«Барселона» президентлигига қайтиши мумкин бўлган Лапорта Месси ва Куманнинг келажаги ҳақида гапирди
«Барселона» айтиш мумкинки, сўнгги йигирма йилдаги энг ёмон даврини ўтказмоқда. Жамоа ўтган мавсумда бирорта ҳам соврин юта олмади, ҳозирда пешқадамдан 10 очко орқада бормоқда, сўнгги ўн йилликдаги етакчи Лео Месси клубни тарк этиши мумкин, бунинг устига, пандемия билан боғлиқ инқироз жуда оғриқли кечяпти. Мана шундай муваффақиятсизликлар фонида клуб бошқаруви учун навбатдаги сайловларга яқин қолди. Номзодлар орасида бир пайтлар клуб президенти сифатида «Барселона»ни мана шундай инқироздан олиб чиққан, аввал Райкаард, кейин Пеп Гвардиолани мураббий сифатида тайинлаб, тарихдаги энг тўғри қарорлардан бирини қабул қилган Хуан Лапорта ҳам бор.
Marca нашрига интервью берган Хуан Лапорта жамоадаги бугунги ҳолат, Куманнинг имкониятлари, Мессини олиб қолиш ва албатта «Реал» ҳақида гапирди.
«Барселона»га бўлган муҳаббат - қайтишнинг асосий сабаби
«Чунки «Барселона»ни яхши кўраман. Менга чақириқлар ёқади, ҳозирги паллада «Барселона»дек клубни бошқариш мен учун катта чақириқ деб биламан. Албатта, аввалги президентлик давримда турли хатоларим бўлган, аммо шу билан бирга ғалабалар ҳам. Фақат яхши кунларни ёдга олишни яхши кўраман».
Бартомеу ҳақида
«Мен 2015 йилдаёқ, ўзининг лойиҳасига эга бўлмай туриб, бошқарувга келган одамларга ишонмаслигимни айтгандим. Биз Бартомеу жамоасига жуда яхши тизим ва жамоа қолдириб кетгандик, аммо улар керакли даражада ишлай олмадилар».
«Реал» ва Чемпионлар Лигаси
«Биз таркибимизда дунёнинг энг яхши ўйинчисига эга бўла туриб, бир неча бор Чемпионлар Лигаси кубогини қўлдан чиқардик. Умид қиламанки, биз ҳали Месси билан бор имкониятдан фойдаланишга улгурамиз. Шуни ҳам эътиборга олинглар, менинг давримда «Реал» бирор марта ҳам Чемпионлар Лигасини юта олмаган».
Куманда ҳали имконият бор
«Навбатдаги дурангдан сўнг, Роналд Куман чемпионлик пойгаси бой берилганини айтди. Лекин мен унинг фикрига қўшилмаган бўлардим. Райкаарднинг «Камп Ноу»даги илк мавсумини эслайман. Биринчи даврада «Реал», «Валенсия», «Депортиво»дан ҳам мағлубиятга учрагандик. Жадвалнинг иккинчи ярмига тушиб кетдик. Аммо иккинчи даврада ҳаммаси ўзгарди, қаторасига 18 ўйинда мағлубиятга учрамадик, ҳатто чемпион бўлишимизга бир бахя қолганди. Айтмоқчиманки, футболда сценарий жуда қисқа вақт ичида ўзгариб кетиши мумкин».
Мессининг интервьюси ҳақида
«Менга Мессининг La Sexta нашрига берган интервьюси ёқди. У ҳали якуний қарорга келмаганини айтди. Демак, бизда Месси билан гаплашиб, уни «Камп Ноу»да олиб қолишга уриниб кўриш имкони бор. У биз, агар бирор ваъда берсак, сўзимизда туришимизни ҳам жуда яхши билади».
VAR «Реал» учун ишлайди
«Марсдан кимдир тушса ҳам, у жуда тез вақт ичида VAR Испанияда Мадрид фойдасига ишлашини осонгина тушуниб олади. Бу ерда ҳеч мураккаб нарса йўқ, шунчаки, ўйинларни томоша қилиб, қандай вазиятларда ҳакамлар видеотакрорларга мурожаат қилаётгани-ю, қандай вазиятларда умуман эътиборсиз қолдираётганларини солиштириш етарли».
«Барселона» олдингидек кучли эмас
«Тўғри, сўнгги йилларда клуб Европа футболида ўз эътиборини йўқотиб қўйди. Бу ФИФА, УЕФА, RFEF ёки Ла Лигадаги ҳолатларда ҳам яққол сезиларди. Биз футбол келажагига тааллуқли бўлган ҳар қандай қарорларда ўз позициямиз билан таъсир кўрсатишимиз лозим. Мен ўз вақтида RFEF’нинг ҳар бир йиғилишларида иштирок этардим ва бу жуда аҳамиятли эди».
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
11:17 / 12.12.2024
«Сити» яна ютқазди, «Барса»да муҳим ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
12:04 / 08.12.2024