Жамият | 18:54 / 26.02.2021
6147
3 дақиқада ўқилади

Тиббиёт муассасалари туғилиш ва ўлим ҳолатларини электрон тизимга киритмаётгани маълум қилинди

Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги бир қатор тиббиёт муассасалари туғилиш ва ўлим ҳолатлари билан боғлиқ маълумотларни электрон тизимга киритмагани ва тегишли маълумотларни ягона тизим орқали ФҲДЁ бўлимларига юбормагани аниқланган.

«2018 йил 12 июндаги «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан 2019 йилдан бошлаб тиббиёт муассасалари ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим ҳақида электрон маълумот алмашиш тизими жорий этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентида тиббиёт муассасаси ота-она ва бола ҳақидаги барча маълумотларни электрон шаклда «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан, перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиши ва маълумотлар автоматик тарзда ФҲДЁ бўлимига юбориши белгиланган. Давлат хизматлари агентлиги ушбу жараённи мунтазам равишда назорат қилиб боради. Бироқ ўрганишларимиз ҳамма жойда ҳам белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилинмаётганини кўрсатмоқда.

Хусусан, агентлигимиз томонидан жорий йилнинг январ ойида Тошкент шаҳридаги бир қатор тиббиёт муассасалари тиббий маълумотларни ахборот тизимига киритиш ва ФҲДЁ бўлимларига юбориш ҳолати ўрганилди. Ўрганиш давомида тиббиёт муассасалари томонидан туғилиш ва ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар белгиланган муддатларда ахборот тизимига киритилмагани ва ФҲДЁ органларига юборилмагани аниқланди», дейди агентлик бошқарма бошлиғи Улуғбек Маҳмудов.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг январ ойи давомида туғилганлик ҳақидаги 390та, перинатал ўлим ҳақидаги 3та маълумот ахборот тизимига киритилмаган, туғилганлик ҳақидаги 888та маълумот белгиланган муддатдан кечиктириб киритилган.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги 8-сонли туғуруқ комплекси томонидан 2021 йил 9 январда туғилган фуқаро Л.С.нинг боласи ҳақидаги маълумот 11 кундан кейин, яъни 21 январда ФҲДЁ бўлимига юборилган.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, бола туғилган жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола туғилгандан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиши ҳамда маълумотларни автоматик тарзда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига юбориши ва QR-код қўйилган бланкда маълумотнома шакллантириши белгиланган.

Улуғбек Маҳмудовнинг қўшимча қилишича, тиббиёт муассасалари томонидан муддат ўтиб кетган бўлса-да, айрим тиббий маълумотлар ахборот тизимига киритилмагани аниқланган. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги 3-сон туғуруқ комплекси томонидан эса туғилиши қайд этилган 313 нафар боланинг тиббий маълумотлари ахборот тизимига киритилмаган ва ФҲДЁ бўлимига юборилмаган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 14 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима жазо чораси қўлланган.

Мавзуга оид