Жамият | 14:38 / 13.11.2020
10127
1 дақиқада ўқилади

Нур-Султонда милтиқ кўтариб юрган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида қурол, портловчи моддалар ва портловчи воситалардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш мақсадида «Қурол-2020» тадбири ўтказилмоқда. 

Нур-Султон шаҳар ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, Жиенқулов кўчасида 38 ёшли Ўзбекистон фуқароси тўхтатилди. Унинг полиэтилен пакетини текшириш пайтида қирқма милтиқ топилди.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, силлиқ стволи қирқилган ўқотар қурол 16 калибрли ов милтиғини қўлбола қирқиб ясалган. Милтиқнинг завод рақами ўчирилган, қурол ўқ отишга яроқли. Бундан ташқари, полиция 20 та патронни мусодара қилди.

Тезкор профилактика тадбири давомида қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва мосламаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ жами 11та жиноят аниқланди. Улар юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 287-моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид