Жамият | 14:56 / 31.12.2021
8227
2 дақиқада ўқилади

Боғчага навбатга қўйиш, хорижга чиқиш учун қўйилган тақиқни аниқлаш ва яна учта хизматдан телефон орқали фойдаланиш мумкин

Давлат хизматлари агентлигининг хабар беришича, 5 турдаги давлат хизматидан мобил алоқа орқали USSD сўрови ёрдамида фойдаланиш имконияти яратилган.

Хусусан, мобил телефон орқали USSD сўрови ёрдамида болалар боғчасига навбатга қўйиш, ижро ҳолати бўйича қарздорликни, кадастр объектига ва хорижга чиқишга тақиқни аниқлаш, тадбиркорлар маълумотларини автоматик тарзда, ҳеч қандай навбатда турмасдан ҳамда ариза топширмасдан олиши мумкин.

“Бунинг учун телефон орқали *1148# USSD сўровини юбориш ва менюдан керакли хизмат турини танлаш кифоя. Сўров нархи 49 сўмни ташкил этади”, дейилади хабарда.

Агентлик ушбу янгилик синов тариқасида йўлга қўйилгани, тақдим этиладиган хизматлар сони босқичма-босқич ошириб борилишини эслатган.

Аввалроқ санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бундан буён давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали берилиши, фарзандли бўлган фуқаролар битта ариза бериш эвазига бир нечта хизматдан бирйўла фойдаланиш имкониятига эга бўлиши, яъни бола туғилганда бирданига поликлиникага ҳисобга олиниши, боғчага жойлаштириш учун рўйхатга қўйилиши, прописка қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид