Ўзбекистон | 14:26 / 29.07.2020
33210
3 дақиқада ўқилади

Монополияга қарши кураш қўмитаси раисига «UzAuto Motors» монополиясига оид депутатлик сўрови юборилди

Олий Мажлис депутатлари Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев, Нодир Жумаев томонидан «Парламент назорати» шаклида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддин Шариповга тегишли депутатлик сўровини юборган. Ушбу сўров орқали депутатлар Ўзбекистон автосаноати соҳасидаги монополия масалаларига эътибор қаратган.

Фото: UzAuto Motors

Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, автомобиль ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи «UZAUTO MOTORS» АЖнинг жорий йил март ойида бир қатор енгил автомобиллар нархини ошириши сайловчилар ва жамоатчилик вакиллари томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

«Мамлакатимизда рақобат муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш инвестициявий муҳитни яхшилашнинг муҳим талаби эканлигини инобатга олиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар томонидан мазкур соҳа ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Шу муносабат билан ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳисобланган депутатлар Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Н.Жумаев томонидан «Парламент назорати» шаклида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Ш.Шариповга тегишли депутатлик сўрови юборилди», - дея хабар қолдирган Кушербаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Таъкидланишича, сўровда ҳукумат топшириғи доирасида «UZAUTOMOTORS» АЖ томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шу жумладан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан олиб борилган ўрганишлар ва кўрилган чоралар ҳақида асослантирилган ахборот бериш ҳамда қўмитанинг автомобиллар нархини аҳолининг харид қобилиятига мослаштириш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш талаби қўйилган.

Шу йилнинг 11 март куни айнан «UZAUTOMOTORS» АЖ парламент эшитувида жамиятда эътирозга сабаб бўлаётган автомобилларнинг нарх ва сифат масалалари бўйича саволларга жавоб берганди.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев эшитувда янграган жавоблардан қониқмаганини таъкидлаб, компанияни бозор иқтисоди қоидаларига бўйсунмасликда айблаган

Депутатлар Дониёр Ғаниев, Нодир Жумаев ва Расул Кушербаев компания вакиллари билан мунозарага киришиб, унинг фаолиятини кескин танқид қилганди.

Мавзуга оид