Тўйимли йиллар: семизлик ва порахўрлик ўртасида боғлиқлик топилди
У ёки бу амалдорнинг порахўрлигини кўз билан аниқлаш осон иш эмас. Коррупция табиатан махфий бажарилади. Бироқ Франциянинг Монпелье университетидан Павло Блаватский бошлиқ олимлар жамоаси ўтказган янги тадқиқот сиёсатчиларнинг тана массаси индекси ва уларнинг коррупцияга мойиллиги ўртасида қизиқ боғлиқлик борлигини аниқлашди.
Олимнинг ўзи тушунтиришича, унинг жамоаси 15та собиқ совет республикаларидаги (Арманистон, Беларусь, Гуржистон, Латвия, Литва, Молдова, Озарбойжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Эстония, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон) 299 нафар амалдорга диққатни жамлашган — уларнинг исмлари ошкор этилмаяпти. Блаватский бу сиёсатчиларнинг тиббий картасини қўлга кирита олмаган, шу сабабли у уларнинг фотосуратларини (2017 йилги) компьютер назари алгоритми ёрдамида таҳлил қилиб, уларнинг тана массаси индекси (ТМИ)ни (Transparency International, World Bank, Index of Public Integrity ва бошқаларнинг индекслари ва маълумотларига кўра) умум қабул қилинган коррупциялашганлик мезонлари билан солиштирган.
Олимларнинг аниқлашича, «юқори мартабали мансабдорларнинг фотосуратларига қараб ҳам латент сиёсий коррупциялашганликни аниқласа бўлар экан».
Умуман олганда, тадқиқотда «иштирок этган» барча амалдорларнинг ТМИси юқори чиқди, деб ҳикоя қилади Блаватский. 299 кишидан 96 нафарида (32 фоизида) ТМИ 35–40га тенг бўлди (бу жиддий, кескин семирганликни билдиради). Хусусан, бу Ўзбекистондаги амалдорларининг 24 нафаридан 13 нафарида (54 фоиз), Тожикистон амалдорларининг 18 нафаридан 8 нафарида (44 фоиз), Украина амалдорларининг 24 нафаридан 10 нафарида (42 фоиз) кузатилган. Яна 13 нафар амалдорда (4 фоиз) ТМИ 40дан ҳам ўтган: фотосуратларга кўра, Қозоғистоннинг 20 амалдоридан 3 нафари (15 фоиз), Украинанинг 24 амалдоридан 2 нафари (8 фоиз) ниҳоятда семириб кетган бўлиб чиққан. Нормал вазн (ТМИ 18,5дан 25гача) Озарбойжон, Эстония, Гуржистон, Қозоғистон, Латвия, Литва, Украина ва Ўзбекистонда бир нафардан жами 10 нафар амалдорда (3 фоиз) кузатилган. Блаватскийнинг маълумотларига кўра, амалдорларнинг бирортаси меъёрдан кам (ТМИ 18,5дан паст) вазнга эга бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, ТМИни инсон саломатлигининг идеал индикатори деб атаб бўлмайди, индекс кўрсаткичлари талқинини фақат тахминий баҳолашда ишлатиш мумкин.
Transparency International, Жаҳон банки, Европанинг коррупцияга қарши курашиш ва давлат қурилиши маркази, Демократия ва сайловларга кўмак бериш халқаро институти ва Базель институти индексларига кўра, бу 15 мамлакат ичида коррупция даражаси пастлари Болтиқбўйи давлатлари (Эстония, Латвия, Литва) ҳамда Гуржистон ҳисобланади. Блаватскийнинг тадқиқоти эса бу давлатлардаги амалдорларда ТМИ даражаси паст эканини ҳам кўрсатиб турибди. Лекин анъанавий тарзда энг коррупциялашган ҳисобланиб келинадиган Марказий Осиё давлатларида (ТМИга кўра) энг семиз амалдорлар борлиги аниқланган.
Украина негадир қоидадан ташқарида. У ерда вазирлар ўртача олганда Тожикистондагига кўра семизроқ. Олимлар коррупция индекси тузувчилар Тожикистонга нисбатан адолатсизлик қилинган, Украинага эса беихтиёр ён босилган деган тахминда. «Хорижий экспертлар коррупция даражаси нисбатан паст бўлган қўшнилар билан ўраб олинган Украинадаги сиёсий коррупция даражасига етарли тарзда баҳо бера олмаган бўлиши мумкин, юқори даражада коррупциялашган давлатлар билан чегарадош Тожикистонда эса аксинча», — деб ҳисоблайди Блаватский.
