Жаҳон | 16:22 / 06.12.2020
5695
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи ва Британия учта муҳим масала бўйича келиша олмаяпти 

Европа иттифоқи ва Британия Brexit’дан кейинги муносабатлар ҳақидаги келишувга эришиш учун 3та муҳим масала – ҳуқуқий майдон, бошқарув тизими ва балиқчилик бўйича келиша олмаяпти. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен ва Британия бош вазири Борис Жонсон ўзаро телефон суҳбати натижалари бўйича маълум қилишди. 

Фото: EPA/UPG

“Биз кўплаб масалалар бўйича тараққиётга эришганимизни қутладик. Шу билан бирга, муҳим масалалар: ҳуқуқий майдон, бошқарув тизими ва балиқчилик бўйича зиддиятлар сақланиб қолмоқда. Икки томон бу масалалар ҳал бўлмагунча ҳеч қандай келишув бўлмаслигини таъкидлаб ўтди. Бу зиддиятларнинг жиддийлигини тан олиб, биз музокаралар олиб борувчи жамоаларимиз уларни ҳал қилиш мумкинлигини баҳолаш устида ишлашига келишиб олдик”, деб айтган фон дер Ляен.  

Унинг таъкидлашича, Европа иттифоқи ва Британия ўртасидаги музокаралар 6 декабрда Брюсселда давом эттирилади.  

Икки томон 2020 йил охиригача 2021 йил 1 январда Британия Европа иттифоқидан батамом чиққанидан кейинги ўзаро муносабатлар бўйича келишувга эришмоқчи.   

4 декабрда Европа иттифоқи ва Британия Brexit’дан кейин эркин савдо келишуви масаласи бўйича келиша олмаганди.

Британия Европа иттифоқини 2020 йил 31 январда расман тарк этган. 2020 йил охиригача мамлакат Европа божхона иттифоқида ва умумий бозорида қолади.

Октябр бошида Британия бош вазири Борис Жонсон Брюссел билан эркин савдо бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланса, Лондоннинг Европа иттифоқи билан савдо муносабатларига Жаҳон савдо ташкилоти шартлари бўйича қайтишга тайёрлигини айтган. 

Мавзуга оид