Жамият | 19:07 / 25.01.2021
103037
9 дақиқада ўқилади

Каттақўрғондаги ўқувчи қиз йўқолганми, «йўқотилганми»?..

Вояга етмаган қиз бир эмас икки шахс томонидан жинсий тажовузга учраган, терговга жалб қилинган гумондорларнинг бири ўз жонига қасд қилиб вафот этган. Айни вақтда жабрланувчи бедарак йўқолган. Каттақўрғондаги бу масала жиддий тус олмоқда.

Каттақўрғон шаҳрида 16 ёшли мактаб ўқувчиси П.Э.га нисбатан жинсий тажовуз қилингани ҳақида таҳририятга мурожаат келиб тушди. Олинган маълумотлар эса вояга етмаган қизга нисбатан ноинсоний тарзда тажовуз қилинганини кўрсатмоқда. Айни вақтдаги яна бир аянчли ҳақиқат шуки, қиз 10 январдан бери йўқ. Топилмаяпти...

Ўз бошига тушган бундай мудҳиш воқеалардан сўнг П.Э. сўнгги кунларда қаттиқ изтиробда бўлганини яқинлари таъкидлашмоқда. Бундай руҳий ҳолатда бўлган қизнинг йўқолиб қолгани яна ҳам хавотирга сабаб бўлмоқда. У ҳеч кимга айтмасдан қаергадир кетиб қолганми? Кимдир ўғирлаганми? Ўзи ёки кимлардир унинг жонига қасд қилганми? Ҳозирча на бизда, на ҳуқуқ-тартибот идораларида унинг айни тақдири ҳақида тайинли жавоб йўқ.

Экспертиза хулосалари 2020 йилнинг 28 декабрида қизнинг номуси топталганини кўрсатмоқда. Яқинларининг айтишича, шундоқ ҳам руҳий изтиробда бўлган ўсмир яна бир неча кун ўтиб иккинчи марта жинсий зўравонликка учраган.

Қиз шундан сўнг уйидагиларга, ички ишлар органлари вакилларига воқеани батафсил сўзлаб берган. Шулар асосида мазкур воқеага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Айни вақтда Самарқанд вилоят ИИБ тергов бошқармаси вакиллари жиноятга қўл урганлар шубҳасиз қонун олдида жавоб беришини маълум қилмоқда. Қизнинг яқинлари эса орган ходимларига эътирози борлигини билдиряпти. Kun.uz ҳолат бўйича қизнинг яқинлари фикри, ИИБ ва прокуратура органларининг изоҳини олди.

Қизнинг онаси ҳамда бошқа қариндошларининг маълум қилишича, 2020 йил 28 декабр куни П. фан тўгарагидан қайтишда И.С. бошқарувидаги «Матиз» машинасига ўтирган. И.С. қизни Каттақўрғон шаҳар Чинобод маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккан.

П.Э. абгор, асабий ва тушкун ҳолатда уйга қайтган. Аммо уйдагилари томонидан қанча сўроқ қилинмасин, саволларга жавоб бермаган. Шу тарзда бир неча кун ўтиб, 2021 йил 1 январ куни у йўқолиб қолган. Оиланинг барча қариндошлари қидиришга тушган. Қизнинг қўл телефонидаги маълумотлар олиниб текширилганда, ўша куни у бир рақам эгаси билан тўрт марта гаплашгани маълум бўлган. Қариндошлар 2 январ куни ўша рақам эгаси И.С. исмли шахс эканини аниқлашган. Шундан сўнг И.С. билан учрашганда у қизни топиб беришга бир соат вақт сўраган. Бир соат ичида қиз унга қўнғироқ қилишини ишонч билан айтган. Ҳақиқатан ҳам бир соат ўтиб қиз топилган.

Шундан сўнг қиз бўлган воқеани қариндошларига сўзлаб берган...

Мудҳиш воқеа рўй берган кун

Маълум бўлишича, 28 декабр куни қиз мактабдан чиқиб, такси керак бўлгани учун айнан юқоридаги «Матиз» эгасига қўнғироқ қилган. У аввал ҳам шу такси хизматидан фойдаланган. Ўша куни эса машина ҳайдовчиси қизни айтилган жойга олиб бормасдан, бошқа йўналишга бурган. Қизга эса «заправка»га кириб ўтишини айтган. Ва ўша куни мактаб ўқувчисини Чинобод маҳалласига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккан.

Бундан стрессга тушиб қолган қиз дастлаб воқеа ҳақида яқинларига айтмаган. 1 январ куни бироз ўзига келгач, такси ҳайдовчиси билан телефонда гаплашган. У ўзининг номуси бузилгани, ҳолатга аниқлик киритиш учун қўлида ўша кунги кийимлар борлигини айтган. Шундан сўнг И.С. қиз билан гаплашиб олишлари кераклиги, ҳозир машина юборишини билдирган.

