Жаҳон | 08:08 / 09.10.2020
5787
1 дақиқада ўқилади

АҚШда демократлар Трампнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини баҳолашмоқчи

АҚШ конгресси вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси ва конгрессмен-демократ Жейми Раскин АҚШ президенти Дональд Трампнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини баҳолаши керак бўладиган махсус комиссияни шакллантириш ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлашга киришдилар.

Фото: Getty Images

АҚШ ОАВнинг хабар беришича, конгресс ушбу комиссия чиқарган хулосаларга кўра, Трамп ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги туфайли ўз лавозимидан четлатилиши ҳақида қарор чиқариши керак бўлади.

Бундай ҳуқуқ конгрессга АҚШ конституциясига 25-тузатма билан берилган. Ушбу тузатма президент АҚШ маъмуриятининг кўпчилик аъзолари ва вице-президент томонидан ўз мажбуриятларини бажара олмайди, деб топилса уни лавозимидан четлатиш имконини беради.  

Комиссияни тузиш бўйича таклиф 9 октябрда кўриб чиқиш учун киритилади. Пелоси офисида таъкидланишича, комиссия хулосалари “ижрочи ҳокимиятдаги энг юқори лавозимда самарали ва узлуксиз раҳбарликни таъминлашда ёрдам беради”. 

Трампнинг ўзи демократларнинг ушбу ташаббусига жавобан Пелосини “телба Нэнси” деб атаган ва унинг ўзини кузатувга олиш кераклигини айтган.

АҚШ президентининг шифокори Шон Конлининг таъкидлашича, Трамп 10 октябрдан тўлақонли фаолиятга, жумладан оммавий чиқишларга қайтиши мумкин. 

Мавзуга оид