҳаво томчилари орқали юқишини истисно эта олмаслиги ҳақидаги баёноти қизғин муҳокама қилинмоқда.

Фото: EPA

Мазкур масала бўйича бир неча ойлар давомида олиб борилган тадқиқотларда коронавируснинг ҳаво орқали юқиши аниқланди. Кейинги пайтларда эса ҳаво орқали юқиш жараёни қандай содир бўлиши ҳақидаги тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ушбу тадқиқот натижаларига кўра, коронавирусга қарши курашиш бўйича қабул қилинган чораларга ўзгартириш киритилган тақдирда қўлни тез-тез ювиб туриш ва ижтимоий масофа сақлаш каби тадбирлар қаторига янги қоидалар қўшилиши мумкин.

Айни пайтда коронавирусга асосан контакт орқали юқадиган вирус сифатида қаралмоқда ва тегишли чоралар ҳам шундан келиб чиққан ҳолда жорий этилмоқда.

Хўш, томчи йўли ва ҳаво йўли орқали юқиш ўртасида қандай фарқ бор?

Томчи йўли билан юқиш (5 микрондан кўп)

Йўталиш ёки аксириш натижасида сочилган томчилар бошқа бир кишининг кўз ёки оғзига кириши мумкин. 

Ҳаво йўли билан юқиш (5 микрондан оз)

Майда зарралар узоқ муддат давомида ҳавода осиғлиқ ҳолда қолади ва у ҳаво оқими билан янада узоқроқ ва кенгроқ майдонга тарқалади. Агар бу ҳаводан кимдир нафас олса, ҳаво йўли билан юқиш содир бўлади. 

Ҳаво йўли билан юқиш учга бўлинади:

  • Тўғридан тўғри;
  • Билвосита;
  • томчиларнинг сочилиши билан.

Томчиларнинг сочилиши касал одамнинг «гапириш, кулиш, аксириш, йўталиш орқали атроф-муҳитга секреция чиқариши» деб таърифланади ва улар ҳавода 1 метргача тарқалиши мумкинлиги айтилади.

Томчи йўли орқали юқадиган касалликларга кўк йўтал, грипп ва пневмония мисол бўла олади.

Ҳозирги вақтда коронавирус тўғридан тўғри, билвосита ва томчилар орқали юқадиган касаллик сифатида тавсифланмоқда.

Ҳаводан юқадиган касалликларнинг энг муҳим хусусияти шундаки, вирус ҳавода нисбатан узоқроқ осиғлиқ ҳолда туради ва катта ҳудудга тарқала олади.

Коронавируснинг ҳаво орқали юқишига оид қандай хулосалар мавжуд?

Лаборатория тадқиқотлари шуни кўрсатдики, сунъий равишда аерозолланган (сепилган) коронавирус ҳавода камида уч соат давомида тирик қолиши мумкин. Бироқ олимлар лаборатория муҳитида олиб бориладиган ушбу тадқиқотлар муҳити ҳақиқий ҳаётий шароитлари билан бир хил эмаслигини таъкидлашмоқда.

Шу билан бирга, турли жойларда учрайдиган баъзи супер юқумли ҳолатлар ҳаво йўли билан юқиш ҳақидаги шубҳаларни кучайтирмоқда. Масалан, АҚШнинг шимоли-ғарбида жойлашган Вашингтон штатидаги Вернон тоғида хор машғулотларида бир одам камида 45 кишига вирус юқтиргани аниқланди. Энг қизиғи, репетиция пайтида айрим одамлар вирус юқтирувчи одамга 2 метрдан ортиқ масофада яқин келмаган.

Шунга ўхшаш воқеа Хитойнинг Гуангжу шаҳрида ҳам содир бўлган. 24 январь куни кечқурун ресторанда овқатланиб, коронавирусни олиб юрган киши ўша жойдаги яна тўққиз кишига вирус юқтирган.

Ресторанда олиб борилган тадқиқотда вирусни юқтирган тўққиз киши кондиционер ҳаво пуфлаган йўналишда ўтиргани маълум бўлган. Ҳаво оқимининг намуналари кондиционер вирусни 6 метрга қадар олиб бора олиши мумкинлигини кўрсатди.

Олимлар айни пайтда Covid-19 xасталигини келтириб чиқарадиган янги турдаги коронавируснинг барча турлари ҳаво орқали юқиш-юқмаслиги, бу жараён қандай содир бўлиши ҳақида чуқур тадқиқотлар олиб боришмоқда. Шу пайтгача олинган натижалар эса ҳаво орқали юқиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Вируснинг ҳаво орқали юқишини аниқлаш нима учун муҳим?

Касалликларни юқтириш усуллари қабул қилинадиган чораларни белгилашда муҳим рол ўйнайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган қўлланмада қўлларни совун билан 20 сония давомида ювиш ва ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилиш тавсия этилади. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари ушбу доирада чора кўрмоқда ва жанговар сиёсатни ишлаб чиқмоқда.

Олимларнинг таъкидлашича, бу чоралар катта аҳамиятга эга, аммо улар ҳаво орқали юқадиган касалликларга қарши етарли эмас. Шу боис кондиционерли муҳитларда, жамоат транспорти ва офис каби гавжум жойларда янги чораларни кўриш кун тартибига киритилиши лозим.

Олимлар инсонларни нимадан огоҳлантирди, ЖССТ нима деди?

Ушбу ҳафтада 32 мамлакатдан бўлган 239 олим ушбу масала бўйича очиқ хат эълон қилишди. Мактуб ЖССТни коронавирус билан боғлиқ чора ва кўрсатмаларини янгилашга чақирди.

Олимлар томонидан санаб ўтилган чора-тадбирлар эса қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • жамоат биноларида одамларнинг ҳаддан ташқари кўп бўлишининг олдини олиш;
  • ички маконларнинг ҳавосини тўғри алмаштириш;
  • ҳаво фильтри тизимларига антисептик ултрабинафша чироқларни қўшиш. 

ЖССТнинг инфекциянинг олдини олиш бўйича глобал мувофиқлаштирувчиси Бенедетта Аллегранци ушбу масала бўйича хулосалар келишда давом этаётганини маълум қилди.

«Биз ушбу хулосалар ҳақида очиқчасига фикр юритишимиз ва бунинг оқибатларини, шунингдек, амалга ошириладиган чораларнинг таъсирини ҳам яхши англашимиз керак», деди у.

ЖССТ томонидан коронавируснинг ҳаво орқали юқиши ҳақидаги хулоса қабул қилиниши гарчи муҳим қадам бўлса-да, янги қарорлар қабул қилишдан олдин аниқ натижаларни кўриб чиқиш лозим.

ЖССТга инфекция хавфлари тўғрисида маслаҳат берган профессор-доктор Дэвид Хейманнинг таъкидлашича, ташкилот коронавирусга қарши курашиш бўйича янги стратегиялар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан аввал янада кенг қамровли тадқиқотларнинг аниқ натижаларини кутади.

Мавзуга оид