Спорт | 08:48 / 14.11.2020
10599
2 дақиқада ўқилади

Кураш миллий спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди

Президентнинг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, ҳужжатда кураш миллий спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  1. аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ҳамда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш;
  2. курашни оммалаштириш, унинг жаҳон спорти дурдонасига айланишига ва Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш;
  3. кураш билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш;
  4. Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларида босқичма-босқич кураш ҳамда жанговар курашни устувор спорт турлари сифатида киритиш;
  5. кураш бўйича профессионал тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, курашнинг илмий-методологик базасини кучайтириш;
  6. ўзбек кураши брендини яратиш, инвестицияларни жалб этган ҳолда яктак спорт кийимлари ва кураш гиламларини ишлаб чиқариш, курашни тижоратлаштириш чораларини кўриш;
  7. курашни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш.

Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси, уни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда 2020-2025 йилларда курашни оммалаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлар) тасдиқланди. 
 
Концепциянинг асосий мақсади курашни Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари қаторига расман киритиш ва халқаро «GAISF-Global Association of International Sports Federations» ташкилотининг эътирофига сазовор бўлиш, шунингдек 2028 йилгача уни Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритишдан иборат.
 
2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида кураш бўйича «Ўзбек полвони» республика мусобақаси ўтказилади.

Ҳужжат 5.11.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид