Light | 11:09 / 25.10.2020
47509
10 дақиқада ўқилади

Совуқ сувда чўмилиш деменциянинг олдини олиши мумкинми?

Кембриж университети олимларининг аниқлашича, совуқ сувда чўмилиш деменция каби мия дегенератив касалликларининг олдини олади.

Деменция - бир қатор касалликларнинг умумий аталиши бўлиб, унда мия тўқималарининг ўлиши рўй беради. Касаллик мия тўқималарининг бир-бирига узвийлигини таъминлайдиган ацетилхолин моддаси етишмаслигидан келиб чиқади. Бунда беморларнинг 60 фоизида Альцгеймер кузатилади. Касаллик вақт ўтиши билан кучайиб боради ва беморнинг бутунлай имконсизлигига олиб келади. 

Унинг биринчи белгиси сифатида эслаш қобилияти бузилади. Кекса одам нафақат янги хабарни эслай олмайди, балки ўзида илгари мавжуд хабарларни ҳам эсдан чиқаради. У кеча, ундан олдин, ўтган йил нима бўлганини хотирасидан йўқотади. Беморлар кўпроқ болалик хотираларини ёдга ола бошлашади. Ўзларининг хотиралари билан вақтларни ўзгартириб юборишади. Деменцияга учраган хасталарнинг кундалик ҳаётлари ўзгаради, улар энди ўз-ўзларига хизмат қила олишмайди. Кийиниш, шахсий гигиенага риоя қилиш, овқатланиш қобилиятлари унутилади. Жамият тартиблари ўз аҳамиятини йўқотади. Охир-оқибат бемор атрофдагиларга тўлиқ тобе бўлиб қолади.

Олимлар Лондоннинг Ҳэмпстед-Ҳит парки бассейнида сузувчи «моржлар» қонида илк марта махсус «совуқ шок» оқсилини аниқлашга муваффақ бўлишди. 
Ушбу оқсил деменция  ривожланишини сусайтиради ва сичқонлар устида ўтказилган тажрибаларда исботланганидек, ҳатто ушбу касаллик натижасида зарарланган асаб толаларини қайта тиклашга қодир. 

Кембриж университетининг Деменцияни ўрганиш бўйича тадқиқот маркази раҳбари, профессор Жованна Маллуччининг сўзларига кўра, ушбу кашфиёт Альцгеймер касаллиги ривожланишининг олдини олишга ёрдам берувчи янги дори яратилишига туртки бўлиши мумкин. 

Олимларни биринчи навбатда деярли барча сутэмизувчиларнинг паст ташқи ҳарорат таъсири остида карахт ҳолатга тушиш қобилияти қизиқтиради. Бундай ҳолатда танадаги барча ҳаётий жараёнлар секинлашади.

Аниқ ютуқларга қарамай, ушбу тадқиқот ҳали бошланғич босқичда. 

Буюк Британияда ҳозирги кунда қарилик деменциясининг турли даражаларидан 1 миллиондан ортиқ бемор азият чекмоқда ва бу рақам 2050 йилга келиб икки бараварга ортади. 

Ушбу касалликдан самарали даволаш усули ҳали яратилмаган. 

Айиқлар ва типратиканлар
Инсон тана ҳарорати совишининг мияни муайян ҳолатларда ҳимоя қилиши мумкинлиги шифокорларга аввалдан маълум.

Мия жароҳати олган инсонларга ёки юрак жарроҳлик амалиёти олдидан тана ҳароратини пасайтириш орқали анабиоз киритилади.

Бироқ, олимлар совуқ нима учун бундай ҳимоя таъсирига эгалигини аниқлай олишмаган.

Маълум бўлишича, бу синапслар - миянинг асаб ҳужайралари орасидаги алоқа жойларининг пайдо бўлиши ва парчаланиши билан боғлиқ.

Альцгеймер касаллиги ва бошқа нейродегенератив хасталиклар ривожланишининг дастлабки босқичларида ушбу нейрон алоқалар шикастланади.

Бу деменцияга хос бўлган унутувчанлик, онг чалкашиши, кайфиятнинг кескин ўзгариши ва кейинчалик миянинг бутун бир қисми ҳалокатга учраши каби бир қатор аломатларга сабаб бўлади.

