Жаҳон | 16:57 / 26.10.2020
27895
5 дақиқада ўқилади

Беларусда умуммиллий иш ташлашлар бошланди

26 октябрь куни Беларусда умуммиллий забастовка бошланди. Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская ҳукумат «халқ ультиматуми»ни бажармагач, умуммиллий иш ташлашлар ҳақида эълон қилганди. Забастовкага қатор давлат корхоналари ходимлари, масалан, «Гродно Азот», Минск трактор заводи, Минск электротехника заводи, Минск ғилдирак ишлаб чиқариш заводи ва «Белоруснефть» ишчилари ҳам қўшилишган. Ишчилар ўз корхоналари ҳудудида юриш қилиб ўтишган, айримлар корхона ҳудудига кириш қисмида ўз норозиликларини ифода этишган, ходимларнинг бир қисми ишга чиқмаган. Давлат корхоналари ҳудудига омончиларнинг машиналари келтирилган. Кўплаб компаниялар фаолиятини давом эттираётгани тўғрисида расмий хабар берган.

Забастовкага кўплаб хусусий компаниялар ишчилари ҳам қўшилган. Meduza хабарига кўра, бу компанияларнинг айримларида 26 октябрь дам олиш куни деб эълон қилинган, бошқалари муддатсиз таътилга чиққан ёки техник сабабларга кўра ёпилган. Бундай компаниялар қаторига тиббий марказлар, дўконлар, барлар, кафе, тил ўрганиш курслари, машғулот заллари, турфирмалар, гўзаллик салонлари ва бошқа турли хизмат кўрсатиш марказларини киритиш мумкин. Шунингдек, МТС ишчилари ҳам забастовкага қўшилган ва норозилик акцияларида қатнашиш учун кўчага чиқишган (тасдиқланмаган маълумотларга кўра, шундан кейин улар ишдан бўшаш хавфида қолишган).

Беларусдаги олий таълим муассасалари талабалари бир неча норозилик акцияларидан кейин қўлга олина бошлаган. БНТУ (Беларусь миллий техника университети) ва БГУИР (Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети) талабалари Минскдаги Мустақиллик майдони проспекти бўйлаб марш қилиб ўтишди. «Еврорадио» хабарига кўра, Ғалаба майдони яқинида намойишчиларнинг бир қисми ОМОН ходимлари томонидан қўлга олинган. Омончиларнинг автобуслари яқинлашаётган вақтда талабаларнинг кўпчилиги қочиб кетишган.

МГЛУ (Минск давлат лингвистика университети) талабалари ҳам Мустақиллик майдонидаги намойишларга келишган. Tut.by хабарига кўра, талабалар бу билан ўз ўқитувчиларини қўллаб-қувватлашган. Onliner тарқатган видеода талабалар йўллардан бирини тўсиб қўйганини кўриш мумкин. Университет биносига махсус техника яқинлашган вақтда талабалар университет ичига кириб кетишган, куч ишлатар тузилмалар вакиллари кетгач улар яна кўчага қайтиб чиқишган.

Минскда норозилик акцияларида БГУКИ (Беларусь давлат маданият ва санъат университети), Беларусь давлат университети, педагогик, иқтисодий ва тиббий университетлар талабалари қатнашмоқда. Айрим университетларда талабалар ўтирган ҳолда норозиликларини намойиш этишган, бошқаларида юзлаб талабалар ўз университетлари биноларига кириш жойларида тўпланишган. Телеграм-каналларда ёзилишича, турли университетларнинг талабалари Мустақиллик проспектида Беларусь давлат университети (БГУ) бош корпуси олдида бирлашишни режалаштиришган. Брестда ҳам БрГТУ талабалари, Гроднода — ГрГУ талабалари намойишларга чиққан. Беларусь таълим вазирлиги РИА Новости агентлигига берган изоҳида, талабаларнинг акциялари яккалик характерига эгалиги, бу мамлакатдаги ўқув жараёнига таъсир кўрсатмаётганини маълум қилган.

Беларусда умуммиллий забастовка кунида 100дан ортиқ киши қўлга олинган. «Весна» маркази маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 13:10 ҳолатига кўра бутун мамлакат бўйлаб қўлга олинганлар сони 103 нафарни ташкил этган. Қўлга олиш ишлари асосан Минскда кузатилган. Гроднода камида 32 кишини ушлашган, улар «Гродно Азот» ишчилари бўлиб, тонгда намойишларни бошлаб беришганди. Шунингдек, Брестда, Борисовда, Новополоцкда ва Могилевда ҳам бир қанча намойишчилар қўлга олинган.

Светлана Тихановская хусусий бизнес, диний жамоалар, маданий, спорт ташкилотлари ва IT-компанияларни забастовкага қўшилишга чорлаганди. «Давлат корхоналарининг иш ташлаши — иқтисодий босим қилиш учун ричаг. Хусусий компаниялар забастовкаси эса — бирдамлик рамзидир ва бу ҳам муҳим. Иш ташлашга чиқишга қарор қилган одамлар ёлғиз эмасликларини ҳис қилишлари керак», — деганди Тихановская.

  • 25 октябрь куни Тихановская эълон қилган «халқ ультиматуми»нинг муддати тугади. У Лукашенко истеъфо беришини, Беларусда тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик тугатилишини, сиёсий маҳбуслар эса озодликка чиқарилишини талаб қилганди. Ультиматум шартлари бажарилмади.
  • Минскда 25 октябрь куни «Халқ ультиматуми» норозилик акцияси бўлиб ўтди, у гувоҳлар ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги пайтлардаги энг кўп одам иштирок этган намойиш бўлган. Акция қатнашчиларига қарши ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ёруғлик ва шовқин тарқатувчи гранаталар ва резина ўқлар қўллаган.
  • Аввалроқ Светлана Тихановская мамлакатда янгидан президентлик сайловларини ўтказиш юзасидан музокаралар шу йили бошланиши, сайловларнинг ўзи эса йил охиригача ўтказилиши лозимлигини билдирган эди.

Мавзуга оид