Ўзбекистон | 14:34 / 29.08.2020
6697
3 дақиқада ўқилади

Оқолтин туманида 630дан ортиқ оила “Темир дафтар”дан чиқарилди

Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Оқолтин тумани Кенгашининг 14-сессиясида туман сектор раҳбарлари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ОАВ вакиллари ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.

Сессия кун тартибида туман ҳокимининг аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш (“темир дафтар”), тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Оқолтин тумани ҳокими Д.Фазиловнинг ахборотида қуйидаги маълумотлар айтиб ўтилди:

Сектор раҳбарлари “Камбағалликни қисқартириш” штаби аъзолари, депутатлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ўринбосарлари билан биргаликда 2 161 нафар аъзоси бўлган 1242 та камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароитини ўрганиб, “темир дафтар”га киритилган.

Шундан 493 та оилага Қурбон ҳайити арафасида 370 млн. сўм ҳамда аҳоли жон бошига 220 минг сўмдан бир марталик тўлов бўйича 1039 та оиланинг 3907 нафар аъзоларига 859,5 млн сўм маблағлар тарқатиб берилган.

2020 йилнинг III чорагида Оқолтин туманида бюджет маблағлари 800 миллионни ташкил этиб, шундан 500 миллион сўми “темир дафтар”га киритилган аҳоли учун куз-қиш мавсумида заҳира маблағлари сифатида ажратилган;

Ўтган даврда 1 229 нафар аъзоси бўлган, 637 та оиланинг меҳнатга лаёқатли 650 нафар аъзоси бандлиги ва даромад манбаи билан таъминланганлиги сабабли  “Темир “дафтар”дан чиқарилди;

Карантин туфайли инқироз ёқасига келиб қолган 62 корхона фаолияти тикланди;

2020 йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида 2426 нафар ишсизларни иш билан таъминлаш мақсадида 1,3 миллиард сўм ажратилган;

Туманда истиқомат қиладиган 2262 нафар фуқаро ишлаш учун ҳорижга чиққан бўлса, шундан 191 нафари Ўзбекистонга қайтган ва улардан 21 нафари ҳақ тўланадиган ишларга жалб қилинган.

Бундан ташқари, Сардоба сув омборидан талофат кўрган хонадонларга 1 сотихдан ер ажратилиб, туман ҳокимлиги томонидан иссиқхоналар қуриб берилмоқда.

Туманнинг “Кўркам диёр” МФЙ ҳудудида тез кунларда ёғ заводи ишга туширилади ва бунинг натижасида яна 65 нафар фуқаролар иш билан таъминланади.

Туманда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида оғир турмуш шароитидаги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 1 585 та оилага 435 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари берилган. Саховатпеша тадбиркорлар томонидан маҳаллалардаги 452 та оилага кунлик эҳтиёжлари учун қарийб 50 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган.

Сессия давомида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашда "темир дафтар"ни тўғри юритиш ва унинг аҳамияти борасида депутатлар томонидан таклифлар муҳокама қилинди. 

Мавзуга оид