Жамият | 17:43 / 07.02.2021
19285
4 дақиқада ўқилади

ССВ тиббиёт техникумларининг коллежлардан фарқи бўйича изоҳ берди

Президентнинг 2020 йил 7 апрелдаги «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан мамлакатдаги тиббиёт коллежларида ўқитиш тизими бутунлай ислоҳ этилди ҳамда уларнинг 47таси Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига айлантирилди. Айни пайтда ушбу муассасаларда ўқиш жараёнлари давом этмоқда. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тиббиёт коллежлари ва техникумлар орасидаги фарқ нимада? Ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашда қандай хориж тажрибаси, янгича усуллар қўлланмоқда? ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим  бошқармаси масъул ходими Лутфи Юсупова жавоб берди.

— Ҳар йили тиббиёт коллежларини минглаб ёшларимиз тамомлайди. Масалан, ўтган 2019–2020 ўқув йилида 31 минг нафар ёшлар тиббиёт коллежларини тугатди. Аммо шуни алоҳида қайд этиш керакки, 11 йиллик таълим тизимига ўтилишидан олдин коллежларда ўқиш мажбурий кўринишда эди. Қабул имтиҳонлари осонроқ ва талабга жавоб бермайдиган ўқувчиларнинг ўқишдан четлатилиши кам кузатиларди. 

Бу эса ҳамширалар орасида етарли билим-кўникмага эга бўлмаган кадрлар пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлди. Кўпчилик битирувчилар ўз мутахассислиги бўйича ишламади. Шу боис ҳам, эндиликда тиббиёт таълим тизими тўлиқ ислоҳ этилмоқда.  

—  Тиббиёт коллежлари фаолияти қай тарзда такомиллаштирилди?

— Ўқитиш даври икки йил бўлган 11-синфни тамомлаган ёшларни қабул қилувчи тиббиёт коллежларида «Фельдшер лаборантлик иши», «Фельдшер иши» ҳамда «Тиббий-ижтимоий иш» каби янги йўналишлар очилди. Хусусан, охирги йўналиш битирувчилари патронаж ҳамширалар ҳисобланиб, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади, ногирон ва уйда ётиб даволанаётганлар ҳолидан хабар олади.

Эндиликда, тиббиёт коллежини тугатган ҳамширалар шунчаки шифокорларнинг кўрсатмасини бажарувчи эмас, балки одамларга тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликка эришиш ва бошқа масалаларда зарур тавсияларни бера оладиган мутахассислар бўлишади. 

Шу боис ҳам, улар амалиёт дарсларини қишлоқ ва шаҳар оилавий шифокорлик пунктларида ўташи белгиланди. Шунингдек, тиббиёт коллежларида ҳам талабаларнинг контракт ва бюджет шаклда ўқитилиши муассасага нисбатан аҳолининг жиддий муносабатини шакллантириш билан бирга коллежларда замонавий, инновацион усулларда дарс ўтилиши учун керакли моддий-техник база яратилишига асос бўлди.

— Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг тиббиёт коллежларидан фарқи нимада?

— Тиббиёт техникумларида ўқиш уч йил давом этиб, 11-синфни тамомлаган ёшлар қабул қилинади. Ушбу муассасаларни тугатган ҳамширалар тиббиёт коллежини тамомлаган талабалардан ҳам малакалироқ ва билимлироқ мутахассис бўлиб шаклланади. 

Тиббиёт техникумларидаги ўқув жараёнларига тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари масофавий таълим бериш учун жалб қилинаётгани ҳам сўзимизни исботлайди. 

Бундан ташқари, тиббиёт техникумларининг ўқув режалари шу йўналишдаги олий таълим муассасаларининг ўқув режалари  билан интеграция қилинган. Шу боис, техникумнинг намунали битирувчилари ўз йўналишлари бўйича тиббиёт олий таълим муассасаларининг 2-курсидан тест синовисиз суҳбат асосида турдош олий таълим муассасасига қабул қилиниб, ўқишни давом эттириш ҳуқуқига ҳам эга.

Бир сўз билан айтганда, тизим ўрта тиббиёт ходимларининг янада малакали кадр бўлишларига хизмат қилади. Бу ўз навбатида, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилишига замин яратиши шубҳасиз.

Мавзуга оид