Иқтисодиёт | 18:44 / 28.01.2021
7790
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк 2023 йилда инфляцияни 5 фоизга туширишга қатъий ишонмоқда

Марказий банк раҳбарининг ўринбосари Беҳзод Ҳамроев 2023 йилда инфляция кўрсаткичи 5 фоизга эришилишига ишонади. Молия вазирлигининг прогнози эса 7-8 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон Марказий банки 2023 йилда инфляция кўрсаткичини 5 фоиз даражасига тушириш мақсадидан оғишмай ҳаракатланади. Бу ҳақда Марказий банк раисининг ўринбосари Беҳзод Ҳамроев 21 январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ривожланишнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози бўйича 2021 йилда инфляция даражаси 9-10 фоиз, 2022 йилда 10-11 фоиз, 2023 йилда эса 7-8 фоиз бўлиши кутилмоқда. Бу Марказий банк томонидан 2022 йилда инфляцияни 8 фоизгача ва 2023 йилда 5 фоизгача туширишни режалаштирган прогнозларга зид келади.

«Давлат бюджети макро кўрсаткичларида Марказий банкнинг таргет йўналишидан фарқли тарафлари бор. Ҳар битта вазирлик, идора ўзининг мустақил прогнозларини белгилаши мумкин. Ўйлайманки, 5 фоизлик таргетга 2023 йилда албатта эришамиз. Бунинг тўлиқ имкониятлари бор.

5 фоиз қайсидир маънода Марказий банк хоҳлаганлиги учун эмас, бунинг аниқ ҳисоб-китоблари инобатга олинмоқда.

Биз учун асосий инфляциядан ташқари Марказий банк учун базавий инфляция муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Бу тартибга солинадиган ёки мавсумий товарлар нархининг ўзгариши чиқарилиб алоҳида монетар омиллар – талаб ва таклиф омиллари ҳисобига вужудга келадиган инфляция.

Биз асосан прогнозларимизни ишлаб чиқишда биринчи бўлиб базавий инфляция траекториясини прогноз қилиб оламиз. Кейин унинг устига тартибга солинадиган рақамлар ўзгариши бўйича рақамлар қўшилади.

2021 йилда тартибга солинадиган товарлар нархлари ўзгармайдиган бўлса, барибир эркинлаштириш 2022 йилга тўғри келади. Катта қисми 2022 йилда, маълум бир қисми 2023 йилда бўлиши мумкин.

2021 йил ва 2022 йил бошлари маълум маънода базавий инфляцияни пасайтириб олишга имкон беради.

Шунинг учун 2022 йилда ҳам прогнозларимиз 10 фоиздан паст, лекин 8 фоиз атрофида инфляцияни белгилаб олганмиз. Бунинг ичида тартибга солинадиган нархларнинг ўсиш таъсири бор. 2023 йилга келиб эса албатта 5 фоизга туширилади», – деди Марказий банк расмийси.

Беҳзод Ҳамроев инфляция прогнози траекториясида Марказий банк ва Молия вазирлиги прогнозлари ўртасида (улар 2021 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ишлаб чиққан) фарқлар мавжудлигини тан олди, чунки «ҳар бир орган ўз мустақил прогнозига эга бўлиши мумкин».

Ўтган йили ноябр ойида ҳукумат 2021 йилда газ ва электр энергияси тарифларини ўзгаришсиз ушлаб туриш нияти борлиги маълум бўлди. Марказ банк раҳбариятининг фикрича, бу инфляцияни 10 фоиздан пастга туширишнинг муҳим омилларидан биридир.

Aгар энергия нархларини либераллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг аксарияти 2022 йилда, қолганлари 2023 йилда қабул қилинган бўлса, унда бу «асосий инфляция даражасини шу вақтгача пасайтиришга вақт ва имконият беради».

Маълумот учун, Давлат статистика қўмитаси 2020 йил давомида инфляция даражаси 11,1 фоизни ташкил этганини эълон қилганди. 

Президентнинг парламентга мурожаатномасида Марказий банкка 2021 йилда инфляция кўрсаткичини 10 фоиз даражасига тушириш вазифаси белгиланганди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк иқтисодиётда инфляцияни оширувчи асосий хатарлар озиқ-овқатлар бозоридаги қисқа муддатли тенденциялар билан ҳам боғлиқлигини қайд этган эди.

Мавзуга оид