Жаҳон | 12:33 / 07.11.2020
36024
2 дақиқада ўқилади

«Биз рақибмиз, душман эмас» – Байден миллатга мурожаат қилди

Фото: Time

АҚШ президентлигига номзод демократлар вакили Жо Байден америкаликларга мурожаат қилди. Унинг мурожаати айнан миллатга бўлди, тарафдорларига эмас. Бу эса Байденнинг сайловда ғалабаси тобора яқинлигидан далолат.

«Ҳозирча ғалабани эълон қилолмаймиз, бироқ рақамлар бизнинг ғалаба шубҳасиз эканини кўрсатмоқда. Биз сайловларни ютамиз. Кечадан буён ҳолат қандай ўзгарганига эътибор беринг: 24 соат олдин Жоржияда ортда бораётгандик, ҳозир эса у ерда ғолиб бўлишга яқинмиз. Пенсилванияда ҳам орқада эдик ва ҳозир олдинга чиқиб олдик. Невада ва Аризонада олдиндамиз, Невадада фарқни икки баравар оширдик. Биз 300 дан ортиқ овоз олишни мўлжаллаяпмиз. Мамлакатда муаммолар кўп ва ҳозир сиёсий жанжал вақти эмас. Биз рақиб бўлишимиз мумкин, лекин душман эмас», деди Байден.

Демократлар вакили ўз нутқида барча америкаликларнинг президенти бўлишини айтди. У Трамп исмини фақат бир марта – ундан ўзиб кетганини айтиш учун тилга олди.

Associated Press маълумотига кўра, Байден 264 та овоз билан президентлик пойгасида етакчилик қилмоқда. Доналд Трампда эса 214 та овоз бор. Ғалаба учун Байденга яна 6 та овоз керак ва Невададаги ғалаба бу учун етарли бўлади. Бироқ Байден Жоржия ва Пенсилванияда ҳам Трампдан ўзиб кетди. Ўз навбатида амалдаги президент Доналд Трамп мағлубиятини тан олмаслигини айтди. Унинг ҳуқуқшунослари аллақачон сайловда овозлар сохталаштирилгани бўйича бир нечта аризаларни судга киритган.

Мавзуга оид