Ўзбекистон | 11:36 / 30.07.2020
25295
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари агентлигига янги раҳбар тайинланди

Президент маслаҳатчиси ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев ДХАнинг янги раҳбарига айланди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 29 июлда қабул қилинган қарорига биноан Улуғбек Исломович Муҳаммадиев Давлат хизматлари агентлиги директори этиб тайинланди.

Улуғбек Муҳаммадиев 1977 йил 23 февралда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети (татбиқий математика ва ҳуқуқшунослик йўналишлари), Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (халқаро муносабатлар йўналиши)ни тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1999 йили Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув бўлими инспектори вазифасидан бошлаган. 2001-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси президенти девони, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси котибиятида масъул лавозимларда хизмат қилган. 2008-2017 йилларда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси сифатида фаолият юритган.

2017-2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси президенти девони Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати етакчи инспектори, шўъба мудири, Ўзбекистон Республикаси президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.

У. Муҳаммадиев 2018 йил 26 августдан буён Ўзбекистон Республикаси президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат хизматлари агентлигининг аввалги раҳбари Ҳалилилло Тўрахўжаев июнь ойи охирида Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимига ўтказилганди.

Мавзуга оид