Жаҳон | 17:46 / 03.12.2020
11280
2 дақиқада ўқилади

Эверестдан пластик бўлаклари топилди

Фото: Getty Images

Бундан олдин кичик пластик бўлаклари Ер шарининг энг паст нуқтаси – Тинч океанидаги Мариана ботиғигача (10 994 метр) етиб борганди. Энди эса улар Ернинг энг юқори нуқтаси – Эверест чўққисидан (8 848 метр) ҳам топилди.

Каттароқ буюмларнинг парчаланишидан пайдо бўлган 5 миллиметрдан кичик пластик қисмлар Эверестдан биринчи марта топилди. Буюк Британиянинг Плимут университети олимлари Эверестнинг турли нуқталаридаги 8 та сув оқимидан 900 миллилитрлик сув ва 11 300 миллилитрлик қор намуналарини тўпладилар. Тўпланган қор намуналарининг барчаси ва сув оқимлари намуналарининг 3 тасидан микропластикалар топилди.

«Эверест чўққисида олиб борилган тадқиқотлар қизиқ ва намуналарни олиш жуда ажойиб бўлганига қарамай, ич-ичимиздан атроф-муҳит тоза бўлишини ва бу ердан ҳеч қандай пластик топилмаслигини хоҳладик», дейди тадқиқотчилардан бири.

Эверест чўққисида топилган микропластикларнинг аксарияти синтетик толалар, кийим ва жиҳозлар тайёрланадиган моддалар бўлиб чиқди. Бундан кўринадики, 20 дақиқа атрофни айланиб юриш, кийимларни ювиш ёки пластик идиш қопқоғини очиш билан атрофга микропластикаларни тарқатишимиз мумкин. 

Тадқиқотчиларнинг фикрича, одамлар ҳали бу майда пластмасса парчалари экотизимлар, организмлар ва ҳатто инсон саломатлиги учун қандай муаммоларни юзага келтиришини тўлиқ билмайди.

Мавзуга оид