Спорт | 07:57 / 02.02.2021
17538
5 дақиқада ўқилади

#FootWeek ҳамон Дубайда: Достон Ҳамдамов нега МЛСга эмас, БААга йўл олди?

Kun.uz Дубайдан репортажлар эълон қилишда давом этади. Бу гал ҳам #FootWeek кўрсатувини амирликларнинг машҳур шаҳрида суратга олдик. Ўтган гал «Пахтакор»нинг «Зенит»га қарши ўртоқлик ўйинидан репортаж тайёрлаган, Роман Гуцайт, Константин Генич ва Нобел Арустамян каби «Матч ТВ»нинг машҳур шарҳловчилари билан кичик интервьюлар уюштиргандик. Шунингдек, кўрсатув давомида Дубайда бўлиб турган миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам баъзи мавзуларда фикрини билдирганди.

Бу гал кўрсатувда асосий урғу Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиси Достон Ҳамдамов билан интервьюга берилди. Маълумот учун, Достон суратга олиш жараёнида ҳали «Ан Наср»да тўп тепаётган ва «Ҳатта» клубига ижарага берилмаганди.

Ҳамдамовнинг айтишича, унда Хитой, Жанубий Корея ва АҚШ чемпионатларида ўйнаш имконияти бўлган. Шунингдек, «Пахтакор» ҳам янги шартнома таклиф қилган, лекин Достон чет элда ўйнаш хоҳиши кучлилик қилиб, Дубайга йўл олган. Корея, Хитой ва АҚШда айни дамда коронавирус сабаб яхши ҳолат ҳукм сурмаяпти. Достоннинг айтишича, айнан шу учун – Дубайда ҳаёт тарзи эркин бўлгани сабаб «Ан Наср»га ўтишни истаган. «Пулни биринчи ўринга қўймадим», дейди Ҳамдамов.

Достон Ҳамдамов «Ан Наср» клуби сафида

«Абрамов нимага интилаётганимизни тушунтириб бера олади...»

Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий креатив вакилларидан бири бўлган Достондан миллий жамоа ва ЖЧ-2022 саралаш ўйинлари ҳақида сўрамасак, бўлмасди. Ҳамдамов охирги ўйинлардаги хурсанд қилиши қийин бўлган натижаларга қарамай, Ўзбекистон ЖЧ-2022 йўлланмасини қўлга киритишига ишонмоқда. Ундан бу ишни Вадим Абрамов билан бирга амалга ошириш мумкинми, деб сўрадик. Достон Абрамов бу борада етарлича кучли мураббий эканини шундай тушунтирди: «Вадим Абрамов биз қандай мақсад томон интилаётганимизни, бу учун нима керак эканини жуда яхши тушунтириб бера олади», деди миллий жамоа футболчиси.

Достон Ҳамдамов «Ҳатта» клуби сафида

«Пахтакор»нинг мақсадлари ўзгардими?

Достон Ҳамдамов «Пахтакор» Шота Арвеладзе, унинг ортидан Машарипов, Сергеев каби футболчилар кетганига қарамай, олдига қўйилган вазифаларни ўзгартирмаслигини айтди. Ҳамдамовнинг фикрича, «Пахтакор» ҳамон ўзи қатнашаётган барча мусобақаларда ғолиблик учун курашадиган ҳолатда. Футболчи клубда молиявий муаммолар ҳам йўқлигини айтди.

Шунингдек, Ҳамдамов Шота Арвеладзедан кейин «Пахтакор»ни қабул қилиб олган унинг ёрдамчиси Питер Хюистра ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Ҳамдамов унинг футболчилар билан яхши чиқишиб кетишини, ўйин услуби эса худди Шота Арвеладзеникидай эканини айтди.

Дарвоқе, «Пахтакор»нинг янги бош мураббийи Питер Хюистра кўрсатувни суратга олиш жараёнида бизга кичик интервью беришга рози бўлди. Унинг айтишича, Дубайда машғулот ўтказиш ва мавсум олдидан керакли юкламаларни олиш учун етарли шароит бор. Мураббий машғулотлардан завқланаётганини айтди. Эсингизда бўлса, Хюистра «Зенит»га қарши ўйиндан кейин ҳам футболчилари яхшигина юклама олганига урғу берганди. Демак, бу мураббий мавсумга тайёрланишда футболчилар жисмоний жиҳатдан яхши формада бўлишига алоҳида урғу беради. Шу сабаб Арвеладзе кетгач хафа бўлган «Пахтакор» мухлислари янги мураббий борасида унчалик хавотир олишмаса ҳам бўлади чоғи.

Тедесконинг эксклюзив медиа ҳуқуқи

«Спартак» ва «Пахтакор» ўртасидаги ўйиндан аввал москваликлар бош мураббийи Доминико Тедеско билан ҳам суҳбатлашишга уриндик, лекин германиялик мураббий интервью бера олмаслигини, унинг эксклюзив медиа ҳуқуқи «Спартак» клубига тегишли эканини айтди. Шундай қилиб мавсум якунида «Спартак»дан кетиши кутилаётган германиялик мураббий билан суҳбат уюштира олмадик.

Ана шунақа гаплар... Кўрсатувни тўлиқ Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг. #FootWeek сиз учун Дубайдан репортажлар тайёрлашда давом этади.

Бобур Акмалов, Муҳаммаджон Ғаниев, Нуриддин Нурсаидов,
Kun.uz учун махсус, Дубайдан.

Мавзуга оид