Жаҳон | 16:23 / 12.10.2020
12815
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко ўз ваколатларининг бир қисмидан воз кечишга тайёрлигини айтди

Лукашенконинг сўзларига кўра, у яқинда "президентдан 71та ваколатни ҳокимиятнинг барча бўғинларига ўтказиш тўғрисида хат олган".

Фото: EPA / ТАСС

Беларусь президенти Александр Лукашенко ўз ваколатларининг бир қисмидан воз кечиш ва бу ваколатларни ҳокимиятнинг бошқа бўғинларига беришга тайёрлигини айтди.

"Охирги пайтда ваколатларни қайта тақсимлаш тўғрисида кўп гап-сўзлар бўляпти. Кимгадир ваколатлар етмаётганлиги аниқ, умуман эса бу тўғри: ҳукуматга кўпроқ ваколат бериш керак, ҳокимиятнинг бошқа органларига кўпроқ ваколат бериш керак. Президентдан унга хос бўлмаган масалаларни олиб ташлаш керак", - деди Лукашенко.

Лукашенконинг сўзларига кўра, у яқинда "президентдан 71та ваколатни ҳокимиятнинг барча бўғинларига ўтказиш тўғрисида хат олган".

Беларус МСК расмий маълумотларига кўра, Лукашенко сайловларда 80 фоиздан кўпроқ овоз билан ғолиб бўлди. Мухолифат номзоди Светлана Тихановская, МСКнинг таъкидлашича, 10 фоиздан сал кўпроқ овоз олган. Унинг штаби Тихановская 70 фоиздан 80 фоизгача овоз олганини айтиб, ушбу хулосага рози бўлмади.

23 сентябрь куни Лукашенконинг инаугурацияси Минскда олдиндан эълон қилинмаган ҳолда ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Уни АҚШ, Украина, Германия, Эстония, Словакия, Чехия, Литва, Канада ва Буюк Британия каби бир қатор давлатлар тан олмади. ЕИ ушбу жараённинг ўзи ҳам, Лукашенконинг янги муддати ҳам етарли қонуний асосга эга эмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид