Ўзбекистон | 16:32 / 18.12.2020
7504
2 дақиқада ўқилади

«Талабаларнинг фақат 50 фоизини ётоқхона билан таъминлай оламиз» — вазир

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Tashkent city’даги Congress Hall мажмуасида “Тошкент ёшлар форуми — 2020” доирасида ўтказилган “Ижтимоий соҳа – 2030: таълим ва соғлиқни сақлаш тизими истиқболлари” мавзусидаги тадбирда олий ва ўрта таълим вазири Иномжон Мажидов иштирок этиб, талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масаласи ҳақида гапирди.

“Ётоқхонага эҳтиёжи борларнинг ярмини, яъни 50 фоизини турар жой билан таъминлай оламиз, қолган қисмига имкониятимиз йўқ. Бу, албатта, ОТМнинг моддий-техник базаси, яъни молиявий имкониятларига боғлиқ. Республика олий таълим муассасалари мустақил ривожланиш йўлида, бу мустақиллик ҳам академик, ҳам молиявий йўналишдадир. 

Бугунги кунда ОТМ талабаларининг 25 фоизи бюджетда, 75 фоизи тўлов-шартнома асосида таълим олмоқда, яъни ОТМнинг моддий-техник базасини яратиш ҳам шунга боғлиқ бўлади. ОТМнинг молиявий аҳволини яхшилаш бўйича қатор режалар белгиланган. Яъни, молиявий механизмлар: давлат субсидиялари, хусусийлаштириш ва бошқа механизмларни жалб этиш масалалари турибди. Бунда ётоқхоналарни кўпайтириш масаласи ҳам бор”, — деди Мажидов. 

Унинг қўшимча қилишича, бугунги кунда талабалар учун лаборатория базаси масаласи ҳам турибди. Барча ОТМда ҳам лабораториялар йўқ, борлари эса қониқарли даражада эмас. Барча масалани ҳал қилиш учун маълум муддат кераклиги билдирилди.

Мавзуга оид