Ўзбекистон | 11:28 / 11.08.2020
20951
7 дақиқада ўқилади

«Антибиотиклар вирусларга қарши ишламайди. Улар вирусни тўхтатмайди» - мутахассис

«Hoshimov iqtisodiyoti» дастури доирасида Беҳзод Ҳошимов Сан-Францискодаги Калифорния университети профессори, вирусолог олим Шароф Тугизов билан «Covid-19’нинг келиб чиқиши, тарқалиши ва давоси» мавзусида суҳбат уюштирди.

- Вируслар ўзи нима? Уларнинг бактериялардан қандай фарқи бор?

- Вируслар ҳужайралар ичида яшайдиган паразитлар. Улар ҳужайрадан ташқарида яшай олмайди. Вирусларни жуда юқори ташкил қилинган организм деб айтиш мумкин. Уларнинг генетик информацияси бор. Генетик информацияси оқсилларга ўралган ҳолда жойлашган бўлади.

Коронавирус ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг ҳимоя қоплами бор. Генетик маълумот ўша липид қопламада туради. У ташқарида бўлган вақтида ҳеч қандай зиёни йўқ. Лекин ҳужайра ичига кирганидан кейин ўзининг программасини бошлайди. Ҳужайрадан юз фоиз фойдаланади. У жуда ақлли мавжудот. Ҳужайра ўзи оқсил ишлаб чиқаради. Вирусда бу нарса йўқ. Вирус ичкарига киргач, ҳужайранинг хусусиятларини ўзи учун ишлашга мажбурлайди.

- Ҳозирда Ўзбекистонда кўплаб мулоҳазалар бўляптики, коронавирусга чалинган беморларни антибиотиклар, яъни бактерияларни ўлдирадиган дорилар билан даволашмоқчи. Бу қанчалик нотўғри, балки тўғрими?

- Антибиотиклар вирусларга қарши ишламайди. Улар вирусни тўхтатмайди. Лекин бу вируснинг патологияси шундайки, бу вирус пневмонияга олиб келади. Пневмония бўлган вақтида кўпчилик ҳолатларда бактериялар ҳам қўшилади. Ўшани даволаш учун антибиотиклар ишлатилади.

- Covid-19’нинг ундан олдинги вируслар ёки коронавируслардан принципиал фарқи нимада?

 - Коронавирусларнинг оиласи – катта оила. Буларнинг ёши 600-800 йил атрофида. Улар табиатда анча илгари пайдо бўлган. Уларнинг ҳамма ҳайвонларда вируслари бор. Одамларда ҳам бор. Коронавируслар фанда биринчи марта 1937 йилда товуқларнинг эмбрионида аниқланган. 1960 йилга келиб, коронавирус одамларда аниқлана бошланди. Тўртта штамми бор. Ҳозиргача ҳам ўша штаммлари мавжуд. Уларни нопандемик деймиз. Улар пандемия чақирмайди. Улар фақат томоқда, юқори нафас йўлларида патология чақиради. Лекин ўпкага тушмайди. Қиш фаслида мана шуларнинг ҳаммаси келади. Енгил ўтиб кетади.

SARS-CoV-1 2002 йилда биринчи марта Хитойнинг Гуандун провинциясида топилди. Ўша вақтда анча ишлар амалга оширилди. Аниқландики, бу кўршапалаклардан одамларга ўтган. Кўршапалакларнинг 1300дан ортиқ тури бор экан. Уларнинг ҳаммасининг ўз коронавируси бор. Ҳозирги натижаларга кўра, шундай бўляптики, бу аввал кўршапалакларга бир-биридан ўтган. Рекомбинация бўлган. Рекомбинация шундай нарсаки, иккита вирус битта ҳужайрага кирганида геномлари 25 фоизгача бир-бири билан алмашади. Шу вақтда вуруснинг геномида катта ўзгариш бўлади.

