Ўзбекистон | 19:23 / 21.11.2020
9208
2 дақиқада ўқилади

Хусусий бандлик агентликлари хизмати ҳақи қатъий белгиланган — Меҳнат вазири ўринбосари

Хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижга ишга жойлаштирилаётган шахслардан бевосита хизмат ҳақи ундирилмайди, аксинча, ХБА хизмат ҳақини хориждаги иш берувчи тўлаб бериши белгиланган.

Сенатнинг тегишли қўмитаси йиғилишида ташқи меҳнат миграцияси масаласи муҳокама этилди. Йиғилишда иштирок этган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов эндиликда хусусий бандлик агентликлари янги тартиб бўйича иш фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.

«Бу борада кўп нохуш ҳолатлар бўлди, кўп фуқаролар алданиб қолди. Шу аснода, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Юзага келаётган муаммоларнинг ечими қонун билан мустаҳкамланди.

Масалан, ХБАларга фуқаролардан хорижда ишга жойлаштиргани учун пул олиш тақиқланди. Улар фақат консултация хизматини кўрсатгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида (тахминан 223 минг сўм – таҳр.) ҳақ олиши мумкин.

Бундан ташқари, хорижга ишга жойлаш бўйича тегишли лицензияни қўлга киритиш учун вазирлик ҳузуридаги ташқи меҳнат миграцияси бўйича тегишли жамғармасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 8,5 минг бараварида захира маблағини шакллантириши белгиланди. Бу аввал 50 минг долларга тенг қийматда бўлганди, ҳозир 185 минг долларгача оширилган.

Шунингдек, ҳар бир фуқаро билан тузилган шартнома вазирликнинг ахборот тизимида ҳисобга қўйилади», — деди Муҳиддинов.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, хорижга ишга жойлаштирилаётган шахслардан бевосита хизмат ҳақи ундирилмайди, аксинча, ХБА хизмат ҳақини хориждаги иш берувчи тўлаб беради. Бу жаҳон тажрибасида рекрутинг компаниялар томонидан кенг қўлланилади.

Маълумот учун, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги, 181-сонли халқаро конвенцияси 7-моддасига асосан, ХБА талабгордан кўрсатган хизмати учун пул олиши тақиқланган. Чунки иш излаб юрган фуқаро молиявий оғир аҳволда қолган фуқаро ҳисобланади.

Мавзуга оид