Фан-техника | 18:31 / 12.09.2020
75279
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда октябрдан бошлаб Skoda Kodiaq сотила бошлайди

Kodiaq етти кишилик кроссовер бўлиб, у Россиядаги заводда ишлаб чиқарилади. Автомобиль октябрдан етказиб берила бошлайди.

Фото: Skoda

Жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда Skoda Kodiaq сотувга чиқарилади. Kun.uz манбасининг хабар беришича, сентябрь ойида ушбу автомобилнинг тақдимоти бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу маросимда машина нархи ва бошқа маълумотлар расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Skoda – Jizzakh Auto (Volkswagen Uzbekistan) компанияси VAG концерни линейкасидаги иккинчи бренд ҳисобланади. Ўзбекистонда сотилиши кўзда тутилган Kodiaq етти кишилик кроссовер бўлиб, у Россиядаги Volkswagen Group Rus заводида ишлаб чиқарилади. Автомобиль октябрдан етказиб берила бошлайди.

«Дунёнинг йил автомобили» (World Car Of The Year, WCOTY) танлови ташкилотчилари август ойида ғолиблик учун курашадиган 24та номзодни эълон қилишган, улар орасида Skoda Kodiaq кроссовери ҳам бор.

Ўзбекистонда июлдан бошлаб Volkswagen Caddy тижорий автомобилларини сотиш йўлга қўйилган, Volkswagen концерни томонидан 3 хил намунада таклиф қилинаётган автомобиллар 172 100 000 сўмдан бошланади.

Аввалроқ Volkswagen Caddy, Volkwagen Crafter, Volkswagen Tiguan ҳамда Skoda Octavia русумли машиналар Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун танлаб олинган айтилганди.

2019 йил январь ойида Германияга ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказганди. Улар қаторида Volkswagen раҳбарияти ҳам бўлган. 2020 йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер немис автомобил ишлаб чиқарувчисининг ўзбек бозорида иш бошлашини қўллаб-қувватлаган.

Президент қарорига кўра, биринчи босқичда 2020−2021 йилларда Volkswagen ва Skoda автомобилларини тайёр ҳолда олиб кириш режалаштирилган. Бунинг учун Фарғона, Тошкент ва Жиззахда диллерлик ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ишга туширилади. Иккинчи босқичда эса 2022 йилдан бошлаб тўлиқ ишлаб чиқариш, инвестициялар ҳажми экспорт масалалари кўриб чиқилади.

Бундан олдин, Ўзбекистонда KIA’нинг энг янги моделдаги автомобиллари ишлаб чиқарилиши хабар берилганди

Мавзуга оид