Шундай қилиб, олимларнинг хулосаси қуйидагича: у ёки бу мамлакатда вазирларнинг ўртача ТМИси қанчалик юқори бўлса, коррупция даражаси ҳам шунчалик юқори бўлади.
«Сиёсатчиларнинг жисмоний характеристикалари, мисол учун, уларнинг ТМИсидан уларнинг коррупциялашганини билвосита баҳолашда фойдаланиш мумкин бўлади, деб ўйлаймиз. Олий ҳокимият эшелони вакилларининг реал харажатларини назорат қилишнинг имкони бўлмаганида, мана шу билвосита кўрсаткичларга мурожаат қилиш мумкин — биз бу кўрсаткичларнинг коррупциянинг умум қабул қилинган мезонлари билан жуда боғлиқлигини кўрдик», — деб ёзади олим.
Лекин бу Блаватский жамоаси томонидан чиқарилган ягона хулоса эмас. Улар вазирлар ТМИси ҳамда мамлакатдаги умумий ТМИ ўртасида гарчи жуда кичик бўлса-да, тескари корреляция борлигини ҳам аниқлашди. Яъни, амалдорлар қанчалик семиз бўлса, аҳоли шунчалик ориқроқ, бинобарин, корреляция мамлакатда қабул қилинган озиқланиш режими ёки бутун миллатнинг саломатлик даражасига боғлиқ эмас. Масалан, Болтиқбўйи давлатларида амалдорлар асосий аҳолига нисбатан семиз эмас.
«Қоида»дан оғишнинг бошқа кўринишлари ҳам бор. Масалан, Арманистонда (2018 йилги) «бахмал инқилоб» туфайли ҳокимият тепасига анча хушбичим ҳукумат аъзолари келди — бу мамлакатнинг коррупция индексидаги ҳолатини яхшилаши керакдек эди. Бироқ, 2018 йилда Transparency International Арманистонни рейтингда ўз ўрнида қолдирди ва мамлакат ҳозирча коррупцияни енга олгани йўқ, деб ҳисоблади (бироқ 2019 йилда мамлакат 105-ўриндан 77-ўринга кўтарилди, бу мамлакат тарихидаги энг катта юқорилаш бўлди). Бу зиддият ва «кечикиш»ни Блаватский кўрсаткичларни динамика орқали тушуниш кераклиги билан тушунтиради.
Бу олимларнинг коррупция ва қандайдир объектив белгилар ўртасида корреляция топишга бўлган уринишларининг биринчиси ҳам, сўнггиси ҳам эмас. Масалан, 2018 йилда Хитойга қимматбаҳо Швейцария соатларининг импорти ва маҳаллий сиёсатчиларнинг коррупциялашгани ўртасидаги боғлиқликни аниқлаган хитойлик олимларнинг тадқиқоти эълон қилинганди. Тадқиқотда корреляция шундоққина кўзга ташланиб турарди — 1993 йилдан 2013 йилгача пора ўрнида берилиши одат тусига кирган қимматбаҳо соатлар импорти ҳокимият қўлдан қўлга ўтаётган чоғда кескин ошган, бу эса яққол коррупциядан нишона эди. 2013 йилдан ижтимоий тармоқлар ривожлана туриб, уларда мамлакатнинг коррупцияга қарши сиёсати қатъийлаштирилиши талаб қилина бошлагач соатлар кўзга ташланмай қолган. Ҳонгконг, Сингапур ва АҚШда эса бундай боғлиқлик умуман кўзга ташланмаган.
Аввалроқ бразилиялик ва европалик олимлар Бразилияда 1987 йилдан 2014 йилгача бўлган сиёсий можаролар тарихи таҳлил қилинган эди. Бошқа нарсалардан ташқари, олимлар коррупционерлар кичик-кичик гуруҳларга бирлашишни исташларини аниқлашган. Хуллас, масала ўзининг ҳозирги кундаги аҳамиятини асло йўқотгани йўқ, ҳали бизни кўплаб қизиқарли илмий ишлар кутиб турган бўлса ажаб эмас.
Мавзуга оид
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
12:59 / 18.12.2024
Олимлар Марсда сув топиш эҳтимолини баҳолади
17:16 / 17.12.2024
Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
15:17 / 17.12.2024