Ўзбекистон | 15:26 / 12.02.2021
3031
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда 4 млн истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилгани маълум қилинди

Фото: Shutterstock

Амалдаги маъмурий жазо чоралари истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан сифатли хизматлар кўрсатишни тўлиқ таъминлай олмаётганлиги сабабли “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида ҳукумат томонидан Қонунчилик палатасига киритилган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурод Ҳайитметовнинг берган маълумотларига кўра, товар ҳамда савдо қилиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар кўп ҳолларда бошқа тилларда акс эттирилиши кузатилмоқда. Бу ҳолат истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилиб келмоқда. Хусусан, Франция, Россия, Украина, Қозоғистон, Исроил каби давлатлар қонунчилигида товарлар (хизматлар)  тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида берилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

 “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришга кўра, эндиликда истеъмолчига товар (иш, хизмат), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши (келишувга кўра – бошқа тилларда ҳам) белгиланмоқда. Сотувчиларга бир турдаги товарлар учун ҳақ тўлаш шаклига қараб (нақд ва нақд пулсиз) ҳар хил нарх (тариф) белгилаш тақиқланмоқда.

Лойиҳада юридик шахс бўлган ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг бир қатор ҳуқуқбузарликлари учун молиявий санкциялар белгилаш ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, истеъмолчини қўшимча хизматдан фойдаланишга қистаганлик, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда олиб кириш ва реализация қилиш ҳолатларида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан суд орқали молиявий молиявий санкция қўлланилади. 

Шунингдек, қонун лойиҳасида товарларни масофадан туриб, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилиш ҳолатларида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизимлари жорий этилмоқда. Яъни сотувчи шартнома тузилгунга қадар истеъмолчига товар ёки уни етказиб бериш тартиби ва бошқа шартлар тўғрисида олдиндан маълумотларни тақдим этади. Белгиланган муддатларда тўланган сумма қайтарилмаган тақдирда эса ҳар бир кун учун товар нархининг 1 фоизи миқдорида пеня тўлайди.

Йиғилишда 2020 йилда назорат харидлари натижаларига кўра фуқароларга 10 та тур бўйича 79 та номдаги сифатсиз маҳсулотлар сотилганлиги ҳамда 4 млн истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлигини ҳам таъкидланди.

Мавзуга оид