Ҳақиқатан ҳам бироз вақт ўтиб, бошқа бир шахс — С.Р. ўзининг «ВАЗ 2406» машинасида қизни олиб кетишга келган. Аммо у қизни бутунлай бошқа жойга – Каттақўрғон тумани ҳудудидаги сув омборига олиб борган ва қизни ўлдириш билан таҳдид қилиб, номусига теккан. С.Р.нинг машинасига қизнинг ўтираётгани кўчадаги видеокамералардан бирига тушиб қолган.

Шу орада қизнинг уйга келмаётганидан хавотирланган яқинлари уни излай бошлашади. Қизни айнан 28 декабр куни унинг номусига теккани айтилаётган И.С. топиб беради.

Қизнинг яқинлари 2 январ куни ҳолатдан хабар топгач, зудлик билан ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилишади. Уларнинг айтиши бўйича дастлаб Каттақўрғон шаҳар ИИБ бўлимига боришади. Аммо охирги номусга тегиш ҳолати Каттақўрғон туманида содир бўлгани сабабли туманга мурожаат қилиши лозимлиги айтилади. Шундан сўнг Каттақўрғон туман ИИБга мурожаат қилинган. Бу қизнинг яқинлари таҳририятга маълум қилган ҳолат.

Вилоят прокуратурасида ҳолат юзасидан ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши юзасидан ҳудудий тегишлилиги бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси Kun.uz’га тақдим этган маълумотга кўра, Каттақўрғон туман ИИБ ТБ терговга қадар текширув бошлаган, воқеа жойи кўздан кечирилган. Ишга алоқадор шахсларнинг кўрсатувлари олиниб, вояга етмаган П.Э.нинг танасида тан жароҳатларига аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Ҳолат бўйича жиноий иш 15 январда қўзғатилган. Вилоят ИИБ вакиллари бунга экспертиза хулосаси шу куни чиққани ва хулосага кўра номусга тегиш жиноятининг аломатлари аниқлангани учун ҳам шу санадан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Мазкур жиноят иши билан айни вақтда Каттақўрғон шаҳар ИИО ФМБ шуғулланмоқда.

Яна бир ҳолат шуки, иккинчи марта қизнинг номусига теккан шахс бу орада ўзини осиб ўлдиргани ҳақида гап тарқалди. Жумладан, қизнинг яқинлари ҳам С.Р.нинг ўз жонига қасд қилганини айтмоқда. Вилоят прокуратураси П.Э.нинг аризасида кўрсатилган фуқаро С.Р. 2021 йил 13 январ куни Каттақўрғон туман Саройқўрғон маҳалласида жойлашган ўз уйида вафот этганини, туман прокуратураси ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ўтказаётганини маълум қилди.

Қизнинг қариндошлари «Матиз» машинаси эгаси И.С.нинг ҳамон озодликда экани, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланмаганидан норози.

Вилоят ИИБ эса аризада кўрсатилган шахснинг қамоққа олиниши учун ҳозирча асос йўқлигини билдирмоқда. Яъни, ИИБга кўра, ҳозирда жиноят иши бўйича судга оид одам ДНКси, биологик ва бошқа турдаги экспертизалар тайинланган. Жиноят иши бўйича тўпланган ашёвий далиллар, гувоҳ ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосаларида келтирилган тўхтамлардан келиб чиқиб ҳамда жиноят-процессуал кодексида кўрсатилган бошқа асослар (яъни, гумон қилинувчининг тергов ёки суддан яшириниши, далилларни йўқ қилиши, гувоҳларни кўндириши ҳамда бошқа жиноятларига чек қўйиш ва ҳ.к. ҳолатлар)да фуқаро И.С.ни қамоққа олиш ёки олмаслик масаласига ҳуқуқий баҳо берилади, дейилади бошқарма изоҳида.

Қизнинг яқинлари норози бўлган яна бир ҳолат бор. Эҳтимол, бу жиноятни очишда жуда муҳим деталлардан бири бўлиши ҳам мумкин. 28 декабр — қизнинг номусига тажовуз қилинган кундаги барча кийимлар ювилмасдан сақлаб қолинган. Ундаги барча доғлар ҳам ўз ҳолича турибди. Агар экспертиза тайинланса, улар ёрдамида ўша жиноятчининг кимлигини ҳам аниқлаш мумкинлигига умид қилинмоқда.

Вилоят ИИБ бу ҳолатга ҳам изоҳ бериб, жабрланувчи Э.П.га тегишли бўлган кийимлар тергов органи томонидан тегишли тартибда кўздан кечирилиб, унда қонга ўхшаш доғларга аниқлик киритиш мақсадида судга оид биологик экспертиза тайинланган. Афсуски, изоҳда кийимлар экспертизага айнан қайси санада юборилгани очиқланмаган.

Вояга етмаган қизнинг бир эмас икки шахс томонидан номуси топталиши, терговга жалб қилинган гумондорнинг уйида вафот этгани ва айни вақтда жабрланувчининг дом-дараксиз йўқолиб қолиши масаланинг нақадар жиддий эканини кўрсатмоқда.

Kun.uz воқеалар қай тарзда ривож олишини кузатишда давом этади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбирлари.
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи.

Мавзуга оид