Жаҳон | 20:44 / 28.09.2020
12433
3 дақиқада ўқилади

Светлана Алексиевич Беларусни тарк этди

Беларуслик ёзувчи Светлана Алексиевич Беларусни тарк этган. Мувофиқлаштириш кенгаши президиуми аъзоси бўлган ёзувчи бугун, 28 сентябрь куни Германияга учиб кетган.

Фото: EPA/Vostock-photo

Ёзувчининг ёрдамчиси Татьяна Тюринанинг айтишича, Алексиевич Германияга «адабий ишларга кўра» кетган. Маълум бўлишича, ёзувчи Швецияда китоб ярмаркасида қатнашади ва Италияда унга мукофот топширилади. Ёзувчининг ёрдамчиси унинг Германияга кетиши Беларусь мухолифатининг Мувофиқлаштириш кенгаши вакилларининг қўлга олинаётгани билан боғлиқ эмас.

«Бу унинг ҳаёт тарзи, саёҳатлар у учун одатий ҳол. Шунчаки узоқ вақт саломатлиги сабаб кета олмаётганди. Унинг қачон қайтиши Беларусдаги воқеалар ривожига боғлиқ», деган ёзувчининг ёрдамчиси Татьяна Тюрина.

Ёзувчининг «адабий ишлар билан» кетмагани кўпчилик манбалар томонидан таъкидланган. Маълум бўлишича, 72 ёшли ёзувчи ўз хавфсизлигини ўйлаб Берлинга йўл олган. Шунингдек, у икки ой олдин даволаниш учун Германияга кетмоқчи бўлгани ва бу «кетиш»айнан даволаниш билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

El Pais нашри ёзувчи ҳар йили юзидаги асаб толалари шамоллаши сабаб даволаниб туришини маълум қилган. DW нашри Швециядаги Ersatz нашриёти асосчиси Ула Валлин билан боғланиб, Светлана Алексиевич нега Германияга кетганига ойдинлик киритган: «Ҳа, тўғри. У Берлинга стоматалог қабулига кетган. Унда анчадан буён ёноқлари билан боғлиқ муаммо бор», деган Валлин. Маълумот учун, Ersatz нашриёти Алексиевичнинг китобларини 1990 йиллардан буён чоп этиб келади.

2015 йилда адабиёт йўналишида Нобель мукофотини қўлга киритган Светлана Алексиевич Беларусдаги сайловлардан буён танқидий чиқишлар қилиб келади. Алексиевич Беларусда озодликда қолаётган кам сонли мухолифатчилардан бири бўлиб турибди. У мамлакатдан чиқиб кетмаслиги ҳақида бир неча марта айтган эди.

«Урушнинг юзи», «Сўнгги гувоҳлар», «Чернобилдаги ибодат» каби асарлари муаллифи бўлган Светлана Алексиевич охирги 33 йилда адабиёт йўналишида Нобель мукофотини олган ягона рус тилида ёзувчи ижодкор ҳисобланади. Унгача 1987 йилда Иосиф Бродский Нобель мукофотини олганди.

Мавзуга оид