Жамият | 17:17 / 26.04.2021
5330
2 дақиқада ўқилади

Йилнинг биринчи чорагида давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 100 мингдан ортиқ қонун бузилиши аниқланди

Агентликнинг маълум қилишича, давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузиш билан боғлиқ бўлган энг кўп қонун бузишлар коммунал ташкилотлар, соғлиқни сақлаш, кадастр, солиқ ва қурилиш органларида қайд этилган.

Давлат хизматлари агентлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йилнинг 1-чораги давомида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 108 мингдан ортиқ қонун бузилишлар аниқланган. Шундан, 79 мингдан ортиқ муддат бузилиши, қарийб 20 мингга яқин тўғридан тўғри давлат хизмати кўрсатиш ва 1 129та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиш ҳолатларига тўғри келган.

Давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузиш билан боғлиқ бўлган энг кўп қонун бузилиш ҳолатлари коммунал ташкилотлар (88 509 та), соғлиқни сақлаш муассасалари (6 199 та), кадастр органлари (3 831 та), давлат солиқ органлари (1 405 та) ва қурилиш органларида (1 369 та) қайд этилган.

Маълум қилинишича, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга огоҳномалар, тақдимномалар киритилган. Натижада 356 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, улардан 20 нафар шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, шунингдек 922 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланди.

Шунингдек, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, «Ўзархив» агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзсувтаъминот» АЖ, туғруқхона ва шифохона туғруқ бўлимлари Давлат хизматлари марказлари орқали хизматларини ўз вақтида жорий этиш чораларини кўрмаган. Натижада, қайд этилган идораларнинг масъул ходимлари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Мавзуга оид