Ўзбекистон | 17:16 / 22.01.2021
12900
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура Янги-Ангрен ИЭСдаги портлаш юзасидан жиноят иши очди

Жорий йилнинг 20 январ куни Тошкент вилоятида жойлашган Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида портлаш содир бўлган эди.

Ёнғин оқибатида 3 нафар ишчи воқеа жойида вафот этди, яна 3 нафари турли даражадаги куйиш тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилди.

Бош прокуратуранинг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

“Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда,” – дейилади прокуратура хабарида.

Шунингдек, кеча Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам воқеа жойида вазият оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бораётгани ва портлашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошланганини маълум қилган.

Маълум қилинишича, ҳодиса натижасида Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг инфратузилмаси ва технологик ускуналарига шикаст етмаган.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги Янги-Ангрен ИЭСда юз берган портлаш оқибатида вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.

Мавзуга оид