Бунинг устига бу каби вируслар мутацияга кўп учрайди. Ҳамиша мутация бўлиб туради. Мана шу сабабли бу вирус кўршапалаклардан одамларга ўтган бўлиши мумкин. Вируслар бошқа турлар орасида бири-бирига ўтмайди, аралашиб кетмайди. Яна бунинг устига кўршапалаклар бошқа ҳайвонларга ўтиб, улардан одамларга ўтган бўлиши мумкин. Хитойда бу ҳайвонларни одамлар истеъмол қилишади. Шундай қилиб, 2002 йилда бу вирус SARS атипик пневмония чақирадиган бўлди. Буни Хитойда аниқлашди. Ўша вақтда у 24та мамлакатга тарқалди. 2003 йилнинг ёз фаслига келиб, тўхтади. Бу борада иккита тахмин бор: биринчиси, назорат яхши бўлгани учун йўқолди дейилади. Иккинчиси, вируснинг ўзи ўзгаргани сабабли кучи камайиб, йўқолган бўлиши мумкин.

2012 йилда MERS дегани келди. Бу ҳам коронавирус. У Арабистонда туялардан одамларга ўтди. Ўша вақтда вирус юқтириб олганларнинг 34 фоизи вафот этди.  SARS-CoV-1’да ўлим ҳолатлари 10 фоизгача эди.

2019 йилда тарқала бошлаган вирус SARS-CoV-1’нинг қариндоши, геноми  SARS-CoV-1 билан 80 фоиз бир хил. Бу вирус ҳам Хитойда аниқланди. Ҳозир аниқ бўляптики, бу декабрда эмас, ундан олдинроқ сентябрь, октябрда бошланган. Хитойликлар буни ўз вақтида айтишмаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бошида бунга яхши аҳамият бермади. Агар ўз вақтида аҳамият берилиб, Хитойнинг ўзида изоляция қилинганида бутун дунё бу вазиятга тушмасди.

- Вирус тарқалишини қандай тўхтатиш мумкин?

- Ҳозир бу ҳақида жуда кўп гапириляпти. Бир-бирингизга яқинлашманг – ижтимоий масофа. Ниқоб тақинг. Қўлларингизни ювинг. Бу нарсаларга амал қилинганида мана шу муаммони юз фоиз бўлмасада, эллик фоизга ҳал қилиш мумкин.

- Вируснинг белгиларсиз тарқалиши ҳақида нималарни айтиб бера оласиз?

- Агар иммун тизим яхши ишласа, вируснинг концентрацияси юқори бўлмаса, касаллик белгиларсиз кечаётган одамда организмнинг ўзи вирусни назорат қилаётган бўлади. Вирус 3-4 кун ичида йўқолади. Кейин антитаналар пайдо бўлади. Антитаналар нейтраллаштирувчи қувватга эга бўлади, вирусни ўлдиради. Бу вируснинг яхши томони шундаки, бемор тузалиб кетганидан кейин организмда қолмайди, резервуари йўқ. Ҳозиргача буни кўрмадик. Бошқа вирусларда қолади. Масалан, гепатит B, гепатит C, ОИВ. Булар организмдан ҳеч қачон кетмайди, бир умр яшайди. Демак, касалликнинг белгиларсиз кечиши дегани, организмнинг ўзи вирусни назорат қилди, ҳеч қандай белги кўрсатмади, вирусни йўқотди дегани.

- Билишимча, агар спирт билан юзаларни артсангиз, ўша жойда коронавирус бўлса, у ўлмайди. Спирт 70 даражадан паст бўлса, ўлмайди дейишади. Иккинчи томондан, тушунишимча коронавирусда вирусни оқсиллар ўраб олган. Совун билан ювилганида у ўлади. Совун унинг устидаги оқсилни йўқ қилади ва вирусни зарарлантирадиган муҳитга олиб чиқиб, ўлдиради. Нима учун ароқда вирус ўлмайди? Ўзбекистонликлар дезинфекция дейилганида кўпинча спирт билан тозалашни тушунишади. Бу нима учун нотўғри эканини айтиб бера оласизми?

- 40-50 фоизли спиртда ўлиши мумкин. Чунки липид қоплама барқарор нарса. 70 фоизли спиртда юз фоиз ўлади. Совун кучли детергент ҳисобланади. Совун ўраб олган вақтида вирус ҳеч нарсага ёпиша олмайди. Бунинг механизмлари бошқача.

Тўлиқ суҳбатни Hoshimov iqtisodiyoti’нинг Youtube’даги канали орқали кўриш мумкин.

Мавзуга оид