Жамият | 22:26 / 16.10.2020
199499
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар фарзандларига энг кўп қандай исм қўйишмоқда?

Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ўзбекистонликлар 2020 йилнинг ортда қолган даври мобайнида фарзандларига энг кўп Солиҳа деб исм қўйишган.

Фото: ТАСС

Жорий йилнинг ортда қолган 9 ойи давомида Ўзбекистонда туғилган чақалоқларга энг кўп (1 601) Солиҳа исми берилган. Ўғил болалар ичида энг оммабоп исм Муҳаммадали бўлиб турибди. 2020 йилнинг ортда қолган 9 ойида туғилган 1 582 ўғил болага Муҳаммадали деб исм қўйилган.

2019 йилда ҳам Муҳаммадали ва Солиҳа исми ўзбекистонликлар орасида энг кўп танланган. 2019 йил давомида туғилган 11 521 чақалоққа Муҳаммадали деб исм қўйилган бўлса, 12 703 чақалоқ Солиҳа исмини олган. Ўтган йилда қуйидаги исмлар энг кўп қўйилган.

Ўғил болалар:

Муҳаммадали (11 521);

Мустафо (10 756);

Абдуллоҳ (8 339);

Имронбек (8 244);

Муҳаммад (5 659).

Қиз болалар:

Солиҳа (12 703);

Муслима (8 365);

Имона (7 418);

Мубина (6 148);

Шукрона (5 964).

2018 йилда ҳам Солиҳа исми янги туғилган қиз болалар ичида энг оммабопи бўлган. 2018 йилда туғилган 7 030 нафар қиз болаларга Солиҳа исми қўйилган. 7 785 ўғил болага эса Мустафо исми танланган. 2017 йилда чақалоқлар орасида энг оммабоп исмлар Азизбек ва Мадина бўлган.

Маълумот учун, дунёда энг кўп тарқалган исм Муҳаммад ҳисобланади. Турли манбаларнинг маълумотига кўра, дунёда 150 миллиондан ортиқ Муҳаммад исмли одам бор. Нафақат мусулмон давлатларда, балки Европада ҳам бу исм жуда машҳур. Масалан, 2015 йилда Англия ва Уэльсда Муҳаммад исми энг машҳур бўлган. Ўша йилда Англия ва Уэльсда туғилган 7 361 чақалоқ Муҳаммад исмини олган. ВВС'га кўра, 2017 йилда ҳам Англия ва Уэльсда Муҳаммад энг машҳур исм бўлган. Бу икки мамлакатда 2017 йилда туғилган 7 307 нафар чақалоққа Муҳаммад деб исм қўйишган. Қизлар орасида эса энг машҳур исм София ҳисобланади.

Мавзуга оид