Профессор Маллуччини алоҳида қизиқтирган жиҳат шундаки, миядаги нейрон ҳудудларнинг шунга ўхшаш қуриб қолиши қиш уйқусига кетувчи ҳайвонлар, масалан, айиқлар, типратиканлар ва кўршапалакларда ҳам кузатилади.

Улардаги синапсларнинг тахминан 20-30 фоизи қиш уйқусидаги организмнинг барча ҳаётий жараёнлари секинлашиши билан қуриб қоладигандек туйилади.

Бироқ синапслар ҳайвонларнинг баҳор келиб қиш уйқусидан уйғониши билан ҳайратланарли равишда қайта тикланади.

Совуқ нима сабабли хавфли бўлиши мумкин?

Совуқ инсон танасига жуда кучли таъсир кўрсатади. 

Совуқ сувга тушиш шоки пульснинг кескин тезлашиши ва қон босими кўтарилишига олиб келади, бу эса юрак-қон томир касалликлари билан оғриган одамларда миокард инфаркти ёки инсульт хавфини орттириши мумкин. 

Бу, шунингдек, конвулсив нафас олиш хуружига (акашак) олиб келиши эҳтимоли бор ва одам охир-оқибат бўғилиб, чўкиб кетиши ҳам мумкин.

Одам сувда қанча кўп вақт қолса, унинг реакциялари шунчалик секинлашади. Баъзида одамлар бундай вазиятда ўз чаққонлигини йўқотади, чалкашликларни ҳис қилади ва қирғоққа чиқишда қийинчиликларга дуч келади. 

Портсмут университетининг Экстремал шароитларни тадқиқ қилиш лабораторияси доктори Ҳезер Мэссининг таъкидлашича, бир неча асосий қоидани ёдда тутиш керак: 

  • Совуқ сувга шўнғишдан аввал соғлиғингиз бунга имкон бера олишига амин бўлишингиз керак ва агар шубҳалансангиз, шифокор билан маслаҳатлашинг;
  • Қишки сузишга одатланган ва маҳаллий ҳавзаларни биладиган одамлар билан сузинг;
  • Совқотишни бошлашингиз биланоқ сувдан чиқинг;
  • Бошпана топинг, ҳўл кийимларингизни ечиб, қуруқ кийимга ўтинг ва иложи борича кўпроқ кийим кийинг, жун қалпоқ ва қўлқопларни унутманг;
  • Ҳаракатланинг, енгил машқлар бажаринг, қўлларингизни силкитинг ва танадаги титроқдан қўрқманг - айнан шу тезроқ исинишга ёрдам беради.

Аммо, доктор Мэссининг огоҳлантиришича, иссиқ ванна ёки душ қабул қилманг. 

Тана исиши билан қон босими кескин пасайиши мумкин, бу эса ҳушдан кетишга олиб келади.

«Совуқ шок» ва унинг кимёвий таркибий қисми
Кембриж олимлари гуруҳи 2015 йилдаёқ организмдаги совуқ шокка ҳамроҳлик қилувчи ўзига хос кимёвий моддаларни топишганди. 

Тажриба давомида улар одатий соғлом сичқонларни, шунингдек, Альцгеймер ва прион (нейродегенератив таснифга оид) касаллигига чалинган сичқонларни гипотермия ҳолатигача совутишди - яъни сичқонларнинг тана ҳарорати Цельсий бўйича 35 даражадан пастга тушди. 

Ҳайвонлар нормал ҳолатга қайтарилгандан сўнг, фақат одатий сичқонлар ўзларининг барча нейрон алоқаларини ёки синапсларини тиклай олиши, аммо Альцгеймер ва прион касаллиги билан оғриганлар бунга қодир эмаслиги аниқланди. 

Олимлар, шунингдек, «совуқ шок»ни бошдан кечираётган организм томонидан ишлаб чиқарилган RBM3 оқсилининг даражаси соғлом сичқонларда кескин кўтарилиб тушган, аммо беморларда эса - йўқ. 

Бу шуни кўрсатдики, айнан RBM3 оқсиллари янги нейрон боғланишларнинг пайдо бўлиши учун жавобгар бўлиши мумкин.

