Жаҳон | 17:35 / 06.12.2020
11392
2 дақиқада ўқилади

АҚШ грин-картасида Курилда туғилганлар японияликлар деб қабул қилинмоқда 

АҚШ грин-картаси ўйналиши қоидаларида Россия таркибига кирувчи Жанубий Курил оролларида туғилган россияликлар японияликлар деб қабул қилинмоқда. Бунга Hokkaido Shimbun нашри эътибор қаратди.

Фото: ТАСС /Сергей Красноухов

Нашрда таъкидланишича, грин-карта қоидаларида 2018 йилдан бери Жанубий Курилда туғилганларнинг туғилган давлати сифатида Япония  кўрсатилиши ҳақида талаб бор, чунки АҚШ Жанубий Курил оролларини Япониянинг бир қисми деб ҳисоблайди.

Diversity Visa дастурида иштирок этишни истовчиларга йўриқномада Жанубий Курил ороллари - Хабомаи, Шикотан, Кунашир ва Итурупда туғилганлар японияликлар деб қабул қилиниши кўрсатилган. Жанубий Сахалинда туғилганлар эса россияликлар деб ҳисобланади. Бу ҳолатга Россия фуқаролари эътибор қаратиб, шикоят қила бошлашган.

АҚШ грин-картаси 1990 йилдан бери лотерея шаклида ўйналиб келинади. Ҳар йил 55 минг муҳожир АҚШга фарзандлари билан кўчиб ўтиш имконини олади. Лотереяда ҳар йил АҚШга 50 мингдан кўпроқ вакили келадиган давлатлар фуқаролари иштирок эта олмайди. Шу сабабга кўра, россияликлар 2005 йилдан 2010 йилгача ушбу дастурда иштирок эта олмаганлар.  

Япония Жанубий Курил ороллари - Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи устидан Россиянинг суверенитети бўйича баҳслашиб келади. Бу икки давлат ўртасидаги тинчлик келишувини имзолашдаги бош тўсиқ ҳисобланади. Аслида Японияга тегишли бўлган ушбу ороллар Иккинчи жаҳон урушидан кейин Россия назоратига ўтган: 1945 йил август-сентябрда ушбу ороллар Собиқ иттифоқ қўшинлари томонидан эгалланган, 1946 йил 2 февралда расман Собиқ иттифоқ таркибига қўшилган. 2019 йилда Россия ва Япония баҳсли оролларда умумий хўжалик фаолиятини юритишга келишиб олган. 

Мавзуга оид