Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси АҚШ суди томонидан сўроққа чақиртирилди
АҚШ суди Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳамда подшоҳликнинг яна бир қатор фуқароларини Саудия разведкасининг собиқ ходими Саъд Ал-Жабрийнинг судга аризаси бўйича сўроққа чақиртирди. Бу ҳақда “Ал-Жазира” телеканали хабар берди.
Ал-Жабрийнинг таъкидлашича, Саудия ҳукумати уни подшоҳлик саройи ва Саудия Арабистонидаги ҳукмрон доиралар ҳақида махфий ахборотга эгалиги сабабли АҚШ ва Канада ҳудудида ўлдирмоқчи бўлган ҳамда уни ортга қайтишга мажбур қилиш мақсадида фарзандларини ҳибсга олган. Ал-Жабрийнинг маълум қилишича, унда валиаҳд шаҳзода шахсий ёлланма қотиллар отрядини тузгани ҳақида маълумот бор. Бу отряд аъзолари саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг 2018 йилда Истанбулдаги бош консулхонада ўлдирилишида иштирок этган.
Собиқ разведкачининг Колумбия округи федерал судига берган даъво аризасида валиаҳд шаҳзода инглиз монархи Ричард III’га қиёсланган. “Мушт – биз учун виждон, қилич – бизнинг қонун” – “Ричард III”, Уильям Шекспир. Бу қирол бўлишга интилиб, болаларни ўғирлаган, иттифоқдошларни бошқарган ва ўз йўлида турганларни ўлдирган одамнинг сўзлари. Шекспир бу шеърни ёзгандан бир неча юз йил ўтиб, биз ҳокимиятга шундай ташналик сабабли юзага келган ушбу арзномани топширмоқдамиз. Бироқ бу ҳолатда гап Саудия Арабистонининг бўш тахти, уни эгаллашга интилаётган одам ҳақида кетмоқда – Бу Муҳаммад бин Салмон”, дейилган аризада.
Ал-Жабрийнинг таъкидлашича, унинг тақдири ҳам Жамол Қошиқчиники каби тугаши мумкин эди. Вашингтондаги суд валиаҳд шаҳзодадан ташқари, Қошиқчининг ўлдирилишида гумон қилинаётган яна икки саудияликни сўроққа чақиртирган. Булар – шаҳзода Муҳаммаднинг маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний ва умумий разведка бошлиғи собиқ ўринбосари Аҳмад Асирий. Бундан ташқари, яна 10 кишини сўроқ қилиш режалаштирилган.
Ал-Жабрий айни вақтда Канадада яшамоқда. У подшоҳликни бир неча йил олдин, шаҳзода Муҳаммад бин Наиф давлат ишларидан четлатилгандан кейин тарк этган.
Бир вақтлар шаҳзода Муҳаммад бин Наиф подшоҳликдаги энг нуфузли одамлардан бири ҳисобланган, Вашингтон ва Лондон билан яқин бўлган. У 1999 йилда подшоҳликнинг ички ишлар вазирлигига маслаҳатчи бўлиб келгач, 13 йил давомида террорчиликка қарши курашга қаратилган дастурларни амалга оширишга масъул бўлган. Шаҳзода тахтни эгаллаш учун подшоҳлик асосчиси, унинг биринчи подшоҳи Абдулазиз ибн Абдураҳмоннинг набиралари орасидаги навбатда биринчи бўлган. Бироқ подшоҳ Салмон 2017 йилда тахтни эгаллагач, унинг ўрнига ўз ўғли Муҳаммад бин Салмонни валиаҳд шаҳзода этиб тайинлаган. Шундан кейин Муҳаммад бин Наиф барча лавозимлардан маҳрум этилган ва доимий назорат остида ушлаб турилган. 2020 йил март ойида ОАВда Муҳаммад бин Наиф ва яна 20 га яқин шаҳзода ҳибсга олингани ҳақида хабар пайдо бўлган.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024