Кембриж университети олимлари ўз кашфиётларини сичқонларда RBM3 оқсили даражасини сунъий ошириш усули орқали Альцгеймер ва прион касалликларида мия ҳужайралари ҳалокатини олдини олиш мумкинлигини исботлаган бошқа бир тажриба орқали исботлашди. 

Бу деменцияни тадқиқ қилишда катта ютуқ ҳисобланади. Олимларнинг хулосалари Nature илмий журналида эълон қилинди. 

Қишда чўмилувчилар
Энди профессор Маллуччи танадаги RBM3 оқсилини ишлаб чиқаришни қўзғатиши мумкин бўлган дори одамларда нейродегенератив касалликлар ривожланишини пасайтиришга ва ҳатто қисман даволашга ёрдам бериши мумкин деб ҳисобламоқда.

RBM3 оқсили одам қонининг одатий таҳлилида аниқланмагани сабабли, унинг пайдо бўлишини аниқ тушуниш мантиқий қадам эди, аммо бунинг учун тажрибада иштирок этувчиларни гипотермияга дучор қилиш керак бўлди.

Тиббий этика қоидаларига кўра, буни амалга ошириш унчалик осон бўлмаган, бу ҳақда  профессор Маллуччи бир вақтлар BBC радиосига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

Кейинчалик Лондоннинг Ҳэмпстид-Ҳит паркидаги очиқ ҳовузда қишда сузишни яхши кўрувчи ихлосмандлар кичик гуруҳидан бўлган сузувчи Мартин Пейт ёрдамга келди.
У профессорга электрон почта орқали хабар юборади ва унда ўзи сингари бир неча киши моржлар билан мунтазам равишда - илмий мақсадлар учун - совуқ сувда сузишга тайёрлигини айтади.

Профессор Маллуччи 2016-2018 йиллар оралиғидаги уч қиш давом этган ушбу тажрибага рози бўлади ва унинг жамоаси иштирокчилар қонидаги «совуқ шок» оқсилини мунтазам равишда ўлчаб туради.

Назорат гуруҳи сифатида олимлар бассейн ёнида машғулот олиб борган, аммо қишда унда ҳеч қачон сузмаган тай-чи клуби аъзоларини танлашган.

Асосий гуруҳ иштирокчиларининг аксариятида тана ҳарорати 34 даражагача тушиб, RBM3 оқсили миқдори ошгани маълум бўлди.

Шу билан бирга, тай-чи гуруҳининг ҳеч бир аъзосида RBM3 оқсили топилмади, аммо улар бу каби кескин гипотермияни бошдан кечиришмади. 

Совуқ деменция ривожланишини секинлаштириши мумкинми?
Қишки сузувчилар гуруҳи билан олиб борилган тадқиқотларнинг боришини бир қатор онлайн маърузаларда кўриш мумкин, аммо бу борада ҳали илмий мақола йўқ.

Бошқа бир қатор тадқиқотларда олимлар, масалан, инфаркт ёки инсультга учраган ва сунъий гипотермияни бошдан кечирган чақалоқлар ёки беморларда RBM3 оқсилининг юқори даражасини аниқлашди.

Буларнинг барчаси одамларнинг қиш уйқусига кетувчи сутэмизувчилар сингари «совуқ шок» оқсилларини мустақил ишлаб чиқариши мумкинлигини кўрсатади, дейди профессор Маллуччи.

Бироқ, гипотермия хавфи потенциал фойдадан устундир, шунинг учун совуқ сувда сузиш деменцияни даволаш воситаси эмас. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вазифа инсон организмида ушбу оқсилни ишлаб чиқаришни рағбатлантирадиган дори яратишдир. Бу ҳақиқатан ҳам деменция бошланишини кечиктиришга ёрдам беришига ишонч ҳосил қилиш янада муҳимдир. 

Маълумки, бу кекса одамларнинг касаллиги, шунинг учун ушбу касаллик ривожланишининг озгина кечикиши ҳам шахснинг, ҳам бутун жамиятнинг ҳаёт сифатига улкан таъсир кўрсатиши мумкин.

«Агар бутун аҳоли ўртасидаги деменция ривожланиши хавфини атиги бир неча йилга секинлаштиришнинг иложи топилса, бу иқтисодиёт, қолаверса соғлиқни сақлаш соҳасида жуда катта таъсирга олиб келади», деб ҳисоблайди профессор Маллуччи.

Мавзуга оид