Спорт | 15:55 / 02.01.2021
11120
2 дақиқада ўқилади

Илҳом Мўминжонов бугундан «Нефтчи»да иш бошлайди

Бугун Фарғонанинг «Нефтчи» клубига янги бош мураббий тайинланади. «Турон»га қарши ўтган Про-лиганинг ҳал қилувчи ўйинидаги жанжалдан сўнг Абдусамад Дўрмонов истеъфога чиқарилганди.

Kun.uz мухбирининг аниқлашича, «Нефтчи»нинг янги бош мураббийи ўз вақтида футболчиларни ўйинни сотишга ундашда расман айбланган Илҳом Мўминжонов бўлади. Олдинроқ Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Илҳом Мўминжонов билан келишувга эришгани ҳақида хабар берилганди.

Мураббий олдига 2021 йилда мамлакатнинг иккинчи дивизиони бўлган Про-лигада қатнашувчи «Нефтчи»ни барқарор жамоага айлантириш вазифаси қўйилган. Мўминжоновнинг ЎФА томонидан белгиланган дисквалификацияси муддати 1 январ куни якунланган ва бугун, 2 январ куни мураббий Фарғона клубини расман қабул қилиб олади. Бугун ўтказилажак таништирув маросимида Хайрулла Бозоров ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Мўминжонов Суперлиганинг бир қатор футболчилари билан музокара ўтказган. «Нефтчи» жамоаси аксарият футболчилар билан хайрлашади ва уларнинг ўрнига янги ўйинчилар чақирилади. Қайд этиш жоиз, Хайрулла Бозоров Наманган вилояти ҳокими сифатидаги фаолияти давомида ҳам 2017 йилда Илҳом Мўминжоновни «Навбаҳор» клуби бош мураббийи сифатида тайинлаган ва наманганликлар ўша мавсумда 5-ўринни эгаллаганди.

«Нефтчи» Суперлигага ўтиш ўйинида «Андижон»га мағлуб бўлиб (1:3), регламентга биноан 2021 йилда ҳам Про-лигада ўйнайди.

Илҳом Мўминжонов 2019 йил 1 апрел куни ЎФА ахлоқ қўмитаси томонидан 5 йилга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилган ва 50 миллион сўм жаримага тортилганди. Мўминжонов 2017 йил «Навбаҳор»даги фаолиятида ҳомийлар томонидан берилган маблағларни ўзи билганича тақсимлайверган», дейилганди хусусан ЎФА баёнотида.

Мавзуга оид