Жаҳон | 17:53 / 16.10.2020
8133
2 дақиқада ўқилади

Николя Саркози жиноий гуруҳ тузишда айбланмоқда

 Бу Саркозига нисбатан эълон қилинган тўртинчи айбловдир. У бундан ташқари, коррупция, давлат маблағларини талон-торож қилиш, ноқонуний топилган пулларга эгалик қилишда айбланган.

Фото: EPA-EFE/JULIEN WARNAND

 Франциянинг молиявий жиноятлар бўйича прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Николя Саркозига нисбатан  унинг 2007 йилдаги сайлов кампанияси Ливия томонидан молиялаштирилгани бўйича кўрилаётган иш доирасида айблов эълон қилди. Прокуратура хабарига кўра, Саркози жиноий гуруҳ тузишда айбланмоқда.

 BFM телеканалининг қайд этишича, Франция тарихида илк бор мамлакатнинг собиқ президентига нисбатан ана шундай айблов эълон қилинмоқда.

Бу мазкур иш доирасида Саркозига нисбатан эълон қилинган тўртинчи айбловдир. У бундан ташқари, коррупция, давлат маблағларини талон-торож қилиш, ноқонуний топилган пулларга эгалик қилишда айбланган.

 Саркози жиноий гуруҳ тузиш айблови моддаси бўйича 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Франс Пресс агентлигининг маълумот беришича, Саркози барча айбловларни рад этмоқда.

Ливия ҳукумати 2011 йилда Саркозига молиявий ёрдам берганлигини маълум қилганди. Хусусан, Муаммар Қаззофийнинг ўғли Сайф ал-Ислом Euronews телеканалига берган интервьюсида Франция президентидан Ливия ҳукуматидан маблағ олганлигини тан олишни талаб қилганди. Шундан сўнг журналистлар мустақил текширув ўтказиб, бу маълумотни тасдиқлашганди.

 Николя Саркозининг ўзи барча айбловларни рад этиб келмоқда. У 2007-2012 йилларда Францияга президентлик қилган.

Мавзуга оид